Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ражаб ойи ҳижрий – қамарий йил ҳисобининг 7 ойи ҳисобланади. Ражаб ойи – Аллоҳ таоло уруш қилишни ҳаром қилган (зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам, ражаб) ойлардан биридир. Араб тилидаги “ражаб” сўзи ўзбекчада “улуғлаш”, “ҳурматлаш” маъноларини ифода этади. Ражаб ойи баракали ва улуғ ой бўлиб, ундаги озгина яхши амал эвазига кўплаб ажру савоблар берилади. Ибодатлар ва дуолар ижобат бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони Kаримда шундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва Роббиларидан фазл ва розилик тилаб Байтул-Ҳаромни қасд қилиб чиққанларни ўзингизга ҳалол ҳисобламанг” (Моида сураси, 2-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни “Ҳажжатул вадо”да ўқиб, мусулмонларга муборак ойларнинг ҳурмати тўғрисида сўзлаб берганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Беш кеча борки, унда дуолар рад этилмайди: ражаб ойининг аввалги кечаси; шаъбон ойининг ярмидаги кеча; жума кечаси; фитр куни кечаси ва қурбонлик кечаси” (Ибн Асокир ривояти). Ражаб ойи кирганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма барик лана фи ражабин ва шаъбана ва баллиғна рамазона” (“Ё Аллоҳ, ражаб ва шаъбон ойларида бизларга барака ато қилгин ва бизларни рамазон ойига етказгин!”) деб дуо қилганлар (Имом Байҳақий ва Имом Тобароний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Ражаб ойи кўринса, уни барокатли бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуо қиламиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон янги чиққан ойни кўрсалар шундай дуо қилардилар:
"اللَّهُمَّ أَهِلَّهُ عَلَيْنَا بِالْيُمْنِ وَالْإِيمَانِ وَالسَّلَامَةِ وَالْإِسْلَامِ وَالتَّوْفِيقِ لِمَا تُحِبُّ وَتَرْضَى رَبُّنَا وَرَبُّكَ اللَّهُ اللَّهُ أَكْبَر "
“Аллоҳу акбар, Аллоҳумма аҳиллаҳу алайна бил-юмни вал-иймани, вас-салаамати вал-тавфиқи, лимаа туҳиббу ва тарзо роббуна ва роббукаллоҳ ”.
Уламоларимиздан бири: “Ражаб шамолга, шаъбон булутга, рамазон ёмғирга ўхшайди. Кимки ражаб ойида экин экмаса, шаъбон ойида уни суғормаса, рамазон ойида қандай ҳосил олади?” деган эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойида рўза тутганлар. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Саъид ибн Жубайрдан ражаб ойида турганимизда ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик”, деяётганини эшитганман”, деди”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойида кўп истиғфор айтишга тарғиб қилганлар. Саййидул истиғфор: “Аллоҳумма анта роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана абдука ва ана ала аҳдика ва ваъдика мастатоту аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абуу лака биниъматика алайя ва абуу бизамбий фағфирлий фаиннаҳу ла яғфируз зунуба илла анта”.
“Аллоҳу таоло бу ойда ҳасанотни қат-қат қилади. Ражаб ойида бир кун рўза тутган бир йил рўза тутгандек савобга қовушади. 7 кун рўза тутган кимса учун Жаҳаннам эшиклари бекилади. 8 кун рўза тутган учун Жаннатнинг 8 эшиги очилади. 10 кун рўза тутганга Аллоҳу таоло истаганини беради. 15 кун рўза тутган кимсага бир овоз “Ўтган гуноҳларнинг авф бўлди” дейди. Ражаб ойида Аллоҳу таоло Нуҳ алайҳиссаломни кемага чиқарди ва у ҳам Ражаб ойини рўза тутиб ўтказди. Ёнидагиларга ҳам рўза тутишларини амр этди”. (Табароний)
“Ражаб ойида тақво билан бир кун рўза тутган кимса учун рўза тутилган кунлар тилга кириб “Ё Рабби, уни мағфират эт” деб дуо қиладилар”. (Абу Муҳаммад)
Ражаб ойининг илк жума кечасига Рагоиб кечаси дейилади. Ҳар жума кечаси қийматлидир. Бу икки қийматли кеча бир орага келганида янада қийматли бўлади. Аллоҳу таоло бу кечада мўминларга эҳсонлар беради. Рагоиб эҳсон, икром деганидир. Бу кечага ҳурмат кўрсатганларни авф этади. Рагоиб кечаси қилинган дуо қабул бўлади, намоз, рўза, садақа каби ибодатларга ҳисобсиз савоблар берилади.
Ражаб ойида кўпроқ солиҳ амаллар билан бирга астойдил дуолар қилайлик!
Дилобар Арабова тайёрлади.