Саҳоба Савод розияллоҳу анҳунинг муҳаббати
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

10836573_599919423475009_1851142441_nБисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Маҳбубимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ёдимизга олар эканмиз, кўксиларимизга соғинч тўлади, кўзларимизга ёш келади, ҳар биримизда у Зотни кўришга, дийдорларига тўйишга бўлган иштиёқ янгиланади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча мўмин бўла олмайди», дедилар».

Икки шайх ва Насоий ривоят қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат иймон камолотидандир. Ҳа, биз, мўмин мусулмонлар, у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламни севамиз. Суюкли Расулимизга бўлган муҳаббатимизни изҳор қилишдан, у Зотнинг ишқлари ҳақидаги суҳбатлардан малолланмаймиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат ҳақида баҳс юритилганида, Савод ибн Ғазийянинг қиссасига алоҳида эътибор берилади. Саҳобаи киромларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари барчага гўзал намунадир.

Шунингдек, саҳоба Саводнинг муҳаббати ҳам ҳар қанча таҳсинга сазовор. Бадр жанги. Уч юз кишидан иборат бўлган мусулмон аскарлари ўзларидан бир неча баробар кўп мушрик душман қаршисида туришибди. Бу ерда ҳозир бўлганларнинг барчаси ўлимни бўйнига олган. Ўлим олдидан инсонга нима хаёллар келади? Бундай ҳолатда кўпчилик энг яқин инсонини ёдга олади. Кимдир ота-онасини, кимдир аҳлини, фарзандларини эслайди, улар билан видолашади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, ана шундай хаёл ва туйғуларга берилиб турган аскарларнинг сафларини тўғрилай бошладилар.

Аллоҳ таоло Софф сурасида марҳамат қилиб: «Албатта, Аллоҳ Ўз йўлида худди жипс бинодек бўлиб, сафда туриб уруш қиладиганларни яхши кўрадир», дейди. Савод ибн Ғазийя Ансорий сафдан ажралиб, аввалроққа чиқиб қолган эди. Расули акрам унга: «Сафда текис тур, эй, Савод ибн Ғазийя», дедилар. Хаёли паришон Савод эшитмади, шекилли, ўзини ўнгламади. Саййидимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтдилар. У яна эшитмади. Шунда у Зот яқин келиб қўлларидаги асолари билан унинг қорнига туртдилар-да: «Текис тур», дедилар. Савод эса: «Оғритдингиз, эй Аллоҳнинг Расули. Батаҳқиқ Аллоҳ сизни ҳақ ила юборган. Сиздан қасос олишимга қўйиб беринг», деди.

Шунда у Зот: «Қасосингни ол», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, сиз менинг ялонғоч қорнимга урдингиз. Ўзингиз эса совут кийиб олгансиз», деди у. Шунда ҳақ ила, адолат ила, раҳмат қилиб юборилган Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам Савод қасосини олиши учун совутларини ечдилар. Савод эса у Зотнинг муборак қоринларини қучди, ҳидлади, уни ўпиб йиғлади. Қасос олишини кутган Расули акрам: «Бунга сени нима мажбур қилди, эй Савод?», деб сўрадилар. У: «Кўриб турганингиз мажбур қилди», дея урушга ишора қилди.

У ўлимни назарда тутган эди. «Ўлимдан омон қололмасман, сиз билан бўлган сўнгги аҳдим, терим терингизга тегишини истадим», деди. Савод урушга ҳозирланар экан, ўлим билан рўбарў келиб, нимадан ажраб қолиши мумкинлигини ўйлаб, тўғридан-тўғри Расули акрамни хотирлаган эди. У Зотдан ажрагиси келмаганди. Сўнги лаҳзаларда у кишига иложи борича яқинроқ бўлишни истади. Дунё ҳаёти билан видолашар экан, қалбида Расули акрамдан бошқа бирор киши йўқ эди. Бу эса Саводнинг буюк муҳаббатига далолат қиларди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саводнинг ҳақига дуо қилдилар, унга яхши сўзларни айтдилар. Аллоҳим, қалбларимизда Ўзингнинг муҳаббатинг ва Расулинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларидан бошқасига ўрин қолдирмагин. Ва соллаллоҳу ала хойри холқиҳи Муҳаммад ва ала алиҳилатҳор ва асҳабиҳилаброр ажмаин ва саллам.

Одинахон Муҳаммад Юсуф

Мавзуга оид мақолалар
Азиз дўстим иймон бизга ҳақдан ато, Қара, қандай хушхабар бор мўминларга Икки жаҳон мўмин топар бахту давоми...

17:06 / 09.12.2016 3579
Арзимаган ишларга ғам чекманг. Ишларга керагидан ортиқ баҳо берманг ва майдачуйда муаммолар сизнинг давоми...

21:46 / 30.05.2023 1629