Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Оҳ, мусибатимда ҳамдардим, Устозим!
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳ, фазилатли шайха Устозим Одинахон Муҳаммад Содиқ! Бутун ер юзи бўйлаб тарқалган бу мудҳиш хабардан юраклар пора-пора бўлди, Ислом олами чуқур қайғуга чўмди, еру осмон титради, оғир жудолликка учраган миллионлаб шогирдларнинг қадлари букилди.
Буюк аллома, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ҳазратлари вафот этганлари сабабли эвазсиз йўқотишга учраган жамики мусулмонларга, Ўзбекистон халқига, ҳазрати Устозимизнинг миллионлаб шогирдларига – барча-барчага Аллоҳ таолодан гўзал сабр сўрайман. Хусусан, оғир жудоликка учраб, энг катта мусибатни бошингиздан кечираётган сиз, азиз Устозимга, аҳли оилангизга, яқин қариндошларингизга, Фотима ҳожи аяжонимизга, акажонингиз Исмоил ҳожи акага, Оминахонга Аллоҳдан чексиз сабру бардош тилайман. Чунки бундай мусибатдан ҳаммадан кўра кўпроқ ўша инсоннинг аҳли оиласи ва фарзандлари соғинчли алам ила оғриқли изтироб туйишлари шубҳасиз. Буни бундан бир неча йиллар олдин Аллоҳнинг қазои кадари ила оиламдаги энг яқин инсонимдан айрилганимда ҳис қилган эдим. Лекин бугун Устозимиздан айрилганимда шуни тушуниб етдимки, бу мусибат олдингисидан юз чандон зиёдроқ экан.
Ухуд жангидан сўнг Бану Нажжорлик бир аёлга эри, акаси ва отасининг ўлими ҳақида хабар берилганда у тинимсиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ахтарганининг, Аллоҳ таолодан у Зотга соғлиқ сўраб дуо қилганининг, сўнгра у Зоти муборакни кўрганида, «Сиздан кейин бошқа мусибат арзимас», деб айтган гапларининг маъносини бугун тушуниб етдим. Ҳазратим, жоним сизга фидо бўлсин. Шунинг учун ҳам суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олимнинг ўлими – оламнинг ўлими», деган эканлар-да!
(الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ)
«Улар ўзларига мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деганлардир» (Бақара сураси, 156-оят).
Мен ушбу оятда Аллоҳим васф қилган мўмин ва мўминалар сиймосида бугун сиз, азизларим, яъни Ҳазратимнинг аҳли оилаларини кўрдим. Чунки мусибатнинг биринчи зарбасидаёқ сабр қилиш, ниҳоятда оғир бўлган бир вақтда кечагина уйингизни тўлдириб, бағрингизни бутун қилиб турган, ҳам Устозингиз, ҳам Қиблагоҳингизга бугун жаноза ўқиб туришингиз – бу айни Қуръонда васф қилинган мўминликнинг ўзидир!
Миллионлаб шогирдлар қуруқликка чиқиб қолган балиқдек ўзларини ҳар ёнга уриб, «Энди Устозимизсиз нима қиламиз, энди нима бўлади?» деб турган бир вақтда Устозимизнинг илм уммонларидан сув ичиб катта бўлган гул мисол қизлари – устозимиз Одинахоннинг:
«Мен бу саволга Ҳазратимнинг ўзларининг гаплари билан жавоб бераман: «Яхши бўлади, иншааллоҳ, хайр бўлади, барака бўлади». Ҳазрат ҳар нарсанинг тадбирини қилар эдилар. Китоблар тугаб кетмайди, ҳазрат уларни ўзлари билан олиб кетиш учун ёзмаганлар. У кишининг ҳали нашр қилинмаган китоблари ҳам жуда кўп. Босмахона ишлаб турибди, ишчилар бор. Бошқа нарсалар ҳам худди шундай. Сайтларимиз ҳам ишлайди, янада яхши ишлайди. Иншааллоҳ, саволларга жавоб берилади. Ҳазратим йиллар давомида кўплаб шогирдларни етиштирдилар, уларга вазифалар топширганлар, кўп таълим берганлар. Аллоҳнинг изни ва тавфиқи ила ҳаммаси давом этади», деган гаплари Ҳазрат устозимизнинг кўплаб мухлису шогирдларига жуда катта далда бўлди, десам муболаға бўлмайди. Азиз устозим Одинахон, бу сўзларингиз сизнинг олим отангизнинг ҳақиқий вориси эканлигингизни яна бир бор исботлади!
