Ҳикмат
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Қудрати ва шарафи чексиз Аллоҳ иймон келтирган

қулларини уларнинг хулқидан исёнкорликни кетказиш,

ғафлатдан уйғотиш, Ўзига муқарраб қилиб,

ишларини ислоҳ қилиш ва албатта,

тавба қилиб, Унга қайтишлари учун имтиҳон қилади».

Солиҳ ал Мағомисий

Бизларни мусулмон қилиб яратган ҳамда Ўзининг ҳақ йўлидан адашмаслигимиз учун ҳикматни нозил қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

Ҳикматни ваҳий орқали қабул қилиб олиб, биз умматларига бекаму кўст етказган ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотларимиз бўлсин.

Ушбу саҳифада «Ибрат» номи остидаги мақолам нашр қилингандан сўнг бир қанча азизларимиздан яхши дуоларни эшитдик. Баъзилар «Мақола ҳақиқатан ибратли», деган бўлса, бошқаларидан «Марҳума рафиқангизнинг ҳаётлари бизга ҳам ибрат бўлди», деган сўзларни эшитдик.

Бу камтарона уриниш ҳам ўзимнинг, ҳам бошқаларнинг охирати учун маълум маънода фойдали иш бўлди, деб ўйлайман.

Куни кеча ярим тунда уйқум қочиб, фикримни ана шу мақолада келтирилган қуйидаги ҳадиснинг мулоҳазаси қамраб олдики, уни сиз азизларимиз билан баҳам кўришни Аллоҳ таоло дилимга солди:

Муҳаммад ибн Холид ас-Суламийдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилган:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳдан бир бандага мартаба ёзилган бўлса-ю, банда амали билан унга етмаган бўлса, Аллоҳ уни жасадида ёки молида, ёки боласида балога гирифтор қилади. Сўнгра уни ана шунга, токи Аллоҳдан унинг учун ёзилган мартабага эриштиргунча сабр қилдиради», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Во ажаб! Аллоҳ таолонинг бандаларга меҳрибонлигини қаранг! Бутун борлиқ, барча мавжудотларни, инсониятни Ўзига сажда қилиши учун яратиб қўйган Холиқнинг ҳикматию карами кенглигини қаранг!

Ўша жасад ҳам, мол ҳам, фарзанд ҳам бизга Аллоҳ таоло томонидан берилган омонат. Бу омонатни Ўзи истаган вақтда балога гирифтор қилиб ёки яна Ўзига қайтариб олиб, бизни ўз ҳолимизга ташлаб қўйиши мумкин. Лекин Ҳақ таоло раҳимдилдир. У Зот омонатини қайтариб олар экан, бандаларига марҳамат кўрсатиб, тақдир қилган мартабага эришиши учун, Ўзи гирифтор қилган балога  сабр қилдириб қўяркан.

 Бу биз учун улуғ шараф эмасми!? Истасак-истамасак, ҳаётимиз давомида нуқсонга йўл қўювчи биз, ожиз бандалар учун Аллоҳнинг розилигини топишда, охиратимиз учун яхшиликка умид қилишда  бу улкан имконият эмасми?

Тарихга назар солсак, ҳеч бир пайғамбар йўқки, ё жасадида, ё молида, ё боласида синовга йўлиқмаган бўлса. Умматнинг пешқадамлари бўлмиш саҳобаи киромларнинг ҳаётини ўргансак, уларнинг не-не оғир синовларни бошларидан кечирганларига гувоҳ бўламиз. Энг асосийси, уларнинг ҳеч қайсилари бу синовлар учун Роббиларига исён қилмаганлари, аксинча, олий даражадаги сабрни намоён қилиб, барча ишларини Аллоҳнинг Ўзига таваккул қилганларини кўрамиз.

Назаримда, биз ўз давримизда дунё неъматлари билан уларга нисбатан бир неча маротаба кўпроқ сийланганмиз. Алҳамдулиллаҳ! Лекин биз ҳозирги кунда кўпроқ вақтимизни дунё ишларига: телевизор кўришга, қўл телефони орқали ҳуда-беҳуда ёзишиб ўтиришга, бир-биридан дабдабада қолишмайдиган тўйлар-у, тўқларнинг қорнидан бошқага манфаат бермайдиган турли маросимларни ўтказиш ва уларда иштирок этишга сарфлаяпмиз.

Натижада  ибодатда, зикрда, хайру-эҳсонда дангаса бўлиб, ҳали буткул мустаҳкамланмаган иймонимиз янада заифлашмоқда.

Демак, аслида хулқимиздан исёнкорликнинг кетиши, ғафлатдан уйғонишимиз, ишларимизни ислоҳ қилиб ва албатта, тавба қилиб, Аллоҳга қайтишимиз учун жасадимиздами, молимиздами, боламиз ёки бошқа яқинларимиздами, имтиҳон қилинишимизга ўзимиз муҳтож эканмиз.

Албатта, бу айш-ишратда давом этиб, синов келса, Ўзига қайтамиз, дегани эмас. Аксинча, барча имкониятимизни ишга солиб, серғайрат бўлиб, Роббимизнинг ибодатига, зикрига бел боғлашимиз, маъсиятлардан четда бўлишимиз даркор.

Аммо ҳикмат шундаки, модомики бизга оғир синов келаркан, бу ҳолатда уни гўзал сабр ила қабул қилиб, ишимизни Аллоҳга топширсаккина, бу мусибат аввалги қилган гуноҳларимиз учун кафорат бўлар экан. Қилган сабримиз учун эса улкан ажр-савобга эга бўлар эканмиз. Натижада охиратда улуғ мартабага эришиш учун бир имкон топган бўламиз, иншааллоҳ.

Шоюсуф Усманов

Мавзуга оид мақолалар
Мажлис уйланишдан олдин икки никоҳланишни истовчилардан бирида юқумли ёки уйланиш мақсадларига таъсир давоми...

16:51 / 16.10.2016 3210
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Арафа кунининг рўзаси икки давоми...

21:32 / 22.06.2023 993
Оилани сақлаб қолиш мумкин бўлмаган ҳолатда турмуш ўртоғингизга биргина саволни беринг Американинг давоми...

11:32 / 25.03.2019 3865
Бугун интернет тармоқларида эълон қилинган ушбу воқеа бутун Ислом оламини ва мусулмонларни ларзага солди. давоми...

22:56 / 02.02.2017 6890