Попукқанд
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кичкинагина Фотима исмли қизалоқ бор. У жудаям аҳил ва иноқ бир хонадонда ўсиб улғаймоқда. Отаси – такси ҳайдовчиси, онаси эса ҳамшира. Фотиманинг ота-онаси ҳеч ҳам турмушларидан нолишмайди. Ҳамиша борига шукр қилиб яшашади. Улар – жудаям самимий ва саховатли инсонлар.

Атрофидаги одамларга Аллоҳ учун беминнат ёрдамларини аяшмай, имкон қадар яхшилик қилиб юришади. Фотимани ҳам шунга ўргатишади. Шунинг учун ҳам бу софдил одамларни Аллоҳ ўзи қўллайди.

Бир куни Фотима уйда ўзи ёлғиз қолди. Дадаси билан аяси ишга кетишган. Бирдан Фотиманинг роса ширинлик егиси келиб кетди. Аксига олиб уйда қанд-қурс қолмаган экан. Тавба, олдин ҳеч бунақа бўлмаган, шунақаям ширинликни хоҳлайдими-я! Одатдагидек, қизалоқ икки кафтини очиб, мана бу дуони ўқибди: «Эй меҳрибон ва раҳимдил Аллоҳим! Менга бирор бир ширинликни ато қилгин! Омин!»

Қарангки, ҳали дуосини тугатишга улгурмай кўча эшиги очилди. Ҳа, дадаси ишдан қайтган бўлса керак! Остонадан хатлабоқ отаси Фотимани чақирди:

— Фотима қизим, қара, мен сенга нима олиб келдим,  дея ялтироқ қоғозга ўралган попукқандни қизининг қўлига тутқазди. Кейин қўшиб қўйди: «Ташқарида сени Омина сўраётганди. Фақат узоқ қолиб кетмагин».

Фотима кўзларига ишонмасди! У Аллоҳга раҳмат айтиб, дадасининг юзидан аста ўпиб қўйди ва қўлидаги қанди билан ташқарига чопқиллаб чиқиб кетди. Ҳовлидаги ўриндиқда унинг энг яқин ўртоғи Омина кутиб ўтирарди. Лекин негадир у бугун жуда маюс.

— Ассалому алайкум, Омина! Тинчликми, нима бўлди?,– дея ўртоғидан ҳол-аҳвол сўради Фотима.

— Ва алайкум ассалом, Фотима! Инглиз тилини ўрганишда қийналаётганим учун онам уришдилар. Мактабда яна «уч» баҳо олдим. Шунга онам баҳоимни яхшиламагунимча ўйнагани чиқишимни тақиқлаб қўйдилар. Шунинг учун сен билан бироз муддатгача хайрлашгани келдим. Ўйнагани чиқолмасам, хафа бўлмай тургин, хўпми,  деб ғамгин бош эгди.

— Эҳ, аттанг, яхши бўлмабди-да,  деди Фотима хўрсинганича. Шу пайтда ўртоғига нима қилиб бўлса ҳам ёрдам беришни, кайфиятини кўтаришни жуда-жуда хоҳлади. Бирдан қўлидаги қанди эсига тушиб, «Омина, Аллоҳ учун манавини ол. Кўп ўйланма, биз яна кўришамиз, ҳаммаси яхши бўлади, иншаалоҳ»,  деб конфетини ўртоғига берди.

— Вой, раҳмат, ўртоқжон! Ие, бу мен энг яхши кўрадиган қандим-ку! – Омина севинганидан Фотимани маҳкам бағрига босди. Унинг кўнгли анча таскин топиб, уйига қайтди.

Омина шундоққина уй подъездига яқинлашаркан, эшик олдида қўшниси Заҳро холага кўзи тушди. Хола ўриндиқда маҳзун, нималарнидир хаёл қилиб ўтирарди.

Қизалоқ тўхтади:

— Ассалому алайкум, холажон!

— Ва алайкум ассалом, Оминақиз! – Хола бироз жонлангандек бўлди. Назарида холага ёлғиз ўзи ўтириш жонига теккани ва Омина билан бажонидил суҳбатлашиш истаги борга ўхшади ва қизча секин ўриндиққа ўтирди.

— Холажон, нега ғамгинсиз?

— Эҳ қизалоғим-а, ўғлим хизмат сафарида, келиним эса болаларни олиб, қишлоққа кетишди. Бир ўзим қолдим... Гаплашадиган одам йўқ, зерикиб кетдим... Шу пайт Оминани онаси чақириб қолди. Қизалоқ қўшни холани шу ҳолатда ташлаб кетгиси келмас, унинг ёлғизлигини билдирмай бирга ўтиргиси келди-ю, лекин онасининг ёнига бормаса ҳам бўлмайди-да. Шунда ҳалиги қанд ёдига тушса бўладими!

— Манавини олинг, Аллоҳ учун,– деди холага Омина. – Уйга кириб чойга қўшиб, еб олсангиз, анча енгил тортасиз.

— Вой, катта раҳмат қизим, умрингдан барака топгин, – деб дуо қилганича қандни аста қўлига олди. Жажжи қизчанинг меҳрибончилигидан кўнгли анча кўтарилди. Қалбига илиқлик югурди.

Оминанинг ортидан Заҳро хола ҳам уйига кириб кетди. Оқшом пайти чой ичиш учун дастурхон солаётиб, бирдан кўксига санчиқ туриб қолса бўладими? Дарров қўшни уйдаги ҳамшира Марямхонга қўнғироқ қилди. Барака топгур, Марямхон – роса яхши аёл, ҳатто ярим кечаси чақирса ҳам, оғир олмай келиб, хабар олиб кетади.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Марямхон холаникига кириб, қон босимини ўлчади, керакли муолажаларни қилди. Заҳро холанинг ҳолати анча яхшиланди. Ўзини бардам ҳис қила бошлаган хола Марямхонга қандай қилиб миннатдорлик билдирсам экан, деб ўйланиб ҳалиги қандни эслади.

Марямхон ҳижолатдан қизариб кетди:

— Қўйсангизчи, арзимайди. Ҳечам безовта бўлганим йўқ!

— Олақол, Аллоҳ учун, – дея Заҳро хола қўярда-қўймай Марямхоннинг қўлига қандни ушлатди.

Марямхон уйи томон юриб бораркан, қанд учун қизалоғи қанчалик севинишини тасаввур қилганича жилмайиб қўйди. Ахир унинг жажжи Фотимаси яхшигина ширахўр эди-да…

Мавзуга оид мақолалар
Инсоният тарихидаги илк адмирал аёл       Сўнгги минг йилликда дунёни яхши томонга ўзгартирган кўплаб давоми...

19:04 / 30.05.2017 4473
БЎҒИЛГАН БУЛОҚЛАРОхирги икки ой бетоб бўлиб, бирикки касалхоналарда узоқ вақт ётиб даволанишимга тўғри давоми...

23:11 / 23.08.2020 4063
embedhttpswww.youtube.comwatchv5WMMDpzv9T0embed КАРТОШКАЛИ РУЛЕТ Керакли масаллиқлар 4 дона  картошка, 50 гр пишлоқ, 2 та тухум, 2 давоми...

10:49 / 15.03.2017 5028
КАЪБАГА ТЕНГДИР КЎНГИЛ Фарзандимга насиҳат Аллоҳга бўлсин сано, Пайғамбарга салавот Яратган амри давоми...

22:26 / 19.03.2017 4864