Буюк мусибат
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иброҳимнинг вафоти

Ҳижратнинг ўнинчи йили бошланганди… Пайғамбар алайҳиссаломнинг кенжа фарзанди Иброҳим ўн олти ойлик бўлганди. Онаси ҳазрат Мария қучоғида шунақа ширин бўлиб ётардики, уни ўпмасдан Пайғамбар алайҳиссалом ухламас эдилар.

Бошқа ўғиллари Қосим билан Абдуллоҳ ҳали Маккада эканликларида вафот этишган, қизларининг учтаси эса шу ерда вафот этишган, ҳазрат Фотимагина қолган эди. Иброҳим бу бўшлиқни тўлдирар, кўзларни қувонтириб ўсар эди. Юраклари сиқилса ёки хафа бўлса, Пайғамбар отаси дарҳол унинг ёнига борар, уни севиб қучиб, тасалли топардилар. Аммо болакай бирдан хасталаниб қолди. Аҳволи тез ёмонлаша бошлади. Онаси ҳазрат Мария қўлидан келганини қилар, кечаю кундуз тинмай парваришлар эди. Ўғлини кўргани кирган Пайғамбар алайҳиссалом унинг кўзларида илгарги нур, ҳаракатларида илгарги завқ йўқлигидан қанчалар сиқилсалар ҳам, ҳазрат Марияни бўлажак ҳодисага аста-секин ҳозирлай бошладилар. Бир куни… Иброҳим ўта оғирлашиб қолганлиги хабари берилган Пайғамбар алайҳиссалом кўзлари ёшга тўлганча дедилар: – Аллоҳ тақдирига қарши қўлимиздан нима ҳам келарди, эй Иброҳим! Ғам қаддини букиб қўйган ҳазрат Марияни юпатардилар – Иброҳим малакларга қўшилиб парвоз қиларди. Саҳобалар кўз ёшлари, ичдан келаётган нолаларини куч билан тўхтатиб туришарди. Пайғамбар алайҳиссалом кўзларида ёш кўрган саҳобалар сўрашди: – Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз ҳам йиғлаяпсизми? Ахир бундай йиғлашни ўзингиз ман этмаганмидингиз? – Эй Абдураҳмон! Мен гуноҳ ва аҳмоқликнинг ифодаси бўлган йиғи ва қичқириқларни ман этганман. Сохта бақириқ, юз-кўз тимдалаб йиғлашни таъқиқлаганман… Менинг йиғим эса шафқат белгиси. Ачиниш, марҳамат ифодаси. Марҳамат кўрсатмаганга марҳамат кўрсатилмайди! – Аллоҳ ва Расули яхшироқ билади. – Кўз ёш тўкади, қалб таъсирланади. (Аммо нима бўлса ҳам) биз улуғ Роббимиз рози бўладиган сўздан бошқасини гапирмаймиз. Валлоҳи, эй Иброҳим, сендан айрилиш бизни жуда маҳзун этди. Бироздан сўнг қаршиларидаги тоққа маюс боқиб, яна дедилар: – Эй тоғ! Агар менинг ғамим сенда ҳам бўлганида, бошимдан ўтказганларни сен ҳам кечирганингда дош беролмай йиқилардинг! Аммо биз Аллоҳнинг амрига бўйсунамиз: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» – «Муҳаққақки, биз Аллоҳдан келдик ва яна Унга қайтажакмиз!» Гўдакни ювиб кафанлаб, Бақийъ қабристонига қўйдилар. Жаноза намозини Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари ўқидилар. Қабрга тушириб устига тупроқ тортарканлар, муборак кўзларидан тўкилаётган ёшлар тупроққа қоришиб борарди…

* * *

Иброҳим тупроққа топширилган куни қуёш тутилди… Ҳамма буни гўдак ўлимига боғлаб гапиришга тушишди. Бундан хабар топган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: – Эй одамлар! Шуни билингки, қуёш ҳам, ой ҳам Аллоҳ таолонинг қудрати аломатларидир. Бирор киши вафоти ё туғилиши туфайли тутилмайди.

* * *

Пайғамбар алайҳиссалом шу вақтгача уч ўғил ва уч қизларини йўқотгандилар. Энди севимли фарзандларидан фақат ҳазрат Фотима қолди… Жангларда эса ҳазрат Ҳамза каби яқинлари, биродарларидан айрилдилар. Ҳар бир айрилиқ ханжар каби тилкалаган юрак Иброҳимнинг вафотига дош беролмайдигандай эди. Аммо одамлар орасида янглиш мишмишлар тарқаганда бутун алам-изтиробларини ичига ютиб, асл моҳиятни очиб бергандилар. Ўлганлар ўлар, аммо ҳаёт давом этаверарди…

