Қарғиш
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ёмғир шивалаб ёғар, кун анча совуқ бўлганидан ҳамма тезроқ манзилига етиб олишга ҳаракат қилар эди. Мен ҳам соябон олмаганим сабаб ёмғирда анча ивиб қолдим. Ижара уйга шошиб кирдим-у, ҳовлидаги аёлнинг ёқимсиз овозидан тўхтаб қолдим. «Эй Аллоҳ, яна бошландими?» деб кўнглим хира бўлди. Аёл нимадир айб қилган уч яшар ўғилчасини чунонам қарғар, ота-бобосини ҳам қолдирмай ҳақоратлар, орада шапалоқ ёки муштнинг овози ҳам эшитилиб қолар эди.

Ўзим учун ажратилган хонага кирдим-у, бармоқларим билан қулоғимни беркитиб олдим. Қанча турдим, билмайман, қулоғимни секин очсам, унинг «…ҳаромдан бўлган қурбонликка ярамайди. Сен итвачча гўр бўлармидинг, бўлсанг, манави отангга ўхшаган алкаш бўласан-да. Хезалак, даюс. Оғзингдан қонинг келиб, ириб-чириб кетгин, ҳаромзода», деяётганини эшитдим.

Этим жимирлаб кетди. Наҳот,  одам ўз фарзандига шундай мудҳиш тақдирни раво кўрса? Ҳатто инидан тушиб кетган қуш боласининг оёғи ёки қанотининг синганини кўришнинг ўзи аламли. Бу унинг жонидан бўлган боласи-ку! Инсон нега бола кўришни истайди? Уни нега боқиб катта қилади? Эри билан урушганда ёки ишхонадан гап эшитиб келганда, аламини олиш, уриб хумордан чиқиш учунми?

Кеч тушгач, болакай биз томонга келиб ўйнай бошлади. Мен: «Абдуллоҳ, бу ёққа кел», деб чақирдим. У худди йиртқич ҳайвон ҳужум қилгандек ёки бирор катта айб қилиб, онасидан калтак ейишни кутгандек бўйнини қисиб, кўзи тўла даҳшат билан қаради. Унга қарашнинг ўзи азобли эди. Юрагим эзилиб кетди.

Наҳотки, ҳаёт билан ҳали танишиб улгурмаган уч ёшли гўдакнинг кўзларида шунча дард, қалбида қўрқув бўлса?! Уни ёнимга чақириб, гапга сола бошладим. У индамай ерга қараб турарди. Бироз ўтиб ўзидан бир-икки ёш катта ўртоғи келиб: «Абдуллоҳ, юр ўйнайлик», деб қолди. Бола қатъий бош тортиб: «Кийимим ифлос бўлади, кейин ойимдан ейман», деб жавоб берди. Гап буёқда экан. Бояги қарғишлар, калтаклар унинг кийими кир бўлиб, ишёқмас онасига қўшимча ташвиш бўлгани учун экан! Ўйлаб қолдим. Наҳот кун келиб мен ҳам устини кир қилган, бирор идишни синдирган ёки ҳали жуда кичик бўлгани сабаб ақли етмай ҳожатхонани ифлос қилиб қўйган боламни шундай қилсам?!  Йўқ, йўқ, Аллоҳ сақласин.

Бола ўз оти билан бола. Билиб-билмай хато қилади, йиқилиб-сурилиб улғаяди.   «Фалончи ўн саккиз ёшли бола туғибди» ёки «Фалончининг боласи ўз кийимини, таглик, иштончаларини ўзи ювар экан. Тувагини ўзи тўкиб, ўзи ухлар экан» деган гапни қачон ва қаерда эшитгансиз?

Инсон бунёд бўлгандан токи ақлини таниб олгунича бўлган қийинчиликлар ўрнига неча-неча шаҳарлар обод бўлади дейишади. Халқимизда «Қарғаган болангдан яхшилик кутма» деган пурмаъно нақл юради. Мабодо, Аллоҳ кўрсатмасин, боласини бор маҳорати билан қарғаб турган аёлнинг «дуо»си ижобат бўладиган вақтга тўғри келиб қолса, нима бўлади?

«Ҳаромзода, бўйнинг узилгур, оғзингдан қонинг келсин, изинг куйсин, жувонмарг бўлгин», деб ялтироқ тишларимиз орасидан осонгина чиқаётган бу сўзлар аслида оддийгина бақириш ёки жаҳлни ифодалашми?

         Бизнинг ожиз гўдакни қарғашга ҳаққимиз борми?  Фарзандни гўзал сўзлар, эзгу дуолар қилиш ўрнига  ҳар ҳил жоҳилона, этни сескантирувчи сўзлар билан вояга етказишимиз инсофданми? Дунёга келиб, бешикдан то вояга етгунича қарғишга тўйинган танадан нима кутиш мумкин? Ахир, оддий ўсимлик ёки сув идишга солинган гуручга ёмон сўзлар айтилса сўлиб, айниб қолади-ю, борлиғи сувдан иборат бўлган гулдан нозик бола гуркираб ўсармиди?

         Боланинг ҳақиқий ЭГАси бор. У Зот ҳаммасини кўриб-кузатиб турибди. Бизга берган омонати ҳақида ҳали сўрайди. Фарзандимиз  Аллоҳнинг мусулмон бандаси, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати бўлиб дунёга келибдими, демак, биз унга масъулмиз. Ҳеч бир нарса беҳикмат вужудга келмайди, ҳеч нарса жавобсиз ташлаб қўйилмайди.

         Боласини қарғовчи ота-оналар, оғзимизга эҳтиёт бўлайлик.  Ўрни келганда қарғиш ҳақида билиб қўйган ҳам яхши.

         Қарғиш ҳам тил офатларидан бири бўлиб, икки хил бўлади: ман этилган ва ман этилмаган. Ман этилган дуоибад ҳам икки қисмдир: бегуноҳ инсонларни, ҳайвонларни қарғаш ва ўзини қарғаш.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзларингиз ҳақингизда дуоибад қилмангиз, фарзандларингиз зарарига дуоибад қилмангиз, мол-мулкларингиз ҳақига дуоибад қилмангиз. Аллоҳ томонидан бўлган ижобат соатларига дуоибадингиз тўғри келиб қолса, дуоингиз мустажоб бўлгай», деб огоҳлантирганлар.

 Қарғаш бўйича чемпион, болани калтаклаш бўйича мастер бўлган оналар, ўз оёғингизга ўзингиз болта уриб, келажагингизни барбод қилманг!

Зебуннисо Қутбиддин қизи

Мавзуга оид мақолалар
Шайх Али Тантовий Етмиш йилдан ошибдики, мен ўқиш билан бандман. Ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳнинг Сойдул давоми...

21:06 / 21.03.2023 1991
Рўза билан илк танишув Рўза тутмасам бўлмайди Ойижон, ахир касалсизку Рўза тутсангиз, аҳволингиз яна давоми...

16:00 / 09.03.2017 5954
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим  Қалам билан илм ўргатган, инсонга билмаган нарсасини ўргатган Аллоҳ субҳанаҳу давоми...

12:03 / 31.01.2017 3718
 Куни кеча Ҳилолнашр нашриётининг анжуманлар залида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф таржимаси билан Шайх давоми...

02:21 / 29.09.2018 3183