Ҳазратим! Кўплаб инсонларнинг қалбларини иймон нури билан мунаввар қилиб, қоронғу зулматдан ёруғ ҳидоят йўлига етаклаганингиз каби, менинг ҳам ҳаётимдаги қоронғу кунлардан ёруғликка чиқиб, иймон ҳаловатини татишимга Аллоҳнинг инояти билан айнан ўзингиз сабабчи бўлган эдингиз. Кўзларимдан шашқатор бўлиб қуйилаётган ёшларим билан, қалбим маҳзунлигида ёзаётган ушбу сатрларни барчамизнинг устозимиз, буюк аллома Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ҳазратларининг барча яқинларига таъзиянома деб қабул қилгайсиз!
Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки, бизнинг оиламиз исломий оилалардан бўлиб, ота-онам ҳам илм аҳлини севадилар, ҳурмат қиладилар. Шунинг учун ҳам биз оиламиз билан Ҳазратимни у кишининг китоблари, тарқатаётган зиё нурлари орқали яхши таниб, ўзимизнинг севимли Устозимиз деб биламиз. Мен ҳам, укаларим Камолиддин ва Шаҳобиддин ҳам Ҳазратни ўзгача муҳаббат билан яхши кўрамиз. Шунинг учун бўлса керак, у кишини тушларимизда кўп кўрардик ва ана шундай кунларда биздан бахтли инсон бўлмасди гўё.
Бир куни тушимда Ҳазратим уйимизда амри маъруф қиляптилар, одамлар у кишини ўраб олган. Ҳамма бахтли эди, негаки Ҳазратимнинг сўзларини ёнгиналарида туриб тинглашар ва дуоларини олишарди. Меҳрибон дадажоним у кишига энг яқин жойда туриб, эҳтиром кўрсатардилар. Мен эса бир ҳужрада қамалиб қолиб, «Мен Устозимизни ҳаммадан кўпроқ яхши кўраман-ку, Устозимдан дуо олишга ва бир ҳарф бўлса ҳам у зотдан дарс олишга ҳаммадан кўпроқ мен ҳақлиман», дея алам билан дод солардим. Чиқолмаслигимнинг сабаби эса рўмолимни йўқотиб қўйганим экан. Бир пайт ҳамма тарқалибди, Устоз амри маъруфни тугатиб, кетибдилар. Мен эса шундай аллома инсонни кўролмадим, деб фиғоним фалакка етиб дод соляпман. Шунда ногаҳон эшик тақиллади ва кимдир ўта салобатли овоз билан «Меҳринисо», деди. «Лаббай», деб эшик томонга қарасам, не кўз билан кўрайки, Ҳазрат устозимиз қўлларида оппоқ рўмол билан турибдилар. У киши менга уч дона хурмо узатдилар. Мен кўзларимда ёш билан «Устоз, мени танийсизми?» десам, «Ҳа, мени яхши кўрган шогирдларимнинг ҳаммасини танийман», дедилар. «Агар сизни излаб борсам, менга ҳам дарс берасизми?» дедим. У киши мулойимлик билан: «Ҳа», дедилар.
