Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
ЗАКОТ БЕРИШДА ХАТО ҚИЛСА, НИМА БЎЛАДИ?
Айтайлик, бир киши закотни беришдан олдин яхшилаб суриштирган бўлса, закотини бераётган одам закот олишга ҳақиқатда ҳақли, деб билгандан сўнг берса-ю, кейин ўша одам закотга ҳақли бўлмай чиқса, закот берган одам жавобгар бўлмайди. Чунки у ўз имконидаги ишни қилди. Имконидан ташқари ишга эса масъул эмас. Шунинг учун закотни қайтадан бермайди. Аммо закот берувчи сўраб-суриштирмай бериб юборса, кейин у одам закотга ҳақсиз бўлиб чиқса, закотни бошқатдан бериши лозим бўлади. Икки ҳолда ҳам закот олувчи ўзи инсоф қилиб олган закотини қайтариб бериши керак. Агар қайтариб бермаса, мискин ва фақирнинг ҳақини еган бўлади, қорнига дўзахнинг оловини еган бўлади.
ЗАКОТНИ АДО ЭТИШ ЙЎЛИ
Энг аввало, закот ишларини, уни тўплаш ва тақсимлаш ишларини мусулмонларнинг ишбошилари ўз зиммасига олмоғи лозим. Аллоҳ таоло закот олишга ҳақли саккиз синф ичида закотчиларни ҳам зикр қилиши бу ишга мусулмонларнинг ишбошилари масъул эканини кўрсатади. Чунки ҳар ким ўзини закотчи қилиб тайинлаб олмайди, аксинча, мусулмонларнинг ишбошилари томонидан тайинланиши керак. Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: «Уларнинг молларидан садақа олиб, уларни у ила покла ва тозала», деган. Бу ҳам мусулмонларнинг ишбошилари Закотни тўплаши керак эканини кўрсатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида Муоз ибн Жабал ва бошқа омилларига закот олиш ва тақсимлашни йўлга қўйишни топширганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари бу иш қандай бўлишини амалда кўрсатганлар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига тобеъ бўлган ҳамма жойларга закотчилар юбориб, Закотни тўплатиб, ҳақдорларга тақсимлаб берганлар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин халифалари ҳам бу ишни оғишмай давом эттирганлар. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса закотни беришдан бош тортганларни «муртад», деб эълон қилиб, уларга қарши жиҳод бошлаганлар. Ислом низоми закотда мусулмонларнинг ишбошилари томонидан закотчилар тайин қилинишини тақозо қилади. Бундан ташқари, закот ишига мусулмонларнинг ишбошилари аралашишга қуйидаги бошқа бир қанча сабаблар ҳам бор: 1. Ҳамма ҳам бир хил бўлавермайди. Баъзи кишилар ўзлари билса ҳам, закот бергилари келмаслиги ёки ўзича фикр юритиб Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларидагиларга ўхшаб «бермаса ҳам бўлаверади», деб, бунга турли баҳоналарни рўкач қилиши мумкин. 2. Баъзи одамлар тушунмаслиги, закотни қандоқ қилиб адо этишни билмаслиги, ҳақдорларни топиб беришга имкони бўлмаслиги мумкин. 3. Мискин ва фақирларнинг ҳақини мусулмонларнинг ишбошилари олиб берса, уларнинг хижолатлиги йўқолади. Ортларида ҳукумат турганини сезадилар, мискинсан дейишлик ва озор бериш каби нарсалардан узоқда бўладилар. 4. Агар закотни ҳар ким ўзи тарқатса, тартибсизлик юзага келиши мумкин. Бир мискинга бир неча бой закот бериб, бошқа мискинлар, умуман, закотсиз қолиб кетишлари мумкин. 5. Закотни фақат мискин ва фақирларгагина эмас, балки бошқа тоифаларга ҳам тарқатиш керак. Бу ишларни билимдонлар қилмаса, билимсиз якка шахсларнинг қилиши қийин.
ЗОҲИРИЙ МОЛЛАР ВА БОТИНИЙ МОЛЛАР
Уламоларимиз молларни икки қисмга бўлганлар:
Зоҳирий моллар. Ботиний моллар.
