Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Аллоҳ Пайғамбарлардан: “Сизларга китоб ва ҳикмат берганим учун кетингиздан сизлардаги нарсани тасдиқловчи пайғамбар келганда, албатта, унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз,  деб аҳду паймонларини олиб туриб:  “Иқрор бўлдингизми? Бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми?” деганини эсла. Улар: “Иқрор бўлдик”,  дейишди. У: “Бас, гувоҳ бўлинглар, мен ҳам гувоҳ бўлувчиларданман”,  деди” (Оли Имрон сураси, 81-оят).

Баъзи тафсирчи олимларимиз ушбу оятдаги “Сизлардаги нарсани тасдиқловчи пайғамбар” деганда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам назарда тутилишини таъкидлашган. Али ибн Абу Толиб ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда ҳам юқоридаги маъно тасдиқланади: “Аллоҳ пайғамбарлардан ҳар бирини юборишдан олдин, албатта, ундан “Агар Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборганда у тирик бўлса, албатта, унга иймон келтириш ва ёрдам бериш ҳақида аҳду паймон олди. Ҳамда уни ўз умматидан Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар этиб юборилганларида тирик бўлсалар, у кишига, албатта, иймон келтириш ва ёрдам бериш ҳақида аҳду паймон олишга буюрди”.

Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шону шарафлари, фазилатлари барчадан ва ҳаттоки бошқа пайғамбарлардан ҳам юқори экан.

Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу: “Кўзларим сиздан яхшироғини ҳеч қачон кўрмаган. Ҳеч бир аёл сиздан гўзалроқ зотни дунёга келтирмаган. Сиз ҳеч бир нуқсонсиз, худди ўзингиз хоҳлаганингиздек яратилгансиз”, деб ҳақ гапни айтганлар.

Дарҳақиқат, ҳеч бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра яхшироқ инсонни кўрмаган.  Али розияллоҳу анҳу айтганларидек: “Ундан олдин ҳам, ундан кейин ҳам унга ўхшашини ҳеч қачон кўрмаганман”.

Келинг энди, Ҳабибимизнинг баъзи фазилатларига тўхталсак:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир ҳаракату саканотлари, ахлоқлари олий даражада эди. У Зот алайҳиссалоту васаллом гарчи энг олий фазилатларга эга бўлсалар ҳам, инсонларнинг энг ҳокисори ва камтари эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доим очиқ чеҳрали эдилар. Таърифларга кўра, муборак юзларида ҳар доим гўзал табассум бўлар ва бошқаларнинг ҳам табассумига сабабчи бўлар эдилар. Кулгилари эса жудаям майин, лекин салобатли эди. Кулганларида баъзан озиқ тишлари ҳам кўриниб кетар эди. У зот алайҳиссалом билан суҳбатдош бўлганлар “Расулуллоҳга энг суюкли инсон мен бўлсам керак”, деб ўйларди.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон Аллоҳнинг раҳмати ҳақида гапирсалар, юзларидан нур ёғилиб кетар экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқаларга нисбатан одоб ва эҳтиромлари ҳам таҳсинга сазовор эди. Соҳибининг юзига қарардилар ва ҳижолатга қўймаслик учун бир фурсатдан сўнг пастга қараб олар эдилар. Лекин суҳбатдошларининг ўзларининг назарларига чанқоқ эканлигини сезсалар, бироз муддат назарларини юзида ушлаб турар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилинса, соҳибига фақатгина бошларини буриб эмас, балки бутун таналарини унга қаратиб, бор диққат ва эътиборларини бахш этардилар ва сўзларини охиригача эшитиб турардилар. Агар қўл бериб кўришсалар, диққати фақат соҳибида эканини изҳор этиш учун у қўлини тортгунича ушлаб турардилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ёқтирган ёқут тошли бир узуклари бор эди. Бир сафар саҳобалар билан суҳбатлаша туриб икки марта шу узукка қарадилар ва бундан бироз жаҳллари чиқиб, ўша узукни қўлларидан ечиб, отиб юбордилар. Айтдиларки: “Сиз билан суҳбатлашаётган пайтимиз бу узукка икки маротаба қарадим. Сизларни суҳбатингиздан чалғитгани учун уни отиб юбордим”, дедилар.

Бирор кишига мурожаат қилсалар, ҳеч қачон бармоқлари билан кўрсатмас эдилар, бу айблов ёки дўқ-пўписага ўхшаб қолишидан эҳтиёт бўлардилар, бутун кафтлари билан мурожаат қилар эдилар.

Биз муҳиблар ҳар лаҳза Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларини бир бор кўришга, беқиёс табассумларига ва пурмаъно каломларига қанчалар муштоқмиз...
Ортларида намоз ўқишдан, бирга рўза тутишдан, Ҳайит айёмларини бирга нишонлашдан, у зотдек мураббий ва дўстимиз бўлишидан, хонадонимизда меҳмон қилиб, хос суҳбатлар қуришдан қанчалар завқланган бўлар эдик...
Қувонарлиси шундаки, абадий ҳаёт бўлмиш охират диёрида Ҳабибимиз билан бирга бўлиш учун ҳозир қўлимизда имкониятларимиз жуда кўп. Зеро, кимнинг хулқий сифатлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаб борар экан, у шунчалик комиллик даражаларига эриша боради, суннатга қанчалик кўп эргашса, у зот алайҳиссаломнинг шафоатларига эришиш имконлари шунчалик ошиб боради. Ҳабибимизга қанчалар кўп салавотлар йўлласак, у зот алайҳиссалоту васаллом хулқларидан шунчалар кўп насибадор бўлар эканмиз. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб ибодатда ва гўзал хулқда ҳаёт кечиришимизни барчамизга насиб айласин. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг мўъжизавий каломида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни “Ва, албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз”, деб эътироф қилган.
Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Муқаддас Рашидова

Манба
Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvxpZ57rXS3yMembed

16:34 / 11.02.2017 79631
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Бандаларига ҳалолликни фарз қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Умматига давоми...

17:50 / 03.06.2017 18231
Камтарлик яхшиликнинг безагигина эмас, посбони ҳамдир. Ж.Аддисон Атрофдаги ҳодисаларни кузатиб, давоми...

15:33 / 10.12.2018 3161
Расулуллоҳдан паноҳ излаш Аллоҳ таолога одобдир Аллоҳнинг Расули Муҳаммад Мустафони соллаллоҳу алайҳи давоми...

16:04 / 03.04.2019 4050