Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Қиз болалар таълими хусусида гапирадиган бўлсак, қизларни албатта ўқитиш шарт. Чунки ўғил болалар каби улар ҳам Аллоҳнинг бандаси, жамиятдаги бир шахс. Улар жамиятнинг ажралмас қисми, шунинг учун ҳам таълим олишга ҳақли. Шариатда аёлларнинг ҳам олдиларига қўйиладиган бурч ва масъулиятлари бор. Бунинг учун улар жавобгар ҳисобланишади.
Ҳар бир инсоннинг ўрганишга, атрофдагилар билан мулоқотдаги илмларга эҳтиёжи бор. Шариат – илм дини ҳисобланади. Шунинг учун ҳам илк нозил бўлган ояти карима «иқро» сўзидан бошланади, яъни «ўқи» дейилган.
Эркаклар мукаллаф бўлгани каби аёл-қизларимиз ҳам мукаллаф. Уларга ҳам таклифотлар, мажбуриятлар, фарз амаллар юклатилган. Аёл киши таълим олмаса, буларни адо этиши, қиёматда жавобгарлиги учун масъулиятни ҳис қилиши қийин. Муқаддас китобимизда «Эй имон келтирганлар! Ўзингизни ҳам, аҳлингизни ҳам дўзах оловидан қутқаринг, сақланг», дейилган. Дўзах оловидан эса фақат илм билан қутқарилиш мумкин. Аҳлингиз дейилганда эса ён-aтрофдаги уларга тегишли бўлган аёллар (она, рафиқа, қизи, опа-сингиллар) назарда тутилган. Бу калиманинг маъносини чуқур англаб ўтган солиҳларимиз, ҳозирги олимларимиз ўзларига тегишли хотин-қизларини ҳеч қачон илмсиз қолдирмайдилар. Улар учун ҳаётда нимаики ўрганишлари керак бўлса, ўшани ўрганишлари учун шароит яратиб берганлар. Улар учун охиратда сўраладиган масъулиятларининг ҳам таълимини бериб борадилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадисларига назар соладиган бўлсак, ўша даврда қул тутиш одати бор эди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ҳозирда бундай амаллар қолмади. Улар айтдиларки: «Ким бир жориясини (чўрисини) яхши одоб бериб, таълим берса ва уни озод қилса ёхуд уйланиш истаги пайдо бўлиб оила қурса унга икки ажр бордир». Демак, чўри хотин-қизни оилали, бахтли-саодатли қилиб, таъминлаш баробарида уни илмли қилиш эвазига катта мукофот ваъда қилинган.
Бир жориянинг таълимига эътибор берган ислом шариати озод аёлларга таълим олиш ҳуқуқини ундан-да зиёда этиб қўйган. Таъкидлаш керакки, бирор оят ёки бирор ҳадисда қизларга илм шарт эмас, улар фақат уйда ўтириб ўз вазифасини бажарсин, дейилмаган. Аёл киши фақат эрига қараши, болаларини боқиш билан кифояланиши керак, дейилмаган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча аҳли аёллари илмли бўлишган. Улар Қуръон ёдлаган, фатво беришда, фиқҳий масалаларда ўз замонасининг пешволаридан бўлишган. Катта-катта саҳобийлар келиб улардан маслаҳат сўрашган. Агар бу ножоиз бўлганида, ундан кўра хайрлироқ амаллар бўлганда эди, аввaло пайғамбаримиз ўшани амалга оширган бўлардилар.
Хотин-қизларнинг илм олишлари учун шароит яратилиши керак. Бу ерда фақат аёлларнинг эркакларга аралашиб кетмасликлари учун ўзларига хос шароит яратилса бас. Аёлликларидан келиб чиқиб, табиатларига мос илм бўлиши тавсия қилинади. Келгусида ўз соҳаларида ишлаб жамиятга фойда келтириш мақсади пайдо бўлса, ўзларига мос ишда ишлашлари лозим бўлади.
Аёл-қизларимизни ўқитишдан кўзланган яна бир мақсад: уларнинг эътиборлари моддиятларга қаратилиши, ўткинчи хо-ю ҳавасларга берилиб кетишларининг олдини олишдир. Бўш қолиб маросимма-маросим, бозорма-бозор юриб вақтларини, кучларини кераксиз нарсаларга сарфламасликлари лозим. Уларнинг руҳий бўшлиқлари нотўғри нарсалар билан тўлиб қолмаслиги учун бу бўшлиқни илм билан тўлдириш керак.
Ўз ҳаётимиздан мисол келтирадиган бўлсак, жумладан, падари бузрукворимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари биз – қизларига ҳеч қачон илм олишдан кўра уй-рўзғор ишлари билан банд бўлишимиз кераклигини тарғиб қилмасдилар. Аксинча, ўқишимизга катта эътибор қаратиб, биздан буни қаттиқ талаб ҳам қилардилар. Қачонки илм билан машғуллигимизни билсалар, хурсанд бўлиб рози бўлардилар. Биз ҳам сезиб қолгандикки, уларни хурсанд қилишни ният қилсак, яхши натижаларга эришиш орқали кўнгилларига йўл топардик.
Отамизнинг аёллар илмига бўлган рағбатини уларга берадиган таърифларидан сезар эдик. Бирор аёл учун мақтов келтирмоқчи бўлсалар, мақтов ўлчовлари «У ўқиган, илмли аёл», дердилар. Агар қайсидир аёл кишидан норозиликларини ифодаламоқчи бўлсалар «Ҳа, ўқимаган-да», дердилар. Уларнинг наздидаги ўлчов – ўқиш эди. Бир пора Қуръонни ўрганиб, ўзининг фарз амалларини мукаммал билса, беш вақт намозини, рўза аҳкомларини ўрганиб олган бўлса, у катта неъматни қўлга киритибди, дер эдилар.
Нафақат диний билимларни, дунёвий билимларни ўрганиш ҳам аёллар учун жоизлигини айтардилар. Нашриётимизда ишлайдиган опамиз китобларини таҳрир қилганларида ўз ишининг устаси бўлган, тил билган билимли аёллар ҳақида мақтов билан гапирар эдилар. Ҳақиқий Аллоҳни таниган инсонлар, дин қайғусида бўладиган олимлар, албатта, қизларини ўқитишга, уларнинг илмли бўлишларига эътибор қаратишади. Ҳозирда қизлар таълимига имкон қадар урғу бериляпти, кун келиб бу ҳаракатларнинг натижасида динимизга, жамиятимизга, халқимизга фойда бўлади. Бунинг натижасида жамиятдаги аёллар билан боғлиқ ечим топмаётган муаммолар ўз-ўзидан барҳам топади.
Одинахон Муҳаммад Содиқ
Манба: kun.uz нинг 24.09.2021 йилдаги саҳифасидан олинди.