Мен мана шу тушни кўрганимдан кейин «Иншааллоҳ, Ҳазратдан дарс оламан, агар аёлларга дарс бермасалар, дуоларини олиб, кейин изн берсалар, аёлларидан ёки қизларидан дарс оламан», деган ниятда юрардим. Биз Тошкентдан анча узоқда яшашимиз сабабли бир неча вақт ниятларим амалга ошмади. Орадан анча йиллар ўтиб, икки йил олдин бошимга Аллоҳнинг синовларидан бири, мусибат келди, жондан ортиқ кўрганим – умр йўлдошимдан кутилмаганда айрилиб қолдим. Ҳали ўн гулидан бир гули очилмасдан, оғир касалликларни бошларидан ўтказиб, ҳаттоки олий тоифадаги шифокорлар «Ўзларининг яшашларидан умид йўқ-ку, фарзанд қаердан бўлсин!» деганларида ҳам Роббимнинг марҳаматидан ноумид бўлмасдан, муборак умра сафарларида бўлиб, дуолар билан кута-кута 10 йил деганда етишган фарзандларининг дийдорига тўймасдан, 33 ёшларида бу фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилган эдилар. Мен эса 3 ёшли қизим Фотима ва 1 ёшли ўғлим Муҳаммад Юсуф билан оғир мусибатда қолиб, бир умрлик айрилиқнинг соғинчли азобига, не ҳасратда етишган фарзандларимизнинг Отадек буюк неъматдан айрилганига чидаёлмасдан, «Оғир дард бердинг, чидаб, шукр қилдим. Фарзандларим дунё юзини кўрмасдан нобуд бўларди, чидадим. Одамларнинг яхши-ёмон танаю дашномларига чидадим, лекин бунисига чидолмаяпман, Роббим!» дея Аллоҳга нола қилардим. Ота-онам, қайнона-қайнотам, яқинларим овутар, «Сабр қил, Аллоҳ яхши кўрган бандаларига мусибат беради», дерйишар, лекин бу гаплар мени баттар қақшатар, юрагимни эзарди. Шунда укам Камолиддин: «Опам иймонли аёл, оз бўлса ҳам, илми бор. Уларни гапи ўтадиган кишининг олдига олиб борайлик. Опам Шайх ҳазратларини жуда ҳурмат қиладилар, у кишининг насиҳатлари опамга далда бўлади», деб мени энг оғир, изтиробли аҳволимда Тошкент шаҳрига, Ҳазратимнинг зиёратларига олиб келди. Аллоҳга беҳисоб шукроналар бўлсинки, биз Ҳазратимни зиёрат қилиб, дуоларини олишдек улкан бахтга, неъматга муяссар бўлдик.
Ўша, бундан анча йиллар олдин тушимда «Кўролмадим», дея дод солиб йиғлаётганимда оппоқ рўмол бериб, мени овутганларидек, бизга қилган насиҳатлари, исломий ўгитлари билан қалбимдаги зулматга ёруғлик ато этдилар, юрагимдаги уқубатларни кетказдилар. Мусибатим туфайли қалбимни эзаётган саволларимга юракка таскин бўлувчи хайрли жавоблар бердилар. Менга юракдан ҳамдардлик билдирдилар ва:
«Аллоҳнинг қазои қадарига рози бўлинг, «Нега ундай бўлди? Нега бундай бўлди?» деган гапларни тўхтатинг! Сабр қилинг! Аллоҳ сабрлиларни севади, Аллоҳни севинг! Илм ўрганишда бардавом бўлинг! Тушингизнинг таъбири ҳам жуда хайрли. Фарзандларингизни илмли, тақволи қилиб ўстиришга ҳаракат қилинг, ёнингизда ғамхўр укангиз бор эканлар, шукр қилинг», дедилар ва фарзандларимнинг ҳаққига алоҳида илми лаъдунни ва икки дунё саодатини сўраб дуо қилдилар, ўзимнинг ва ўтган азизимнинг ҳақларимизга ҳамдардлик ва жонкуярлик билан хайру барокатли дуолар қилдилар.
Ҳазратим, жойингиз Фирдавс жаннатининг энг олий мақомида, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида бўлсин. Менга ўхшаган оддийгина шогирдингизга шунчалар эҳтиром кўрсатганингиз учун ҳам Аллоҳим сизни энг олий жаннат неъматлари билан мукофотласин.
