Гўзал фазилатлар соҳиби шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қадимдан юртимизда етишиб чиққан кўплаб алломалар бошланғич таълимни юртимиздаги таълим масканларида бошлаб, сўнгра араб мамлакатларида илмий салоҳиятларини оширишган. Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратлари ҳам Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси томонидан чет элга – Ливия Араб Республикасининг Триполи шаҳридаги «Исломий даъват факультети»га ўқишга юборилдилар.
Шайх ҳазратлари Қуръони Каримда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга илк нозил бўлган «Ўқинг» деган буйруққа ва Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг «Илмни ўрганинглар ва ўргатинглар» деган тавсияларига астойдил амал қилиб, илм олдилар.
Натижада илмий салоҳиятлари ва жамоат ишларидаги фаолликлари сабабидан араб талабалари орасидан талабалар раиси этиб сайландилар. Бу хизматда фаол бўлиб, бир неча бор талабаларга раҳбар бўлиб, ҳаж ибодатларини адо этдилар. Бу фидокорликлари билан имом Бухорий, Термизий, Самарқандий, Тошқандий, Бурҳонидин Марғиноний каби забардаст олимлар чиққан юртнинг ўғлони эканликларини кўрсата олдилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мазкур факультетни 1980 йилда имтиёзли диплом билан тамомлаб, юртга қайтдилар.
Бу сатрларда ёзилган сўзларни 12 март куни таъзия билдириш учун ташриф буюрган, Чеченистон ва Шимолий Кавказ мусулмонлари номидан келган делегация аъзолари ҳам айтиб ўтишди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг (ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси) Ташқи алоқалар бўлимида ишлаб, айни пайтда Олий маъҳадда, яъни Тошкент ислом институтида дарс бердилар.
Мен, Сайдалиев Мўминжон, 1982 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ҳузуридаги «Совет шарқи мусулмонлари» журнали (ҳозирда «Ҳидоят» журнали) нашриётига оддий ходим бўлиб ишга қабул қилиндим. Устоз билан яқиндан танишдим. У вақтларда «Совет шарқи мусулмонлари» журнали етти тилда чиқар эди. Бу журналларнинг деярли ҳар сонида устознинг мақолалари ҳам берилар эди. Журнал ўзбек тилида жуда кам сонда чиқарди. Кам ададдаги журнал фақатгина масжидларга, доналаб тарқатилар эди. Бошқа тиллардагиси эса чет элларга жўнатилар эди. Ҳозирда «Ҳидоят» журналидан барча юртдошларимиз бахраманд бўлмоқда.
Эсимда, хизмат юзасидан шайх ҳазратлари раҳбарлик қилаётган Имом Бухорий номли олий маъҳадга тез-тез борар эдим. Маъҳадда ҳазратни доим талабалар орасида учратар, улар билан дўстона савол-жавоб қилиб турганларини кўрардим, ҳазратдан самимийлик, камтаринлик сифатлари уфуриб турганини ҳис этар эдим. 1986 йилда мен ҳам маъҳад талабаси бўлдим. Талабалик давримда шайх ҳазратларида бўлган фазилатлар, хислатлар Пайғамбаримизнинг фазилатларидан эканлигини тушуниб етдим. Маъҳад талабаларининг барчаси устозни яхши кўрар эди. Ҳар доим устознинг дарс бериш учун бизга киришларини орзу қилардик. Шайх ҳазратлари тафсир, улумул Қуръон ва бошқа бир қанча фанлардан дарс берардилар.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси ҳамда муфтийси лавозимида ишлаган даврларида мен «Чимир ота» масжидида имом-хатиб эдим. Ўша даврда турли диний оқимлар авжига чиққан пайтлар эди. Шайх ҳазратлари ҳар чоршанба куни имом домлаларга Ислом ниқоби остида фаолият олиб бораётган турли диний оқимлар хақида, уларнинг ёвуз ниятлари борасида тушунтириш бериб, уларнинг найрангларини очиб берардилар. Қўл остидаги хизматчиларга ўта меҳрибон, мушфиқ бўлганлари боис, уларга фақат яхшиликни истардилар. Ислом ниқоби остидаги оқимларга шерик ва аъзо бўлиб қолмасликни таъкидлаб, ҳаттоки имомлар, ноиблар ва мутаваллилардан ёзма тарзда тилхат ҳам олган эдилар. Устозимиз доимо Ислом мусаффолиги учун фаол ҳаракатда эдилар.
Сўнги ўн беш йил ичида шайх ҳазратлари ўз фаолиятларини янада юқори чўққига чиқардилар. Юзлаб китоблар ёзиб, бир қанча сайтлар очдилар. Юртимизни дунёга танитган Имом Бухорий ва бошқа муҳаддисларнинг илмий меросини халқимизга «Олтин силсила» номи билан туҳфа этдилар.
Ҳозирда Ислом ниқоби остида фаолият юритиб, дунёни ларзага солаётган ИШИД каби Ислом душманларига қарши дунёнинг энг мўътабар 126 олимлари қаторида очиқ хат ёзиб, улар қилаётган ёвузликларни шаръий далиллар билан очиб бердилар. Ватанимиз ёшларини уларнинг макр-ҳийлаларига алданиб қолмасликларини таъкидлаб ўтдилар. «Очиқ хат» номли китобларида ва сайтларида уларнинг ҳеч бир ҳаракати на шариатга, на инсонийликга тўғри келишини тушунтириб бердилар. Шайх ҳазратлари мустақил ватанимизда олиб борилаётган барча хайрли амалларда, юртимиздаги улуғ неъмат бўлмиш тинчликни асраб-авайлаш ишида доимо фаол эдилар. Халқимизни шукронали ҳаёт кечиришга чорлардилар.
Шайх ҳазратларининг ҳаёт йўли барчага ибрат бўларли тарзда ўтди. Бутун умрларини ислом зиёсини тарқатишга, яхшиликка, эл-юртга, халққа, Ватанга, мусулмонларга, Исломга хизмат қилишга бағишладилар. Шайх ҳазратлари баракали фаолият юритиб, бой илмий мерос қолдирдилар. Шайх ҳазратлари мерос қилиб қолдирган китоблар ва билимлар халқимизни икки дунё саодатига етаклагувчи манба бўлиб хизмат қилишда давом этади, иншааллоҳ.
Бизлар 11 март куни шундай улуғ инсон, устозимиз шайх ҳазратларидан ажралиб қолдик. Юртимиз ва дунё мусулмонлари учун оғир жудолик бўлди. Аллоҳ таоло шайх ҳазратларини ўз раҳматига олиб, Фирдавс жаннатидаги улуғ мақомларга сазовор айласин. Уламолар замон тургунича боқийдирлар. Албатта, улар орамиздан кетган бўлсалар-да, хотиралари қиёматгача қалбларда абадий қолажак.
Мўминжон Сайдалиев