«Зоҳирий моллар» деганда эгасидан бошқаларга ҳам кўриниб-билиниб турадиган моллардир. Бунга ҳайвонот бойликлари ва зироат бойликлари киради. Зоҳирий моллар закоти билан мусулмонларнинг ишбошилари шуғулланиши кераклигига ҳамма уламолар бир овоздан келишганлар. Аксинча, ўз эгасидан бошқаларга кўриниб-билинмайдиган, бошқалар назаридан узоқда турадиган моллар, ботиний моллар, дейилади. Ботиний молларнинг закотини тақсимлаш ҳақида эса турлича фикр билдирганлар. Ҳанафий мазҳаби, ботиний молларни ҳам мусулмонларнинг ишбошилари тўплаб тарқатиши керак, лекин ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг вақтларида мол эгалари ихтиёрига топширилган, дейди. Хулоса қилиб айтилса, мусулмонларнинг ишбошилари закот ишларини тўлиқ тартибга солгани яхши. Шу билан бирга, мол эгаларига ҳам маълум миқдор маблағни қолдириб, ўз ихтиёрларича тақсимлаш имкони берилиши яхши бўлади. Аммо мусулмонларнинг ишбошилари закот иши билан шуғулланмайдиган жойларда, масалан, ҳозирги пайтда мол эгалари ўзлари ҳаракат қилиб, закотларини адо этмоқлари шарт. Чунки мусулмонларнинг ишбошилари олмаса, кимга бераман, деб ўтиришга уларнинг ҳақлари йўқ.
МОЛИНИ БЕРКИТГАН, БЕРИШНИ ХОҲЛАМАГАН ВА ЁЛҒОНДАН «ЗАКОТНИ БЕРДИМ» ДЕГАНЛАР ҲУКМИ
Аввал айтиб ўтганимиздек, одамлар ҳар хил бўлади. Баъзи кишилар турли йўллар билан закотни бермасликка ҳаракат қилишлари ҳам мумкин, шундай бўлган ҳам. Шунинг учун закот ишига мусулмонларнинг ишбошиларининг аралашиши шарт қилинган. Ҳанафий мазҳаби уламолари шундай дейдилар: «Закотчи бойга келиб «молингнинг закотини бер», деса-ю, мол эгаси «Ҳали молим нисобга етганига бир йил тўлгани йўқ, қарзим бор, бошқа закотчига бериб юбордим», каби баҳоналарни айтса, ундан қасам ичиш талаб қилинади. Қасам ичса, унга ишонилади. Кейин ёлғони ошкор бўлиб қолса, неча йил ўтган бўлса ҳам, закоти олинади. Закотни беришдан бош тортган одам закот бериши керак эмас, деган эътиқодда бўлса, кофир бўлади. Фақат ноқулай шароитда ўсиб, бу гаплардан бехабар қолган бўлса, унга таълим беришга ўтилади. Агар закотнинг фарзлигини инкор қилмаса-ю, бахиллик қилиб закотдан бош тортса, барибир, молидан закот олинади, ўзига эса таъзир берилади. Таъзир қамоқ бўладими ёки бошқа нарсами буни валиюл-амрлар белгилайдилар. Ўтган бобларда закотни бахиллик қилиб бермаганлардан закотга қўшиб молининг ярми ҳам мусодара қилиниши айтилган ва бу ҳақдаги ҳадиси шариф ҳам келтирилган эди.