Ўша куни биз Ҳазратимнинг хонадонларидан қайтар эканмиз, қалбимдаги оғриқни унутгандек бўлдим. Шундай улуғ зотнинг гаплари мен учун ҳақиқий маънода далда ва ҳаётга қайтишимга сабаб бўлганди, десам, ҳеч муболаға бўлмайди. Сўнгра онам билан менга Ҳазратнинг қизлари Одинахон устозимизни кўриш, зиёрат қилиш насиб қилгани нур устига нур бўлди. У киши бизнинг ҳолатимизни тушуниб, ҳамдардлик билдириб, яхши сўзлар билан кўнглимизни кўтариб кузатдилар. Энди фақат Ҳазратнинг аёллари Фотима ҳожи аяни ҳам кўриб, у кишидан ҳам дуо олиш орзуси хаёлимни чулғаб оларди. Лекин уйга қайтиш вақти белгиланган, самолётимизнинг учиш соати яқинлашиб қолган эди. Аэропортга бориб, самолётга чиқамиз деб турганимизда бирдан ҳаво булутли бўлгани учун учиш вақти бир соатга кечиктирилганини эълон қилишди. Биз анчагина кутиб қолдик. Шу пайт қабул бўлимидан ўтиб, биз томонга келаётган истарали, нур юзли аёлга кўзим тушди. У киши менинг ёнгинамга келиб ўтирдилар ва менга қараб:
«Андижонгами?» дедилар.
«Йўқ, Сурхондарёга», дедим.
Ўзимга ўзим савол бераман: «Бу аёлни қаерда кўрганман? Нега мени бунчалик ўзларига тортяптилар?» У кишининг ой каби нурли юзларига қараган сайин қарагим келарди. Шу пайт телефон орқали кимгадир Одинахон ҳақида гапирдилар. Мен:
«Одинахонга қандай яқинлигингиз бор?» дедим.
«Оналариман», дедилар. Мен яна иккиланиб, қулоқларимга ишонмай:
«Тушунмадим? Ҳазратнинг…» дейишим билан:
«Ҳа, Ҳазратингизнинг аёллари бўламан», дедилар.
«Аллоҳим, қанчалар меҳрибонсан! Самолётни тўхтатиб қўйиб, излаган кишимни ёнгинамда пайдо қилдинг!» дея ич-ичимдан қувониб, Аллоҳга шукроналар айтардим. Биз бир муддат гаплашдик. Гапимнинг орaсида:
«Мен сизларни излаб келгандим, – деб қисман аҳволимни тушунтирдим ва: – Сизнинг дуоингизни ололмай, кўнглим тўлмай кетаётгандим», дедим. У киши мени дуо қилиб:
«Доим Тошкентга келганингизда олдимга киринг. Ҳазратдан ўзим дуо олиб бераман. Мен закот пулларини олиб кетаётгандим, ундан сизга ҳам берай», дедилар.
«Йўқ, менда пулга зарурат йўқ, дадажоним бизни ҳеч нарсага зориқтирмаяптилар», деб Фотима ҳожи аямни самолётларига кузатиб қўйдим. У киши мени, болаларимни қучоқлаб, хайрлашдилар. У кишининг хайрлаша туриб айтган гаплари ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди:
«Ҳар доим дуодаман. Сабрли бўлинг».
Мен ўша куни шунга амин бўлдимки, Роббимдан бирор нарсани астойдил дуо қилиб сўрасангиз, меҳрибон Роббим чин ихлос билан сўраган нарсангизга, албатта, етиштирар экан. Зеро, Аллоҳ таолонинг шундай ваъдаси бор:
«Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи Менга дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман. Бас, Менга ижобат қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар. Шоядки, тўғри йўлни топсалар» (Бақара сураси, 186-оят).
Ҳа, Аллоҳ Ҳазратимни сабабчи қилиб, мени тўғри йўлга йўллаб қўйган бўлса, не ажаб! Яратган Эгамнинг Ўзига беҳисоб шукр ва ҳамду санолар бўлсинки, ўшандан буён мен Ҳазратим ёзган китобларни олиб, ўқиб-ўрганиб келаман, у кишини устозим деб биламан. Фарзандларимга эса ҳар хил мультфильму эртаклар ўрнига устозимга ўхшасин, деб ихлос билан у кишининг ҳар хил видео ва аудио дискларини қўйиб бераман. Уларга: «Бу киши Шайх бобонгиз бўладилар», деб Ҳазратимнинг илм зиёларидан уларни баҳраманд этишга ҳаракат қиламан. Айниқса, 3 ёшлик ўғлим Муҳаммад Юсуф ҳар куни: «Аяжон, Шайх бобомни қўйиб беринг, Шайх бобомни кўришга қачон борамиз?» деган сари юрагим бир дунё қувончга тўларди.
