Нафсим мендан норози
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нафсим мени шундай ҳаракатга соладики, буни ўзим ҳам сезмай қоламан. Доимо унинг ниқташи сабаб хато тошларга қоқилиб йиқиламан. Баъзида унинг буйруқларини ақл тарозида ўлчаб ҳам ўтирмай сўзсиз бажараман. У хоҳласа бўлди, тўғри ёки нотўғрилиги, ҳалол ёки ҳаромлиги қизиқтирмайди, ўрнида бажо келтирилади. Бир кун шаҳарнинг бу четидаги емакхонада бўлсам, эртасига бошқа четидаги емакхонада унинг истагига кўра пайдо бўламан.

Нафсим менга йўлбошчи бўлганида фақат ўз манфаатимни кўзлаб, ёлғон сўзлаш мен учун оддий ҳолатга айланиб қолади, кимларгадир «йигитлик сўзи» деб берган ваъдаларим умуман ёдимдан кўтарилади, менга берилган омонатлар ўзимникига айланиб қолади. Виждоним бирор сўз деб кўрсин-чи, уни қалбимнинг энг чуқур жойига кўмиб юбораман.

Ота-онам олдидаги фарзандлик бурчим, фарзандларим олдидаги оталик масъулияти, рафиқам учун садоқат туйғулари аста емирила бошлайди. Нафсим дўстликка қилинган хиёнатни арзимас нарсалигини менга уқтирмоқчи бўлади. Баъзида ушбу дарсларининг самараси ўлароқ дўстларим билан арзимас дунё молларини деб аразлашиб қоламан-у, ўзимни ҳақ устидаман, деб даъво қиламан.

Аслида менинг зиммамда бўлган вазифалардан бири ёрдамга муҳтож кишиларга миннатсиз кўмаклашиш бўлса-да, нафсим ўзгаларга қилган арзимас ёрдамимни ҳам кўзимга улкан қилиб кўрсатади. «Ўнг қўл берганини чап қўл билмасин» деган ўгитни яхши билсам-да, нафсим бирор баҳона билан кишилар кўп йиғилган жойда уни ошкор қилишга ундайди. Қилган яхшилигимни айтмоқчи эмасдим-у, билмасдан оғзимдан чиқиб кетган киши бўламан гўё.

Ҳар гал ўзида йўқ нарсаларни кўрганда нафсим мени маломат қилади: нега энди унда бор-у, менда эса йўқ... У шунчалар кўп нарса хоҳлайдики, унинг ўзи учун керак бўлмаган нарсалар ҳам уники бўлишини истайди. Кийимларни энг қимматидан ва охирги «мода»дагисини кийгиси келади. Шундай ҳам бўлади, аммо бошқа бировнинг устидагиси ўзида йўқлигидан, барибир, нолийверади.

Бошқалар эришган ютуқлар ҳам мен учун баъзида севинчли ҳолат эмас. Чунки мен ҳали ундай ютуққа эришганим йўқ. Нега энди бошқалар чет элнинг чиройли машинасини миниб юрса-ю, мен ҳали ҳам жамоат уловларини қор ёки ёмғирга қарамай бекатда кутаётганимдан нафсим ранжийди. Ёшгина болалар қўлидаги ажойиб қўл телефонини кўрганда нафсим яна эски нағмасини бошлайди, эринмай ҳаммасини бошидан такрорлайди.

Оддийгина шинам ўзбекона ҳовлида яйраб яшаётган вужуд, бирдан европача уйларни хоҳлаб қолади. Бу ҳам ҳеч қаноат нималигини билмаган нафсимнинг ғалаёни туфайли. Шунчалар юқорига интилганидан пастга назар ташлаб туриш лозимлигини унутиб юборган. Нафсини жиловлаб, сабрли бўлиб, ақл билан иш юритиб ҳаёт кечираётганлар ҳам борлиги мен учун хомхаёл.

Нафсим мени маломат қилаверганидан тинчим йўқолган. Бошқалар ҳам худди шундай ҳолатни бошидан кечирадими ёки бу фақат мендами? Ўзгалар нафсини ақл буйруқлари билан хипчинлаб йўлга сола олади-ю, нега энди мен ундай қила олмайман? Нега доим нафсим ақлимдан устун келиб, уни ўзининг йўлидан юришга мажбур қилаверади? Ўзгалар нафсларини нима билан тарбия қилишаркан-а? Ёки уларда нафс йўқми? Маломат тошлари билан тинмай бошимни ёрадиган нафс фақат менда борми!? Тавба, нималар деяпман, инсон борки барчасида нафс бор-ку, улар ҳам мен каби кишилар-ку.

Ойлик маошига қаноатланган кишиларга ҳавасим келади. Уларда ўзгача ташвишлар, турли муаммолар меникидан кўра камроқ кўринади, балки шундайдир. Менинг нафсим эса тижоратдан топган бир неча маошга тенг маблағни кам санайди. Қўлидаги бири ўн бўлгунича тиним билмайди. Ўнга етказгач эса бирдан ўнга кўпайганига қарамай яна камлигини такрорлайди. Турли-туман ажойиб нарсаларни сўрайверганидан яшашни қийинлаштириб юборади. Нафсимнинг кўзини фақат тупроқ билан тўлдириш мумкинми, деб ўйлаб қоламан.

Муҳаммад Собир

Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvMc1lrVSzPX8featureyoutu.beembed

15:54 / 27.02.2018 3080
Туркиялик 63 ёшли уй бекаси ўзининг санъатга бўлган кучли қизиқиши ортидан интилиши билан атрофдагиларни давоми...

08:45 / 12.04.2019 2952
Ер Соати инг. Earth Hour ҳар йили  Умумжаҳон ёввойи табиат фонди WWF томонидан ўтказиладиган халқаро воқеадир. У давоми...

10:43 / 02.03.2017 4214
Саккизинчи кун... Ассалому алайкум Яхшимисизлар Бугун саккизинчи кун. Бугун ифторлик дастурхонига таом давоми...

20:41 / 03.06.2017 4188