ЗАКОТГА ОИД ТУРЛИ МАСАЛАЛАР
Закотни ҳар бир молнинг ўзидан чиқариш шартми ёки унинг қийматини пулдан чиқарса ҳам бўладими? Бу саволга Ҳанафий мазҳаби уламолари, қийматини чиқарса ҳам бўлади, баъзи вақтларда қийматини бериш мискин ва фақирлар учун манфаатлироқ ҳам бўлади, дейдилар. Улар ўзларининг бу фикрларига жуда ҳам кучли ҳужжат ва далиллар келтирадилар. Ҳамаср уламоларимиз бу борадаги барча маълумотларни тўлиқ ва атрофлича ўрганиб чиқиб, Ҳанафий мазҳабининг тутган йўли ҳозирги замон учун жуда ҳам муносиб, деган фикрга келганлар. Закот қаердан тўпланган бўлса, ўша юртнинг мискин-фуқаролари, ҳақли кишиларга бериш афзал. Агар у юртнинг эҳтиёжи кўпроқ бўлса ҳам, давлатнинг масъул ходимлари ҳамма томонни ўрганиб чиқиб, ўзлари бир қарорга келишади. Закотни иложи борича ўз вақтида берган яхши. Ҳар бир нарса ўз вақтида бўлгани маъқуллиги ҳамма нарсага ҳам оид. Закотни вақтидан олдин бериш ҳам жоиз. Буни уламоларимиз чегараламаганлар. Қанча олдин беришни хоҳласа, шунча олдин берилаверади. Аммо кейинга суриш эса узрсиз бўлса, мутлақо жоиз эмас. Узрли бўлса, хусусан, кўпчиликнинг фойдаси учун зарур вақтни кўзлаб кечга суриш бўлса, жоиз. Закотни чиқаргандан кейин, у мол эгасининг айби билан зое бўлса, қайта чиқаради. Агар бунда мол эгасининг айби бўлмаса, қайта чиқармайди. Закот вожиб бўлгандан кейин эгасининг имкони бўлиб туриб чиқармаса ва молнинг бир қисми йўқ бўлса, закот вожиб бўлган вақтдаги миқдор ҳисобидан чиқаради. Агар мол эгасининг имкони бўлмаган бўлса, қолган молдан закот чиқаради. Закот фарз бўлган вақтда уни чиқармаган бўлса, неча йил ўтса ҳам закотнинг фарзлиги тушмайди. Чунки бу мискин ва фақирларга ҳақ ўлароқ Аллоҳ таоло томонидан фарз қилингандир. Бу собит ҳақ бўлиб, вақт ўтиши билан соқит бўлмайди. Закот фарз бўлганидан кейин мол эгаси вафот этиб қолса ҳам, унинг молидан закот чиқарилади. Закотни соқит қилиш учун турли ҳийлалар ишлатиш, умуман, мумкин эмас. Закотни чиқариш учун мол эгаси ишончли ва омонатга хиёнат қилмайдиган одамни вакил қилса бўлади. Закотни очиқ-ойдин, айтиб чиқарган афзал, дейишади уламоларимиз. Чунки, бошқалар ҳам бундан ўрнак олади, одамлар мол эгасидан гумон қилмай қўяди. Бу худди фарз намозни жамоат билан очиқ-ойдин ўқиш афзал эканига ўхшашдир. Закотни фақир кишига берганда, унинг фақирлигини, ҳақлигини билиб туриб бераётган моли закот эканини айтиш дуруст эмас, дейди уламоларимиз. Имом Аҳмад ва Имом Моликлар, бу ишда фақирнинг кўнглини синдириш бор, шунинг учун макруҳдир, деганлар. Ҳозирги солиқларни закот ҳисобласа бўладими? деган савол билан турли ўлкалар мусулмонлари уламоларга мурожаат қилишган. Бу саволга сал олдинроқ ҳам жавоб берилган экан. Жумҳур уламолар солиқлар ҳеч қачон закот ўрнига ўтмаслигини таъкидлашган. Ибн Ҳажар ал-Ҳайсамий, Аллома Ибн Обидин ал-Ҳанафий, Шайх Алийш, Саййид Рашид Ризо, Шайх Маҳмуд Шалтут, Шайх Муҳамад Абу Заҳра ва бошқалар шулар жумласидандир. Чунки закотнинг ўзига яраша шартлари бор. Уларни ўрганиб чиқдик. Энди закот билан солиқларни солиштириш жараёнида баъзиларини яна бир бор эслаб кўрайлик: 1. Закотдан олинадиган миқдорни шариат ўндан бир, ўндан бирнинг ярми ёки чораги бўлишини тайин қилиб қўйган. Солиқда эса ҳукумат ўзи хоҳлаган миқдорни олади. 2. Закотда Аллоҳга ибодат қилиш нияти бор, солиқда бу ният мутлақо йўқ, бўлиши мумкин ҳам эмас. 3. Закот махсус саккиз синфга сарфланади. Солиқ эса бошқа нарсаларга ҳам сарфланади. Кўриниб турибдики, ҳеч бир ҳолда солиқни закот деб бўлмайди. Тўғри, бу масала мусулмон кишига оғир келади. У ҳам солиқ, ҳам закот тўлаши керак. Лекин мусулмон учун Аллоҳнинг амрини бажариш ҳамма нарсадан устун туради.