Видо ҳажи

Макка фатҳидан сўнг шаҳар ва унинг атрофи тўла исломийлашганди. Исломга қарши қалъалар ҳам бирин-кетин таслим бўлаётганди. Тоиф каби учига чиққан ёлғончилар ҳам ўзлари Мадинага келиб, мусулмон бўлиш истагини билдиришди. Муслимлар кўпайган, Ислом дини ёйилиб, кучайиб бормоқда эди…

* * *

Ҳижратнинг ўнинчи йили давом этаётганди. Пайғамбармиз алайҳиссалом ҳаж сафарига ҳозирлана бошладилар. Мадина ва унинг атрофидаги барча мусулмонларга хабар берилди. – Пайғамбар алайҳиссалом билан ҳаж қилишни истовчилар йўлга тайёрлана бошлашсин!

Буни эшитган мусулмонлар Мадинага гуруҳ-гуруҳ кела бошлашди. Юз минг мусулмон билан йўлга тушган Пайғамбар алайҳиссаломга завжалари ҳамда қизлари ҳазрат Фотима ҳам ҳамроҳ бўлишганди. Сафар давомида кўпайиб бораётган мусулмонлар нур ирмоғи каби Маккани янгитдан фатҳ этиш учун боришарди. Денгиз каби… Ҳамма қувончда эди… Фақат ҳазрат Фотима қалбида қувонч билан қайғу бирга яшаётганди. Бу ердан кетаётганда уч опаси бор эди, қайтаётганда эса ҳеч бири…

* * *

Ҳаж фарзларини мукаммал бажарган ҳазрат Фотима онасини зиёрат этгани борди. Унга севимли опаларининг саломини келтирганди… Қабр бошида уч бор Ихлос, бир бор Фотиҳани ўқиди. Сўнг қабр четига ўтириб, Ёсини шарифни ўқиб дуо қилди.

Сўнг… онаси билан сўзлаша бошлади. Опалари вафот этгани, энди ёлғизлиги, Исломнинг ёйилгани… Лабини тишлаб олганди… Аммо кўз ёшларларини тўхтата олмасди…

Пайғамбар алайҳиссалом вафотлари

Коинот сарвари баъзан ярим кечаси, баъзан эса қоқ пешинда, ноодатий вақтларда зиёратларга борадиган бўлдилар. Бақийъ қабристони, Уҳуд шаҳидлиги каби… Ҳамиша зиёратда бўлардилар ва саҳобаларга ҳам шуни буюрардилар. Аммо энди бу зиёратлар тезлашган, кўпайган эди. Бунинг боисини кўпчилик англади, баъзилар эса қизиқсинди.

Орадан бир неча кун ўтди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом хасталандилар… Аҳволлари шунчалар оғир эдики, муборак вужудлари ўт бўлиб ёнарди. Мадина буюк ғам гирдобида қолди.

* * *

Ҳазрат Фотима болалари ва хўжайини билан Пайғамбар отасини кўргани келди. У тез-тез келиб турар, ҳазрат Оишага ёрдамлашарди. Бугун ҳам шунинг учун йўлга тушган эди. Йўл бўйи учраган саҳобалар юзидан отасининг аҳволини билишга уриниб келди.

Эшик олдида бир дам тўхтаб, тин олди… Бор журъатини тўплаб ичкарига кирди. – Отажонимни бошлари тузалиб қолдими? – Афсуски, Пайғамбар қизи, сизга хушхабар айта олмайман. Киринг. Ҳазрат Фотима отасининг аҳволини кўриб, ўзини у Зотга отди: – Ота, отажон! – Бобожоним… – Ё Расулуллоҳ! Ҳазрат Али ҳам ўзини тута олмади. Жангда арслон бўлиб кетадиган бу мард йиқилаёзганди. Оиласи олдида ўзини куч билан ушлади. Ҳазрат Фотима Пайғамбар отасини қучоқлаб олган, олов бўлиб ётганига чидаёлмай ҳўнг-ҳўнг йиғларди. – Отажон, баданингиз ёняпти! – Сабр қил, қизим. Сабр гўзалдир. Қизи, куёви ва невараларига кулиб қарашга уринар, аммо уддалай олмасдилар. Охирги дамларини яшаётганлари ҳаммага аён эди. Невараларини муборак бағирларига босдилар, севиб эркаладилар… Ҳазрат Оиша бир четда бу манзарани эзилиб кузатар, фарёдини базўр тўхтатиб турарди. Бу ҳол яна бир неча бор такрорланди.

* * *

Бир куни… Ётган жойларида шундай марҳамат қилдилар: – Эй одамлар! Сиз менга қарши ҳеч қандай далил топа олмайсизлар! Зеро, мен фақат Аллоҳнинг китоби Қуръони карим ҳалол қилганини ҳалол, ҳаром қилганини ҳаром қилдим. Эй қизим Фотима! Эй аммам София!

