Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ислом ҳидоятида тарбия кўрган ва унинг соф ва пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон кишиси ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга саъй-ҳаракат қилади. Чунки у ҳақиқат, яхшилик,инсоний фазилатлар – одоб-ахлоқ асосида тарбия олган. Инсонларга яхшилик қилиш икки дунё саодатига олиб келиши аниқ. Аллоҳ таоло хитоб қилиб айтади:
«Эй, иймон келтирганлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Раббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!» Мусулмон киши ушбу ояти карима мазмунидан келиб чиқиб, ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил ҳаракат қилади. Чунки у яхшилик йўлида қўйилган ҳар бир қадами учун Аллоҳдан улуғ ажрлар бўлишига қатъий ишонади. Инсониятни жоҳилият залолатидан Ислом нури сари юзланишга сабаб бўлган улуғ Зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтганлар:
«Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этишинг– эҳсондир. Бир кишини уловига минишида ёрдам беришинг ва юкини уловига кўтариб юклаб беришинг эҳсондир. Бир кишига табассум билан яхши сўз айтишинг – эҳсондир. Намоз сари босган ҳар бир қадаминг баробарида сен учун эҳсон бор, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан бартараф этишинг ҳам сенга эҳсондир».
Мусулмон киши ўзининг ижтимой ҳаётида адо қиладиган яхши амаллари билан намоз ўқиш учун масжид сари босган қадами ўртасидаги бу боғланиш қандай ҳам гўзал! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шуни алоҳида таъкидлайдиларки, Ислом дини инсонга ва унинг дунё ва охиратдаги ҳаётига доир барча ишларни ислоҳ этиш ва тартибга солиш учун келган бўлиб, дин ва дунё, ижтимоий ва руҳий ҳаёт ўртасини асло ажратмайди.
Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз, ибодат даражасига кўтарилади.
Шунинг учун ҳам мусулмон кишисига яхшилик эшиклари доимо очиқ, у Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади.
Улуғ саҳоба Жобир розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади, Ул Зот: «Яхшилик қилишнинг барчаси – садақадир», – деб марҳамат қилганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қиладилар. Ул Зоти шариф айтдилар: «Табассум билан айтилган чиройли сўз – садақадир».
Аллоҳ таолонинг илоҳий қадарига кўра, отаси ёки онасидан ажралиб қолган етим-есирларга меҳр-шафқат кўрсатиш, уларни тарбиялаш, тезроқ оёққа туриб, ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш ҳам ана шундай яхшилик амалларидандир. Аллоҳ таоло бандаларини етимларга яхши муносабатда бўлишга, уларнинг молига хиёнат қилмасликка, уларни тарбиялаб вояга етказиш йўлида жамиятга ёрдам беришга чақирган. Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида етим-есирларга эътибор, меҳрибонлик, шафқат кўрсатиш савоби улуғ, солиҳ амаллардан экани уқтирилган. Аллоҳ таоло айтади:
«Фақат Аллоҳгагина сиғинасиз, ота-она, қариндош, етим ва мискинларга яхшилик қиласиз ».
Яна Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:
«Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз!»
Ислом шариати етимларни васийликка, ҳомийликка, оталиққа, яъни ўз қарамоғига олишни буюради. Бу ишга етимнинг қариндош-уруғлари, яқинлари, агар улар ўтиб кетишган бўлса, жамиятнинг бошқа аъзолари масъулдирлар.
Етимни қарамоғига олиш дегани, уни яхши тарбиялаш, едириб-ичириш, кийинтириш, ўқитиш, касб-ҳунар ўргатиш, агар унга мерос қолган бўлса, мол-мулкини асраб-кўпайтириб бериш тушунилади. Бугунки кунда жамиятимизда ота-онаси тирик бўлатуриб етимхоналарда вояга етаётган болаларни учратишимиз мумкин. Бундайлар ўз фарзандлари олдида динимизда кўрсатилган ота-она бурчларини унутмоқдалар. Улар яхшилик фазилати динимиз арконларидан эканини ҳам билмайдилар.
Етимларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни чин инсонлар қилиб тарбиялаш, уларни ҳеч нарсадан камитмай ва ўкситмай, жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзолари сифатида сафга қўшиш иши доимо юртбошимиз ва ҳукуматнинг диққат марказида бўлиб келяпти. Давлатимиз томонидан мустақиллик йилларида турли шаҳар ва қишлоқларда очилган меҳрибонлик уйларининг шароитини яхшилаш, ота-онасиз қолган болаларнинг моддий таъминотини яхшилаш, етимларга меҳр-шафқат билан муносабатда бўлиш, уларни тарбиялаш ишига энг моҳир ва юксак малакали устоз ва муаллимларни жалб қилиш ишлари олий даражада ташкил этилганки, бунга фақат таҳсин айтиш керак бўлади. Айниқса, «Баркамол авлод йили» шиори остида ўтаётган йилимизда бу борада катта хайрли ишлар амалга оширилди. Бу муҳим тадбирлардан мусулмонларимиз ҳам четда туришаётгани йўқ. Ўтган йили диний ташкилотлар саъй-ҳаракати билан меҳрибонлик уйларини моддий ва маънавий мустаҳкамлаш мақсадида хайрия тадбирлари амалга оширилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:«Бева ва етимга яхшилик қилиш йўлида ҳаракат қилувчи Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчи кабидир». (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Бева ва етим ҳақида қайғурадиган киши Аллоҳ таолонинг розилигини истаб, уларнинг оғирини енгил қиладиган, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатадиган, ҳамиша улар манфаати ва фойдасини кўзлайдиган саодатманд кишидир.
Бинобарин, бу ҳаётда инсондан фақат яхшиликкина қолади. Яхшиликнинг мукофоти эса фақат яхшилик – жаннатдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларининг бирида марҳамат қилиб:
«Кимики, бир мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Кимдаки ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликни ато қилур», – деб айтганлар. Яхшиликлар, савобли амаллар бардавом бўлган эл-юрт мустаҳкам бўлиб, тараққий этади. Бундай диёрда инсонлар бир-бирига меҳрли, мурувватли бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни ана шундай хайрли ва савоби улуғ ишларга муваффақ айласин!
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ Тошкент шаҳридаги «Хўжа Аламбардор» масжиди имом-хатиби.