Улар Роббилари юзини кўзлаб, сабр қиларлар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Улар Роббилари юзини кўзлаб, сабр қиларлар. Намозни тўкис адо этарлар, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсадан махфий ва ошкора инфоқ қиларлар ва ёмонликни яхшилик ила қайтарарлар. Ана ўшаларга оқибат диёри бордир.

(Раъд сураси, 22 оят)

Ақл эгаларининг бешинчи сифати:

«Улар Роббилари юзини кўзлаб, сабр қиларлар».

Яъни Аллоҳнинг ризосини умид этиб, сабр қиладилар. Уларнинг сабрлари фақат Аллоҳнинг розилиги учун бўлади. Хўжакўрсинга, риё учун бўлмайди. Ўзига ўзи мақтаниб юриш учун ҳам бўлмайди. Сабр турли хил бўлади. Энг улуғи Иймон-Ислом талабларини бажариш йўлидаги қийинчиликларга сабр қилиш. Одамларнинг ноўрин тасарруфларига сабр қилиш. Етган неъматларга сабр қилиш ва ҳоказолар.

Ақл эгаларининг олтинчи сифати:

«Намозни тўкис адо этарлар».

Чунки намоз бўлмаса, Аллоҳ билан банда орасида боғланиш бўлмайди. Натижада аҳд ва мийсоққа ҳам вафо қилинмайди. Шунинг учун ҳам, намоз ҳаммасидан зарурдир. Шунинг учун, намоз «мўмин бандалар билан бошқалар орасини ажратиб турадиган омил» деб таърифланган.

Ақл эгаларининг еттинчи сифати:

«Биз уларга ризқ қилиб берган нарсадан махфий ва ошкора инфоқ қиларлар...»

Аллоҳ берган ризқдан инфоқ қилиш мусулмон бандалар орасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантирувчи кучли омилдир. Бу иш бойларнинг қалбини бахиллик дардидан халос этса, инфоқни қабул қилиб олувчи камбағалларнинг қалбини ҳиқду ҳасаддан поклайди. Инфоқ қилиш, кези келганда, махфий қилинади, кези келганда эса ошкор. Инфоқ қилувчи риёдан қочса ёки инфоқ олувчининг ноқулай ҳолда қолиши мулоҳаза қилинадиган бўлса ва шунга ўхшаш ҳолларда махфий қилинади. Одамлар ўрнак олсинлар, дейилса, шариат аҳкомларини бажариш тарғиб қилинишига ҳожат туғилса ва шунга ўхшаш ҳолатларда ошкор қилинади.

Ақл эгаларининг саккизинчи сифати:

«...ва ёмонликни яхшилик ила қайтарарлар».

Бу умумий мажбурий қоида эмас. Балки махсус ҳолда, маълум мақсад ила амалга ошириладиган қоидадир. Зотан, бошқа оятларда, мисол учун, «Шўро» сурасида «Ёмонликнинг жазоси ўзига ўхшаш ёмонликдир», дейилган бўлса, «Бақара» сурасида «Ким сизга нисбатан тажовузкорлик қилса, сиз ҳам унга ўша тажовузкорлиги мислида тажовузкорлик қилинг», дейилган.

Уламоларимиз, ушбу оятдаги ёмонликни яхшилик билан қайтариш кундалик шахсий муомалаларда ёмонликни синдириш йўлида бўлади, аммо Аллоҳнинг динига тегишли ишларда қўлланилмайди, деганлар.

Баъзи уламолар, ушбу оятларда санаб ўтилган саккиз хайрли сифат жаннатнинг саккиз эшигига ишоратдир, деган эканлар.

Оятнинг охирида ҳам гап жаннатга бориб тақалмоқда:

«Ана ўшаларга оқибат диёри бордир».

Келаси оятда «оқибат диёри» нималиги баён қилинади…

Мавзуга оид мақолалар
  Бугун 20 июль 2018 йил санасида Россия Федерациясида Муслималарнинг жамиятдаги ижтимоий ўрни мавзусида давоми...

15:05 / 20.07.2018 2644
Учинчи кун... Ассалому алайкум Учинчи кунга ҳам кириб келдик. Бугун ҳаво бир оз иссиқроқ. Тонгда давоми...

19:41 / 29.05.2017 3626
  Аллоҳ шайтонни жаннатдан  лаънатлаб қувгaн вақти шайтон Аллоҳга шундай деган экан «Мен одамзоднинг 4 давоми...

15:44 / 07.03.2017 8035
gallery ids6042,6043,6044 Сурия Уламолари Бирлашмаси ҳамда Олий Таълим Вазирлиги бошчилигида Муҳаммад Саъид Рамазон давоми...

09:50 / 05.02.2017 3590