Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ислом дини ақидаларидан сўз очилганда, қайси мавзуда баҳс юритилмасин, гап Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига бориб тақалади ва шу ҳақиқатни тасдиқлайди. Аллоҳнинг ҳар ишдаги қудратининг бир қиррасини унинг мутлоқ билгувчилиги ташкил этади, яъни Аллоҳнинг илми чексиздир. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билгувчидир. У ҳеч қачон бирор нарсани билмай қолмаган. Унинг эсидан ҳам ҳеч нарса чиқмайди. У кечаги нарсани ҳамда бугун ва эртага бўладиганини, очиқ ва махфий нарсаларни, осмондаги ва ердаги нарсаларни, бу дунёдаги ва у дунёдаги нарсаларни барча-барчасини билади. Бу борлиқ ва ундаги барча ажойиботлар Аллоҳнинг илми ва ҳикмати чексиз эканлигига ёрқин далилдир. Қуръони Каримда Аллоҳнинг илми ҳамма нарсани ўз ичига олишига мисол қилиб айтиладики: Аллоҳ ҳамма нарсани Ўзи яратган. Шу нарсаларни яратган Зот, албатта, уларнинг сир-асрорларини ҳам ҳаммадан яхши билади.
«Мулк» сурасида шундай дейилади:«Ва сиз сўзингизни сир тутасизми ёки ошкора айтасизми, албатта, У кўнгиллардагини ҳам билгувчи Зотдир. Яратган Зот Ўзи билмасмиди? Ва У дақиқларгача билувчи ва хабардор Зотдир» (13, 14-оятлар).
Тафсирчилар бу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида шундай ривоят қиладилар: Баъзи кофирлар ўзаро суҳбатларида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши гапларни гапираётганларида, «Секинроқ гапиринглар, Муҳаммаднинг Худоси эшитиб қолмасин», дер эканлар. Қуръони Карим уларнинг калтафаҳмлилигини шу оят билан рад этган. Аллоҳ таоло инсоннинг барча сирларини, жумладан, қалбидаги нарсаларни ҳам билиб туриши ҳақидаги бу тушунча инсон қалбига Аллоҳ таолодан қўрқиб туриш ҳиссини солади. Бу эса юқорида таъкидлаганимиздек, барча гуноҳлардан четда бўлишга чорлайди. Ожиз инсон бирор асбоб ихтиро қилса, ўша нарсанинг ҳамма тарафини, кам-кўстини, қандоқ ишлашини, қачон бузилишини ва ҳоказоларни билади-ю, ҳаммани яратган Аллоҳ Ўз бандаларининг ҳолини билмайдими? Қуръони Карим Аллоҳ таоло инсоннинг сир-асрорини ва очиқ гапларини ҳам билишлигини айтишдан ташқари, борлиқдаги барча нарсаларни билишини ҳам баён этган:
«Аллоҳ ҳар бир урғочининг ҳомиласини ҳамда бачадонлар нуқсон ёки зиёда қиладиган нарсаларни биладир. Ҳар бир нарса Унинг ҳузурида ўлчовлидир. У Зот ғойибни ҳам, шоҳидни ҳам билгувчидир. У буюкдир, юксакдир. Сиздан ким гапни сир тутса, ким уни ошкор қилса ёки ким кечаси беркинувчи бўлса-ю, ким кундузи ошкор юрувчи бўлса, барибир» («Раъд» сураси, 8–10-оятлар).
Аллоҳ таоло ўзи йўқ (ғойибдаги) нарсани ҳам билади, ҳозирда мавжуд нарсани ҳам билади. У бутун мавжудотдан каттадир, улуғдир. Ундан катта, Ундан улуғ ҳеч бир мавжудот йўқдир. Аллоҳ таоло бутун борлиқдан юқоридир. Ундан юксак ҳеч бир нарса йўқдир. Аллоҳ таоло барчанинг гаплари ва қилмишларини бирдек билиб туради. Аллоҳ таоло борлиқнинг барча махфий сирларини ҳам жуда яхши билади.
«Ғайбнинг калитлари Унинг ҳузурида бўлиб, уларни унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас. У ердаги, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни биладир. Битта япроқ узилиб тушмайдики, магар уни ҳам биладир. Ер тубидаги бир дона дон борми, ҳўлу қуруқ борми – барчаси очиқ китобда бордир» («Анъом» сураси, 59-оят).
Ушбу ояти каримадан Аллоҳ таолонинг илми чексизлиги ва бу илм ўзига хос ягона васфга эга илм экани билиб олинади. Бу илмнинг бош сифатларидан бири:
«Ғайбнинг калитлари Унинг ҳузурида бўлиб, уларни Унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас».