ХОТИМА
Закотга тегишли маълумотларни ўрганиб чиққанимиздан кейин бу низом тенги йўқ мукаммал бир низом эканига ишончимиз ҳосил бўлди. Бу илмий изланиш, ўрганиш туфайли эришган натижамиздир. Закот Аллоҳ таоло жорий қилган нарса ўлароқ шундай бўлиши ҳам шарт. Закот-молиявий низомдир. Закот-иқтисодий низомдир. Закот-ижтимоий низомдир. Закот-ахлоқий низомдир. Закот-руҳий низомдир. Закот-диний низомдир. Ушбу маъноларни бу илоҳий низомни ўрганиш давомида яққол кўрдик. Закотнинг ушбу фазилатларини баъзи бир ажнабий, мусулмонмас кишилар ҳам англаб етганлар. Улар ўз мулоҳазаларини очиқ-ойдин айтганлар ҳам. Уламоларимиз ўша ажнабий олимларнинг эътирофларини ҳам далил сифатида келтирадилар. Машҳур олим Томас Орланд ўзининг «Исломга даъват» номли китобида қуйидагиларни айтади: «Ҳаж низоми билан бирга закотни ҳам бошқа бир фарз эканини кўрамиз. Бу мусулмонга Аллоҳнинг, «Албатта, мўминлар биродардирлар» деган сўзини эслатиб туради. Закот гўзал бир сифатда юзага чиқадиган диний назариядир. У кишини даҳшатга соладиган даражада ажойиб. Ислом жамиятида янги мусулмонга нисбатан унинг жинси, ранги ва ўтмишидан қатъий назар шафқат қилишда намоён бўлади. У мўминлар жумласига қабул қилинади ва бошқа мусулмонлар билан бир қаторда ўз жойини топади». Миюд Руш бўлса қуйидагиларни айтади: «Оламни машғул қилиб турган икки ижтимоий муаммонинг ҳал қилинишини Исломда топдим; Биринчиси, Қуръоннинг «Албатта, мўминлар биродардирлар» деган гапидир. Бу – иштирокий-социализмнинг энг гўзал асосидир. Иккинчиси, ҳар бир мол эгасига закотни фарз қилишдир. Ҳамда фақирларга агар бойлар беришга монеълик қилсалар, уни куч билан бўлса ҳам, олиш ҳаққини берилганидир. Бу – бошдоқликнинг давосидир». «Ислом ва араб цивилизацияси» номли китобида ажнабий олимлардан бирининг ушбу гаплари келтирилади: «Бу (закот) солиқ диний фарз бўлиб, уни ҳамма адо қилиши лозимдир. Закот умумий ижтимоий низомдир. У ила Муҳаммадий давлат фақирларга мадад беради ва уларни бой қилади. Бу яхши низом асосида, истибдод ва мажбурлашга, вақтинчалик тадбирга суянмай бўладиган ишдир. Ислом ушбу қойилмақом низомга башарият тарихида биринчи бўлиб асос солган. Закот солиғи бой, тожир ва мол эгаси бўлган табақалардан давлат томонидан олиниб, мискин ва ожизларга берилади. У бир давлатда яшовчи одамлар орасидаги тўсиқни парчалаб ташлаб, миллатни бир одил ижтимоий доирада бирлаштиради. Шу орқали Ислом низоми «ўзим бўлай» фикри асосида эмаслигига ёрқин далилдир». Машҳур Француз шарқшуноси Мошнюн айтади: «Ислом тенглик фикрини юзага чиқариш бўйича ҳар қанча фахр қилса оз. Бу нарса закотни фарз қилинишида ўз аксини топган бўлиб, ҳар бир шахс уни Байтул Молга беради. Бу рибохўрлик асосидаги қарзлар ва бирламчи, зарурий ҳожатларга солинадиган солиқлардан тамоман бошқачадир. У шу билан бир вақтда ҳам якка мулкчилик, ҳам тижорий сармоя ёнини олади. Яна бир марта Ислом капиталистик ва коммунистик назариялар орасидаги ўртача йўлни тутади». Машҳур италян ёзучиси Воғлирий ўзининг «Ислом ҳимояси» китобида қуйидагиларни ёзади: «Барча динлар садақаларнинг катта ахлоқий ва ижтимоий аҳамияти борлигини эътироф қилганлар. Уни раҳм-шафқатнинг ҳиссий таъбири сифатида адо этишни тавсия қилганлар. Лекин фақат Исломгина мажбурий