Ўша куни… Ҳазратдан айрилиб қолганимизни эшитганимиздан буён ўғлим Муҳаммад Юсуфнинг жойнамозим устига келиб, кўзларимдан тўхтамай оқаётган ёшларни жажжи қўллари билан артиб, чучук тили билан: «Аяжон, Шайх бобом жаннатга кетиб қолдиларми? Нега кетиб қолдилар? Дадамга ўхшаб энди қайтиб келмайдиларми?» дея қайта-қайта сўрашлари, ҳар куни менинг мусибатимга шерик бўлиб йиғлашлари юрагимни эзмоқда. Ҳазратим, шу мурғак гўдакнинг ҳам қалбини забт этишга улгурибсиз-ку, биз, катталар, қандай чидайлик бу айрилиққа?! Жойингиз Фирдавс жаннатларида бўлсин, Ҳазратим!
Халқимиз орасида илм-маърифат билан диний саводхонликни ошириш мақсадида юзлаб китоблар ёзиб, аудио-видео дисклар чиқариб, интернет тармоғида www.islom.uz, quran.uz, islam.uz, muslimaat.uz, hadis.islom.uz номли вебсайтлар очиб, масжидларда илм дарслари билан жон куйдириб хизмит қиладиган Падари бузрукворингиз Шайх ҳазратларига ўхшаган буюк алломалар 100 йилда ёки 1000 йилда бир туғилсалар керак, десам муболаға бўлмаса керак. У киши азиз халқимизга ва неча миллионлаб шогирдларига илм йўлида жуда кенг имкониятлар яратиб бердилар, улар хоҳ машинада бўлсин, хоҳ бирон юмушларини бажариб турган вақтда бўлсин, у кишининг илм булоғидан баҳраманд бўлдилар. Айниқса, уй-рўзғор ишларидан бўшамасдан, қўлларига китоб олишга вақт тополмаган аёллар учун бу аудио, видео ёзувлар катта бир имконият бўлди.
Ҳазратим, илоҳо, овозларингиз қиёматгача илм ўргатишда бардавом жаранглаб турсин ва бунинг учун ҳам Аллоҳим Ўзи беҳисоб ажру савоблар берсин. Мен бу ерда фазилатли шайх Ҳазратларининг қилган ишларини, илм йўлида олиб борган хизматларини, фазилатларини санаб ўтмоқчи эмасман. Чунки мен дунёдаги барча яхши сўзларни, энг яхши ишларни ва фазилатларни ул зотга нисбат берсам ҳам, камлик қилади.
Устозимизнинг энг яқин шогирдларидан бўлган «islom.uz» сайти ҳодимларига, сизу бизни, миллионлаб шогирдларини узлуксиз равишда Ҳазратимнинг китоблари билан таъминлаб турган бахтли инсонлардан бўлмиш муҳтарам «HILOL NASHR» нашриёти ходимларига ҳам Аллоҳдан улкан ажру савоблар беришини, Ўз ҳивзу ҳимоясида сақлашини дуолар қилиб сўрайман ва қилаётган хизматларингиз учун миннатдорчилик билдираман. Сиз Азизлар, иншааллоҳ, бемисл, беқиёс хизматда бўлиб, Устозимиз қолдириб кетган омонатларни халқимизга, бутун Ислом оламидаги миллионлаб шогирдларига кўз қорачиғидек асраб-авайлаб етказиб берасизлар, деган умиддаман.
Барчамизга Аллоҳ таборака ва таоло юртимиздан чиққан буюк аллома, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, мутафаккир олим шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ қолдириб кетган улкан илмий меросни ўқиб, ўрганиш насиб этсин. Ўзлари ҳар бир ёзган китобларида таъкидлаганларидек, «Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби асосида пок ақида ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва Суннатни ўрганиб, амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлилик ва биродарлик руҳини тарқатиш. Диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш» шиорини маҳкам тутишни, иншааллоҳ, охиратда ҳам у киши билан ёруғ юз ила дийдорлашишни, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари ила энг суюкли умматлари қаторида устозимиз билан бирга туришни ва жаннатдек улкан саодатни ҳаммамизга насиб қилсин, омин! Ва охиру даъвана анилҳамдулиллаҳи Роббил аъламин!
Меҳринисо Нақиева.