Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Закотни Исломнинг учинчи рукни қилиб, у орқали бойларга молиявий ибодат қилиш ва камбағалларга моддий ёрдам олиш имконини яратиб берган Ҳакиму Хабир Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин! Закот ҳақидаги илоҳий таълимотларни ўз умматларига англатиб, татбиқ қилишни кўрсатиб берган ҳабиб Пайғамбаримизга энг пок салавоту дурудлар бўлсин. Закот ҳақидаги аҳкомларни ва уларни тўғри татбиқ қилишни умматнинг келажак авлодларига нақл қилган Пайғамбаримизнинг оли байтлари-ю асҳобларига Роҳману Роҳим бўлган Аллоҳнинг розилиги бўлсин! Закот ҳақидаги оят ва ҳадислардан фойдаланишнинг осон йўлини бизларга ўргатиб кетган мужтаҳид уламоларимизга Ғаффоруз Зунуб бўлган Аллоҳ таолонинг мағфират ва раҳмати бўлсин! Исломнинг беш рукнидан учинчиси бўлмиш «Закот» ибодати ҳақида керакли маълумотларни билиш ва уларга амал қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. «Ҳадис ва ҳаёт» китобининг навбатдаги саккизинчи жузи айни ушбу рукнга бағишлангандир.
Муҳтарам ўқувчиларимиз! Бу жузда ўзларини қизиқтирган кўпгина саволларга жавоб топадилар деган умиддамиз.
Улар келажак саҳифаларда Аллоҳнинг ёрдами ила нима учун Исломда закот учинчи рукн қилинганини яхшилаб тушуниб олишлари мумкин. Шунингдек, закотнинг фарзлиги ва фазилати ҳақида, закот фарз бўладиган ва бўлмайдиган нарсалар ҳақида, кимлар закот бериши фарз бўлиши ҳақида ва закотнинг тўғри бўлиш шартлари ҳақида ҳам батафсил маълумотларга эга бўладилар. Ундан кейин кўпчиликни доимий равишда қизиқтириб келадиган масала, қайси хилдаги моллардан қандай закот чиқарилиши ҳақида сўз юритамиз. Қадимда закот, асосан, чорва молларидан чиқарилган. Шунинг учун бу бобда ўрганадиган ҳадисларимиз «Чорва ҳайвонлари закоти», «Закотга лойиғи бўлмаса, ўрнига бошқасини олиш», «Чорва ҳайвонлари закоти шартлари» ва «Ҳайвонот бойлиги закотига тегишли бошқа масалалар» каби сарлавҳалар остида келган. Мазкур масалаларни ҳам батафсил ўрганамиз. Турли мазҳабларнинг ижтиҳодларини зикр қилсак ҳам, ўзимизнинг Ҳанафий мазҳабининг айтганларига алоҳида эътибор берамиз. Зироат маҳсулотларидан чиқариладиган закотни бизда «ушр» деб аташ одат бўлиб қолган. Ушбу ўзгариш таъсирида бу хилдаги закот тушунчасида хатога йўл қўйилган. «Мазкур хато нима ва уни қандоқ қилиб тузатилади?» деган саволга ҳам ушбу китобда жавоб топиш мумкин. Шунингдек, зироат маҳсулоти нисоби ва бу соҳага тегишли кўпгина масалаларни тафсилоти билан ўрганамиз. Ҳозирги кунимизда закот ҳақида сўз борганда, асосан, муомаладаги пуллардан закот чиқариш англанади. Қадимда эса тилло ва кумуш пуллардан закот чиқарилган. Масалани аниқ билиб олиш учун тилло ва кумуш пулнинг закотини ҳам, нақд пулнинг закотини ҳам, қоғоз пулдан қандоқ қилиб закот чиқарилишини ҳам, тижорат моллари закотини, тақинчоқлар, етимнинг моли ва асалнинг закотини ҳам ўрганамиз. «Ҳайвонот маҳсулотларидан закот олинадими, ер ости бойликларидан-чи, сув ости бойликларидан-чи?»каби саволларга қадимги фиқҳ китобларимиздан жавоб топиш мушкул. Аммо «Ҳадис ва Ҳаёт»нинг «Закот китоби» деб номланган саккизинчи жузида бу саволларга жавоб бор. Шаръий манбаларда зикр қилинган закоти чиқарилиши лозим бўлган моллардан қоидаларга биноан закот чиқарилаверади. Аммо ҳозирга келиб номи шаръий манбаларда зикр қилинмаган, аммо ўзи даромад келтирадиган нарсалар пайдо бўлди. Уларнинг закоти бериладими ёки йўқми? Бу саволга муфассал жавоб топмоқни истасангиз, ушбу қўлингиздаги «Закот китоби»ни синчиклаб ўқиб чиқинг. Закотни вақтидан эрта бериш ва ўз юртидан бошқа томонга олиб бориш мумкинми? Ушбу саволларнинг жавоби ҳам келаси сатрларда баён қилинади. Закот берувчининг ҳам, закот олувчининг ҳам одоблари борлиги ҳақида хабарингиз борми? Агар бўлмаса, билиб қўйинг, Закот берувчининг одоблари алоҳида, закот олувчининг одоблари алоҳида зикр этилган. Уларнинг нималардан иборат эканини қўлингиздаги «Закот китоби»дан билиб оласиз. Закот ва садақа ҳалол бўлган ва бўлмаган кишилар кимлар эканлигини ҳам билиб қўйиш зарур. Закот ҳақдорларга қандай бўлинишини ҳам билиб қўйиш лозим. Ана шунда кишиларга ўз ҳақларини ўз вақтида Аллоҳ таоло кўрсатганидек қилиб етказиб беришни йўлга қўйиш осонлашади. Ҳозирги кунимизда кўп одамлар закотга оид турли масалаларни тинмай сўраб турадилар. Чунки бу мавзуни қайта ўрганиш етарлича йўлга қўйилмаган. Закот ҳақида ўз тилимизда алоҳида китоб чоп ҳам қилинмаган. Ушбу ва бунга ўхшаш кўпгина омилларни ҳисобга оладиган бўлсак, Аллоҳ таоло хоҳласа, қўлингиздаги ушбу китоб кўпгина масалаларни тўғри тушуниб олишимизда ёрдамчи бўлса, ажаб эрмас. Исломда молиявий ибодат фақат закот билан чегараланиб қолган эмас. Садақаи фитр ва бошқа садақалар ҳамда кўнгилли равишда қилинадиган хайри эҳсонлар ҳам кўп. Ана ўша нарсаларни яхшилаб ўрганиб олсак, ҳам мулкдорларга, ҳам муҳтожларга яхши бўлади. Мулкдорлар Аллоҳга молиявий ибодат қилиб, ўз вазифаларини адо этиб, савоб оладилар. Муҳтожлар ўз ҳақларини олиб баҳраманд бўладилар. Умуман, бу ишда ҳамма ютади, ютқазган бўлмайди. Қодир Аллоҳдан Ўзининг розилигини тилаб қилинган ушбу ожизона амални нуқсонларини афв этиб, қабул қилишни сўрайман. Муҳтарам ўқувчидан бу камтарона сатрларда яхшилик ва фойда топса, Аллоҳдан, нуқсон ва камчилик топса, камина ходимидан деб билишини сўрайман.