Масъулиятни ҳис қилиш
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Албатта, муваффақиятли мураббийнинг сифатларидан бири фарзандлар олдидаги бурчи, масъулиятини ҳис қилишидир. Масъулият фақат кийим кийишда, ейиш-ичишда ва маркабда эмас. Балки у ижтимоий муомала, нафсий, хулқий ва диний масъулиятдир. У соф тарбия ва асл қоидаларга асосланган тарбиялаш масъулиятидир. Доимо ёдингизда тутингиз: албатта, сиз дунё ва охиратда ҳам фарзандингизга масъулдирсиз.

 Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингиз ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар, шуни қилурлар».

Демак, тарбия Аллоҳ таолодан бўлган амр эканини ақлли, зийрак одам билиб олса бўлади. Ва албатта, отага энг яқин аҳли боласидир. Уни дўзах ўтидан сақлаш ҳеч қачон яхши едириш ёки яхши кийинтириш билан бўлмайди. Балки уни дўзах ўтидан ҳақиқий сақлаш соф тарбия билан бўлади. Соф тарбия ҳам нафсий, ижтимоий, ақлий, хулқий ва динийдир. Эй азиз мураббий! Фарзандингни дўзах ўтидан сақлаш масъулияти сенгагина юкланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: «Ҳар бирингиз бошлиқсиз, ҳар бирингиз қўл остидагига масъулдир. Имом ҳам бошлиқдир. У қавмига масъулдир. Эр киши ўз аҳлига бошлиқдир. У аҳлига масъулдир. Аёл киши эрининг уйида бошлиқдир. У болаларига масъулдир». (Муттафақун алайҳ) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бошқа бир ҳадисда айтганларидек, албатта, Аллоҳ бошлиқлардан қўл остидагилар ҳақида сўрагувчидир. «Қўл остингдагиларни муҳофаза қилдингми ёки зое қилдингми?» деб ҳаттоки, эрдан ўз аҳли байти ҳақида сўрайди. (Ибн Хиббон ва Бухорий ривояти) Бошқа бир ҳадисда айтадиларки, «Аллоҳ таоло қайси бир бандани бошлиқ қилиб қўйсаю, у уни яхшилик билан ўрнига қўймаса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди». (Имом Бухорий) Ҳеч шак-шубҳа йўқки, фарзанд олдидаги бурчингиз у ҳаётга келишидан олдин бошланади. Бу ҳам солиҳа ва яхши онани танлаш билан бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: «Эй шўринг қургур, диндорини танлагин». (Муттафақун алайҳ). Демак, фарзандингизнинг солиҳ бўлишида солиҳ онанинг ўрни каттадир. Абул Асвад Ад-Дуалий ўз болаларига: «Эй болаларим, мен сизларга кичиклигингизда ҳам, катталигингизда ҳам ва туғилмасингиздан ҳам олдин яхшилик қилганман», дедилар. Болалари: «Бизга туғилишимиздан олдин қандоқ яхшилик қиласиз?» У киши: «Мен сизларга шундай онани танладимки, у сабабли сизлар ҳамиша раҳмат эшитасизлар». Эй мураббия она! Албатта, сиз ҳомиладорлик вақтингизда ҳалол луқма ейиш ва нафсингизда интизомли бўлишга масъулдурсиз. Чунки ҳар бир хатти-ҳаракатингиз ижобий ёки салбий бўлсин, албатта, ҳаммаси фарзандингизда шаклланади. Шунингдек, сигарет чекиш, кайф қилувчи нарсаларни истеъмол қилишнинг ҳомилага таъсири бор. Сиз болани кутиб олиш учун алоҳида тайёргарлик кўринг. Чунки сизнинг нафсий ва руҳий ҳолатингизнинг ҳомилангиз нафси ва руҳий соғлиғига таъсири каттадир. Эй азиз Мураббий ва Мураббия! Сизларнинг бурчларингиз бола дунёга келгандан кейин ҳам давом этади. Аввало, бола дунёга келиши билан ота-онанинг бурчларидан бири, суннатларни адо этишдир. Биринчи, боланинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтилади. Кейин бир олим ва фозил киши хурмо чайнаб, чайналган хурмо билан боланинг томоғи кўтарилади. Ақиқа қилиниб, бошқа суннатлар бажарилади. Болага чиройли исм қўйилади. Тарбия инсон ихтиёридаги иш эмаски, хоҳласа бажариб, хоҳласа бажармайдиган. Сиз айтмайсизки, бола ўзимники, хоҳласам тарбиялайман, хоҳласам йўқ. Балки бу сизнинг мажбуриятингиздир. Тўғри, кимдир бу гапни айтмаслиги мумкин. Лекин боласининг тарбиясида бунинг асорати кўринади. Чунки ота ўз муаммолари ва орзу-ҳаваслари билан банд бўлади-да, фарзандлари олдидаги бурчларини унутади. Эй Мураббий! Масъулиятингизни пул бериб турувчи тижоратчидек бажарманг. Чунки сизнинг масъулиятингиз ундан анча юқори ва муҳимдир. Оиланинг жавобгарлиги сизнинг зиммангиздадир. Дейлик, сиз симфоник оркестрга дирижёрсиз, жамлаган мусиқачиларингиздан ёқимсиз куй чиқмаслигига масъулсиз. Энди фарзандларингиз юқори одоб-ахлоқ билан сўзлаганларида сўзлари сизнинг исмингизнинг кишилар қулоғига ёқимли эшитилишига сабаб бўлади. Бу сизнинг тарбияда қанчалик масъулиятли эканлигингизни кўрсатади. Сизнинг масъулиятингиз фарзандингиздаги буюк шахс бўлиш иқтидорини очади. Фарзандингизнинг тарбиясини ислоҳ қилишингиз жамиятни ислоҳ қилишингиздир. Аслида жамият сизнинг, бизнинг фарзандимиздир. Демак, фарзандингиз олдидаги бурчингиз жамият олдидаги бурчингиздир. Ҳар ким ўз фарзандини гўзал ва намунали тарбияласа, жамият ҳам шу шаклда ривожланади. Ўз-ўзидан жамиятда порахўрлик, судхўрлик, зулмкорлик, хиёнаткорлик ва қўпорувчилик иллатлари йўқ бўлади. Мана шу ёмонликларни қилаётган ҳам бизнинг болаларимиз эди. Сизнинг фарзандингиз олдидаги бурчингизни бажаришингиз жамият олдидаги бурчингизни бажаришингизга хизмат қилади.(давоми бор)
Мавзуга оид мақолалар
 Муҳаббатга мубтало бўлиб Бир йигит бор эди. Олий ўқув даргоҳида бир қизни ёқтириб,  унга уйланмоқчи давоми...

13:46 / 15.12.2016 5072
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари Абу Ҳамза Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан давоми...

16:39 / 11.11.2016 3036
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ сизларнинг давоми...

22:26 / 06.10.2023 907
Болгария Президенти Росен Плевнелиев мусулмонлар жамоаси учун ифторлик дастурхони уюштирди. Бу давоми...

21:13 / 25.01.2017 3092