«Ғайб»–инсондан ғойиб ҳодисалар, инсон сезги аъзолари билан ҳис эта олмайдиган, билиш имконлари билан идрок қила олмайдиган ҳодисалар. Инсон ўзининг нечоғлик билимдонлиги билан ғурурланмасин, унинг билганидан билмагани кўп бўлиб қолаверади. Ўша ғойиб нарсаларни билишда инсоннинг бирдан-бир воситаси бор, у ҳам бўлса, илоҳий ваҳийдир. Қолган барчаси тахмин ва гумонлардан бошқа ҳеч нарса эмас. Ғайбга ишониш инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган асосий жиҳатлардан биридир. Қўли билан ушлаб, кўзи билан кўрганидан бошқа нарсанинг борлигига ишонмайдиган моддапарастнинг ҳайвондан нима фарқи бор? Мўмин-мусулмонлар ғайбга иймон келтириш билан бошқалардан ажралиб турадилар. Чунки, ақида боби, асосан, ғайбга, яъни кўзи билан кўриб, қўли билан ушламаган нарсаларга ишонишдан иборатдир. Аллоҳга иймон келтириш ҳам ғайбга иймондир. Шунингдек, фаришталарга, илоҳий китобларга, Пайғамбарларга, қиёмат кунига, жаннатга, дўзахга, яхшию-ёмон қадарнинг Аллоҳдан бўлишига иймон келтириш ҳам ғайбга ишонишдир. Ушбулар ва бундан ташқари, инсонни ҳар тарафдан ўраб турган, ўтмишни, ҳозирни ва келажакни илоҳий парда ортида тутиб турган сон-саноқсиз нарсалар ғайбиётдир. Инсон ғайбни билиш борасида ғоят ожиздир. У биринчи инсон – Одам Атонинг қаерда ва қачон пайдо бўлганини билмайди. Билиши мумкин бўлган нарса – Қуръони Каримдаги маълумотлар. Бошқа ҳаммаси тахмин, гумон, фараз ва ҳоказо. Ўзининг ўтмишини билмаган инсон учун ўтмишнинг асосий қисми ғайб бўлиши турган гап. Аллоҳ таоло эса ҳаммасини билади. Инсон ҳозирги лаҳзада ўз танасида кечаётган сонсиз-саноқсиз ўзгаришларни билмайди. Катта-катта ўзгаришларни билиши мумкин, аммо кўплаб нарсаларни, умуман, билмайди. Мисол учун, танасидаги ҳужайраларнинг ҳаракати унинг учун ғайбдир. Ўз танасини мукаммал билмаган инсон ҳозирги даврда борлиқда рўй бераётган ҳодисалардан қанчасини била олади? Ҳеч қанчасини билмайди. Аммо Аллоҳ таоло уларнинг ҳаммасини билади. Инсон ҳатто ўз бошига келажакда қандай ҳодисалар келишини билмайди. Ўзига тегишли нарсаларни билмаганидан кейин, оламдаги бошқаларга алоқадор нарсаларни, умуман, билмайди. Аллоҳ таоло эса уларнинг ҳаммасини билгувчидир. Моддапарастлар илм номидан гапираётганларини даъво қиладилар, лекин ҳар бир илмий кашфиётнинг атрофини кўплаб ғайбиёт ўраб туришини унутиб қўядилар. Шунинг учун ҳам ҳар бир илмий кашфиёт атрофида тахминлар ва фаразлар кўпаяди. Аллоҳ таоло эса ўша тахминларнинг ҳақиқатини билади. Ғайбнинг калитлари Аллоҳ таолонинг Ўзидалиги шундандир. Бу калитни ҳатто Пайғамбарлар ҳам билмайдилар.
«У ердаги, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни биладир.»
Яъни маконга тааллуқли ҳамма нарсаларни билади. Инсон уларнинг ҳаммасини билмайди. Ҳозирги кунда ҳам қуруқлик ва денгиздан инсон аввал билмаган янгидан-янги нарсалар пайдо бўлиб тургани шунга далолат қилади.
«Битта япроқ узилиб тушмайдики, магар уни ҳам биладир.»
Демак, Аллоҳ борлиқдаги ҳар бир зарра ҳаракатини ҳам билади. Дунё миқёсида биргина япроқнинг узилиб тушиши сезиларли ҳодиса эмас. Аммо, Аллоҳ таоло шу ҳодисани ҳам, ҳатто ундан ҳам дақиқ нарсаларгача яхши билади.
«Ер тубидаги бир дона дон борми, ҳўлу қуруқ борми – барчаси очиқ китобда бордир.»
«Очиқ китоб»дан мурод – Лавҳул Маҳфуздир. «Ер остида яширин турган бир дона дон бўлса ҳам, ҳўлу қуруқни бўлса ҳам, билади» дегани «унинг билмайдиган нарсаси йўқдир» деганидир. Бу таъриф фақат Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир. Мана шу оятлардан маълум бўладики, Аллоҳ ҳақидаги Ислом назарияси қуруқ фалсафий, метафизик назария эмас. Баъзи бир диндагилар эътиқод қилишларича, Аллоҳ оламни яратиб, Ўзи осмонга чиқиб кетганмиш-у, ҳозир олам билан иши йўқ эмиш. Ислом эътиқоди бўйича эса Аллоҳ доимо бу оламга ўз таъсирини ўтказиб туради. Дунёда бўлаётган барча воқеалар Аллоҳнинг илмидан четда қолмайди. Мазкур ҳақиқатнинг бевосита ёшларга даҳлдор аҳамияти борки, у ҳақида қисқача тўхталиш зарур. Ҳозир ҳар куни, ҳар соатда юз бериб турган бир-биридан даҳшатли жиноятларда жиноятчиларнинг қарийб барчаси «шу ишимни биров кўрмаяпти-ю» деган тушунчада бўлади. Борди-ю шундай бўлди ҳам, дейлик. (Аслида, астойдил кетига тушилса, очилмайдиган жиноят йўқ.) Жиноятчи изсиз йўқолди, қутулиб кетди ҳам, дейлик. Бироқ у қутулолмайди, чунки у ҳар қанча устомонлик қилмасин, қилмишларига Аллоҳ гувоҳдир. Бинобарин, жиноятнинг жазоси бандасидан қайтмаса, Аллоҳдан қайтгусидир.
Хулоса шуки, Аллоҳнинг ҳар нарсани кўриб-билиб турувчилигини билган ҳеч бир ёш «ҳеч ким кўрмаяпти-ю» деган алдоқчи ишончда жиноятга қўл урмайди, бундан сақланади.