Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Маълумки, ҳозирги кунда кишиларнинг турли юмушлари, борар ерлари кўп. Ҳамманинг касби ҳар хил. Мана шу ва бошқа сабабларга кўра, илм талабида бўлганлар баъзи ҳолларда дарслар ҳамда илм мажлисларида иштирок эта олмасликлари мумкин. Китоб ўқишга вақт топа олмасликлари мумкин. Масалан, бирор касб билан машғулсиз, дўконда ёки енгил машина ёки автобусда кетяпсиз, ана шу пайтда бемалол овоз тасмаларидан фойдаланиш мумкин. Эътибор қиляпсизми?! Хаёл суришдан кўра илм тингланган афзал. Фақат бу иш тартибли бўлиши керак. Касбингиз, иш ёки машғулот турига қараб, эшитиладиган сабоқни ҳам танлаш, мослаш керак. Мисол учун ишхонага етиб боргунга ўттиз ёки олтмиш дақиқа кетадиган бўлса, оладиган сабоқни шу вақтга мослаш керак. У орада, йўлда бўлиниб қолмасин. Кунига бир соат тингласа ҳам, қанча фойда. Бордию яхши англамаса, бирор нарса ҳалақит қилса яна қайта тингламоқ лозим. Шунда бир ҳафтада, бир ойда қанчадан қанча маълумотга эга бўласиз.
Эсингизда бўлсин, илм олишдаги асл восита диққат билан тинглашдир. Қуръони карим Жаброил алайҳиссалом орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тинглаш орқали етказилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Қуръон оятларини саҳобаи киромларга оғзаки етказганлар. Қуръони Карим тиловатини ўрганишда овоз тасмалари муҳим ўринга эга. Аллоҳнинг каломини ёд олиш ҳамда ўрганишда ушбу услубни қўллаётганлар бисёрдир.
Талаби илмда яна бир аҳамият беришимиз керак бўлган нарса азон ва иқомат орасидаги вақтни ғанимат билмоқдир. Маълумки солиҳ салафларимиз намоз вақтини алоҳида эҳтимом ила кутишган. Аввалдан таҳорат олиб шай туришган. Азон айтилганидан сўнг ҳамма ишни тўхтатишган. Айниқса, жума намозига жуда эътиборли бўлишган.
Афсуски, ҳозирги кунда жамоат намозига бундай эътибор анча суст . Шошиб азондан кейин дарров жамоатга етишиш у ёқда турсин, иқоматдан кейин намозга зўрға етишамиз. Жума намозини адо этишимиз учун эса беш дақиқа ҳам кифоя, деб ўйлаймиз.
Одатда азон ва иқомат ораси йигирма дақиқача бўлади. Намоз вақтига тақамасдан, аввалдан покланиб, азон айтиш пайтига масжидга етиб борсак ва то иқомат айтгунича Қуръон ўқисак ёки бирор илмни ўқиб турсак, қанчалар манфаатланган бўлар эдик. Бу дегани кунда азон ва иқомат орасидаги вақтдан камида бир соат ютиш деганидир. Шу билан бирга, намозга эрта бориш, биринчи сафда туриш каби амаллар учун ажри савобга эга бўлар эдик.
Мана шу ўринда бир масалани эслатиб ўтмоқчимиз. Толиби илмларни чалғитадиган яна бир нарса бор. Баъзилар илмимизни оширамиз деб, интернетнинг ҳар хил чалғитувчи саҳифаларидан бош кўтаришмайди. Қандайдар маънода у ҳам керакдир. Зарур хабар ва фойдали маълумотларни олиш мумкин. Аммо асосий илмни йиғиштириб қўйиб, бефойда маълумотларни ўқиш умрни зое қилади.
Бунга ҳозирги кундаги турли ижтимоий тармоқлардаги ҳолатларни ҳам илова қилишимиз мумкин. Бугунги кунда инсонларни беҳуда машғул қилаётган нарса айнан мана шулар бўлиб қолди. Зарурат юзасидан кифоя қиладиган ҳолатда ишлатиш мумкин. Лекин асосий амаллардан, хусусан, илм талаб қилишдан тўсиб қўйишидан ҳазир бўлишимиз керак.Одинахон Муҳаммад Юсуф