Аллоҳ наздида мақбул бўлган ишларни қилинглар. Яъни менга ишониб дангаса бўлманглар. Чунки мен сизларни Аллоҳ таолонинг азобидан қутқара олмайман. Бу энг сўнгги ва энг буюк Пайғамбарнинг сўзлари эди. Иймон ва амал бўлмагач, кимнинг қизи ё аммасилигидан қатъи назар жаҳаннамдан қоча олмасди. Инсон ўзи учун ўзи иймон келтиради, ўзи амал қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даъватнинг илк кунларида шундай дегандилар, вафотларига яқин қолганда ҳам шундай демоқдалар. Ишониш ва амал қилиш…

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам касаллари кучайгани, баданлари оташда ёнаётганига қарамай, умматларини ўйлар, уларни жаҳаннам азобидан қутқаришни истардилар. – Намоз… намозга диққат қилинглар!.. Намозни… намозни канда қилманглар!..

Умматининг тўғри йўлдан тойиши, исён ўрасига йиқилишидан асрамоқчи бўлардилар. Бир кун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Фотимани чақирдилар. Дарҳол етиб келган Фотима отасининг бошини силаркан, қўллари куяёзди. – Оҳ, отажоним, оҳ, Пайғамбар отам! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам севимли қизи қулоғига бир нималар деб пичирладилар. Ҳазрат Фотима жон аччиғида «Оҳ, отажоним!» дея инграндики, ҳазрат Оиша ҳам юпата олмади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан имлаб, яна қизлари қулоғига пичирладилар. Ҳазрат Фотима бу сафар қувонч билан «Отажоним», деди. Мудҳиш қайғу ва қувончнинг кетма-кетлигидан ҳайратга тушган ҳазрат Оиша сўради: – Қайғу ортидан қувонишингизнинг боиси не, Пайғамбар қизи? – Ҳозир айтолмайман,онажон, хафа бўлманг, кейинроқ. – Майли, Пайғамбар қизи. Ва кейин англади…

Ҳижратнинг ўн биринчи йили… Рабиул аввал ойининг ўн иккинчи куни… Душанба… Қуёш ботаётган маҳал…

Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳароратлари тобора кўтарилар, юзларига сепилган сув дарҳол буғланиб кетарди. Ҳазрат Фотима чидай олмай йиғларди: – Оҳ, отамнинг изтироблари… – Қизим! – Отажон! – Энди отанг ҳеч қандай изтироб чекмайди. – Отажоним!.. – Йиғлама, қизим. – Отам, Пайғамбар отам! – Қизим, мен вафот этган маҳалда «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун», дегин. – Отажоним, Пайғамбар отам! «Ла илаҳа иллаллоҳ!» деган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларига сув сепиб, «Аллоҳим! Рафиқи Аъло, ла илаҳа иллаллоҳ!» дея муборак руҳлари арши аълога юксалиб, муборак баданлари ҳароратсиз қолди… Атрофдагилар не қилишни билмай қотиб қолишди. – Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун! Шундай дея ҳазрат Фотима отасининг устига отилди. Ҳазрат Оиша тилдан қолгандай эди. Ҳазрат Фотиманинг ҳайқириғи саҳобаларни ҳам ларзага солди. – Аллоҳимнинг даъватига югурган отам! – Макони жаннат бўлган отам! – Ўлим хабарини ҳазрат Жаброилдан олган муҳтарам отам! Ҳазрат Фотиманинг исёнга айланмаган фарёди бутун юракларни ёндирар, кўз ёшлар сел бўлиб оқарди… Жоннинг жони кетди, энди ҳеч кимда жон қолмаганди. Пайғамбар афандимиз, ҳазрат Аҳмаду Маҳмуду Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам олтмиш уч ёшларида вафот этгандилар… Ҳижратнинг ўн биринчи йили, рабиъул аввал ойининг ўн иккинчи куни, душанба эди… Милодий 632 йил, 8 июнь эди…
Мавзуга оид мақолалар
Терроризм инсоният душмани Тинчлик инсонпарвар ва бағрикенг халқимизнинг тили ва дилидан мустаҳкам жой давоми...

13:38 / 25.04.2017 3927
Москвада илк бора Ислом динининг муқаддас китоби ҳисобланмиш Қуръони Каримга бағишланган, турли дастурлар давоми...

08:58 / 09.02.2017 4232
Аёлларга хос фиқҳий масалалар Америка илмий текшириш институти олимларининг аёлларда кўп учрайдиган давоми...

21:00 / 17.12.2019 3497
Мусулмон кишининг ҳаётида Рамазон ойи алоҳида  ўрин тутади. Йилда бир келадиган бу ойда ўтган бир давоми...

16:26 / 26.12.2016 3053