садақани жорий қилиш улуғворлигини ўзида мужассам қилган. Бу билан у Масиҳнинг таълимотларини дунёда татбиқ қилган. Ҳар бир мусулмон қонун ҳукми бўйича ўз бойлигидан бир бўлагини фақирлар, муҳтожлар, мусофир ва ғариблар фойдасига ажратмоғи лозим. Ушбу диний мажбурият инсонни инсонийликдан ҳам чуқурроқ ҳиссий имтиҳон қилади. Унинг руҳини бахилликдан тозалайди ва уни илоҳий мукофот томон ундайди». Бунга ўхшаш гаплар жуда ҳам кўп. Мусулмон уламолар эса Ислом нималигини, закот нималигини яхши билганлари туфайли ва мусулмонларнинг Исломдан ҳам, закотдан ҳам узоқдаликларини билганларидан келиб чиқиб дард ва ҳасрат билан сўз юритадилар. Келинг, улардан баъзи бирларининг мулоҳазаларига қулоқ солиқ кўрайлик: Саййид Муҳаммад Рашид Ризо ҳазратлари ўзларининг «Манор» тафсирларида ушбуларни ёзадилар: «Ислом бошқа барча динлар ва шариатлардан ўзининг закотни фарз қилиши билан ажраб туради. Бу ҳақиқатни барча миллатларнинг ҳукамо ва уқалолари (донишмандлари) ҳам эътироф қиладилар. Агар мусулмонлар ўз динларидаги ушбу рукнни қоим қилганларида эди, Аллоҳ уларнинг ўзларини кўп, ризқларини кенг қилиб қўйганидан кейин ичларида бирорта ҳам фақир ёки қарздор қолмас эди». Абу Аъло Мавдудий роҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни ёзади: «Ҳақиқатда Ислом бойликни жамиятдаги бир жойда жам бўлиб қолмаслигини хоҳлайди. Бойликдан толейи очиқлиги ёки уддабуронлиги туфайли кўп насибага эга бўлганлар ўз эҳтиёжидан ортиғини инфоқ қилмай босиб олиб ётишлари керак эмас. Балки улар толелари кулмаганлиги туфайли етарли насибага эга бўлмаган биродарларига бойликдан беришлари керак. Шу мақсадда Ислом ўзининг олиймақом ахлоқий таълимотлари ила, бир томондан таъсирли тарғиб қилиш ва қўрқитиш ила саҳийлик, қўли очиқлик ва ҳақиқий ижтимоий ҳамкорлик руҳини вужудга келтиради. Токи одамлар ўзларининг табиий майллари ила ортиқча бойликни ўзларича беҳуда ушлаб туришни ёқтирмайдиган бўлишсин ва ўзларича инфоқ қиладиган бўлишсин. Бошқа томондан эса одамларнинг молларидан маълум миқдорни жамият саодати ва манфаати учун олишни фарз қилади. Ушбу «маълум миқдор» закотдир. Закотнинг исломий-иқтисодий низомда қанчалик катта аҳамиятга эга экани сизга маълум бўлса керак. Закот Исломда намоздан кейинги энг муҳим рукндир. Қуръонда очиқ-ойдин айтилишича, «ким мол тўпласа, закотини бермагунча, унинг моли ҳалол бўлмайди. Бас, унда: «Уларнинг молларидан аларни поклаш ва тозалаш учун ол»», дейилган. «Закот» сўзининг ўзи инсон жамлаган бойликнинг ундан 2,5 фоизини ҳар йили Худонинг йўлида чиқармагунча пок бўлмаслигига далолат қилади. Аллоҳ бойдир. Сизнинг молингиз Унга етиб бормайди. У сизнинг молингизга муҳтож ҳам эмас. «Аллоҳнинг йўли»дан мақсад фақирларни саодатманд қилиш учун ҳаракат қилиш ва миллатнинг ҳамма табақаларига наф берадиган хайрия ишларни кўпроқ қилишдан иборат, холос. Аллоҳ: «Албатта, садақалар фақирларга, мискинларга, унда омил бўлганларга, қалблари улфат қилинганларга, қулларга, қарздорларга, Аллоҳ йўлига ва ватангадоларга», деган. Мана шу нарса-мусулмонларнинг ижтимоий ҳамкорлик жамиятларидир. Мана шу нарса – уларнинг ижтимоий таъминот ширкатларидир. Мана шу – уларнинг эҳтиёт молларидир. Мана шу – улардан ишсизларига кафолот бойлигидир. Мана шу нарса – ожизларга, беморларга, етимларга, тулларга, бериладиган ёрдам, ғамхўрлик ва ҳолларидан хабар олишдир. Бунинг устига, бу нарса мусулмонни эртанинг ғамини ейишдан қутқаради. Исломнинг табиий ва содда ғояси бундай: «Агар сен бугун бой бўлсанг, ўзингдан бошқага ёрдам бер, агар эртага сен муҳтож бўлсанг, сенга бошқа киши ёрдам беради». Шу асосда сен ўз хаёлингни: «Эртага фақир бўлиб қолсам, ҳолим не кечар экан», деган фикр ила машғул қилмайсан. Шунингдек, эртага ўлиб охиратга равона бўлсанг, хотининг, бола-чақанг не куйга тушишларини ўйлаб, ташвиш қилмайсан. Ўзингга бир мусибат етса, бемор бўлсанг, ёнғинга ёки сув тошқинига дучор бўлиб қолсанг, ҳолинг не кечишини ўйлаб ташвиш қилмайсан. Сафарга чиқанингда молинг тугаб қолса, нима қилишга бош қотириб юрмайсан. Закот сени бунга ўхшаш ҳоллардан абадий равишда қутқаради. Ўзинг тўплаган молнинг икки ярим фоизини Аллоҳнинг суғурта муассасига берсанг бўлди. Кейин барча офатлардан эмин бўлиб юраверасан. Сен ҳозир мазкур молга муҳтож эмассан. Уни ҳозир муҳтож бўлиб турганларга бериб тур. Улар уни ўз ҳожатларига ишлатиб турсинлар. Эртага бу маблағ тўлалигича сенинг ўзингга қайтиб келади. Балки сенинг ёки сенинг фарзандларингнинг ҳожати тушиб қолса, ҳозиргисидан ҳам кўпроқ бўлиб қайтиб келади». Саййид Абул Ҳасан Надавий эса жумладан, қуйидагиларни ёзадилар: «Закотнинг фарзлилиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизакор ва ҳикматли лафзлари ила белгиланган шаръий сифатидир. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У (закот) бойлардан олинади, камбағалларга берилади», деганлар. Закотнинг асл шаръий ҳолати шундоқ бўлган ва қиёматгача шундоқ бўлиб қолади. У шартлари мавжуд бўлган ва муайян нисобга эга бўлган бойлардан олинади ва Қуръонда тайин қилинган тоифаларга тақсимланади. Аллоҳ у тоифаларни аниқлашни қонун, ҳоким ёки олимнинг фикрига ҳавола қилиб қўймади. «Албатта, садақалар фақирларга...» ояти ила баён қилди. Шариатда, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларида баён қилинганидек, закотни у йиғилган юртнинг камбағалларига тақсимлаб бериш афзалдир. Аллоҳ Ўзининг бой-бадавлат бандаларига фарз қилган закот миллат учун лутфу марҳамат бўлган. У энг улкан неъмат бўлмиш пайғамбарликнинг натижаси бўлган. Агар уни солиқ, деб аташимиз лозим бўлса, энг оз, энг енгил солиқ бўлган. Энг баракали ва энг фойдали солиқ бўлган. Чунки у бойлардан олиниб камбағалларга берилган». Бунга ўхшаш ажойиб фикрларни кўплаб келтириш мумкин. Закот китобидаги гапларни ўқиб, «камбағал бўлиш ҳам маза экан-да, бойлар ўзи сенга закотини келтириб бериб турса», деган хаёлга бормаслик керак. Чунки, ўрганиб ўтганимиздек, Закотни ким кўринганга, ҳар бир камбағалга ҳам берилавермайди, балки сўраб-суриштирилади. Бир неча шартларни ўзида мужассам қилган кишигагина берилади. Шу билан бирга, закот олиш шарафли иш эмаслиги доимий равишда эслатилиб, у одамларнинг кири эканлиги таъкидлаб турилади. Шунингдек, доимий равишда иффатли бўлиб бировдан нарса олишдан уялиш, ўз пешона тери билан кун кўришига тарғиб қилиб турилади. Бу таълимотлар, албатта, камбағалликка қарши курашнинг тарғибот ва ташвиқот шуъбаси ҳисобланади. Қуйида ана шу масалага оид баъзи ҳадиси шарифларни ўрганамиз.