Тармоқли савдо
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Бандаларига ҳалолликни фарз қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Умматига ҳалолликни ўргатган Муҳаммад Мустафога салоту саломлар бўлсин!

Ҳозирда мусулмонларнинг кундалик ҳаётида рўпара бўлаётган, кўпчиликни ўйлантираётган ҳамда кўплаб кишилар шуғулланаётган савдо турларидан бири «тармоқли савдо» туридир. Бу савдо тури бутун дунё бўйлаб кенг қулоч ёйган. Бу ҳақда кўплаб олимлардан турли фатволар олинган. Маълумотларга қараганда, ҳийлакор савдогарлар айрим олимларга бу тўғрида савол берганларида у ҳақдаги маълумотларни унинг ношаръий жиҳатларини яшириб ёки ўзгартириб тақдим қилишган. Натижада уни жоиз деган фатволар ҳам чиққан.

Биз бу ўринда муайян ширкат ёки унинг маҳсулотлари ҳақида сўз юритмоқчи эмасмиз, балки биз ушбу савдо тизимига тегишли умумий қоидаларни айтамиз, холос. Хулоса ўқувчининг ўзига ҳавола, амал унинг ихлосига боғлиқ.

Моддий манфаатдан бошқа нарсани ўйламайдиган ғарб тижоратчилари тарафидан бир тизим ўйлаб топилган эди. Унга кўра, киши маълум миқдорда пул тикиб, мазкур тизимга киради. Кейин у ўша тизимга бошқаларни ҳам жалб қилади. Жалб қилинган янги аъзолар ҳам белгиланган миқдордаги пулни тикиб, тармоққа қўшиладилар. Кейин улар ҳам янги аъзоларни даъват қила бошлайдилар. Ҳар бир янги кирган аъзонинг эвазига унинг аъзо бўлишига восита бўлган юқори табақаларнинг ҳар бири тизим раҳбарияти, яъни ширкат тарафидан маълум миқдорда маблағ олиб боради. Унда тикилган ўртадаги маблағнинг бир қисми қуйи ташвиқотчиларнинг маошига, асосий қисми эса илк ташвиқотчи ва асосчиларнинг чўнтагига кетади. Бу тизим «пирамида схемаси» (Pyramid Sheme) деб аталади. Кўриниб турибдики, бу тизим кўпчиликнинг ютқазиши эвазига озчиликнинг ютиши, кўпчиликнинг куйиши натижасида озчиликнинг гуркирашидан бошқа нарса эмас. Бу ерда ҳар ким ўзидан кейингиларнинг ютқазиши эвазига ютишни орзу қилиб тизимга қўшилади. Ҳолбуки, у ютқазувчи қуйи табақа бўлиши ҳам мумкин, лекин у бу тарафни ўйламайди, балки ўйлашни истамайди ҳам. Бу эса айни қимордир. Бу тизим доим миллионлаб оддий ва содда инсонларнинг мол‑мулки совирилиши эвазига ўн‑йигирма фирибгарнинг бойиши билан якун топади. Шунинг учун айрим давлатларда бу тизимга тақиқ қўйилди. Натижада яна ҳам айёр фирибгарлар вужудга келди. Энди улар аъзолик карточкалари ўрнига қандайдир маҳсулот қўядиган бўлишди. Масалан, дори‑дармонлар ёки зийнат воситалари каби. Бу усул «Тармоқли савдо низоми» (Marketing Network system) ёки «Кўп босқичли савдо низоми» (Multi level Marketing System ёки MLM) деб юритилади. Бу ҳам айни юқоридаги ҳийла. Фақат бунда кўз бўяшга ўртада маҳсулот ҳам кўринади. Арзимас бир маҳсулот қиммат баҳога сотилади. Маҳсулотнинг тан нархи сотилган нархининг ўндан бири ёки ундан ҳам арзон бўлади. Бу ерда асосий маблағ юқоридагидек ташвиқотчиларнинг маошига тикилади. Тармоқ кенг қулоч ёйиб, миллионлар ёки миллиардлар ҳосил бўлгач, ширкат ёпилади ва кўп сонли қуйи табақанинг пулларини юқори қатламдаги фирибгарлар олиб, кўздан ғойиб бўлади.

Ушбу молиявий муомала қуйидаги жиҳатлардан шаръан ҳаромдир:

  1. Бу тизим ғарар (келажакда нима бўлиши ноаниқ савдо) ва қимордан иборат. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғарар байдан қайтарганлар. Шунингдек, Қуръони Каримда қимор ҳаром экани очиқ айтилган.
  2. Бу тизимда рибо бор. Маълумки, олди‑сотдидаги маҳсулот асли бозор нархидан қиммат бўлади. Бунда ўша ортиқча миқдор пул тизим аъзолиги учун тикилган бўлади. Пулни тиккан шахс келажакда ширкатга янги аъзолар жалб қилиш эвазига тиккан пулини кўпайтириб олади. Бу эса айни рибодир.
  3. Бу тизимда мусулмон ўз биродарига зулм қилади, унинг ҳақини ноҳақдан ейди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Эй иймон келтирганлар, мол‑мулкларингизга ноҳақдан еманг», деган.
  4. Бу тизимда мусулмон ўз биродарига хиёнат қилади, уни алдайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бизни алдаса, биздан эмас», деганлар. Бошқа бир ҳадисларида: «Ким биродарига тўғри йўл бошқалигини билиб туриб бир ишга ишора қилса, унга хиёнат қилибди», деб айтганлар.

Энди ушбу ширкатлардан нарса сотиб олишга келсак, қуйидагичадир:

  1. Агар байда тизимга аъзо бўлиш ёки аъзо жалб қилиш шарт қилинса, ақд тақозо қилмаган шарт қўйилгани учун бай фосиддир.
  2. Агар тизимга кириш шарт қилинмаса-ю, маҳсулотнинг нархи бозор нархидан баланд бўлса, тизимга кириш нияти билан маҳсулотни сотиб олиш ҳам жоиз эмас.
  3. Тизимга кириш шарт қилинмаган, маҳсулотнинг нархи ўз бозор нархига мувофиқ бўлса-ю, байдан тизимга қўшилиш мақсад қилинган бўлса, бу алоҳида битим сифатида кўрилади ва даллоллик ҳукмини олади. Аммо даллолликка ҳақ бериш учун фалон адад харидор олиб келиш шарт қилинадиган бўлса, бу ҳам ғарар ҳисобланади ва жоиз бўлмайди.

Хулоса қилиб айтганда, бу савдо тизими мутлақо жоиз эмас, чунки у ҳалол‑ҳаромни билмайдиган, кўзлари моддий манфаатдан бошқа нарсани кўрмайдиган кимсалар тарафидан ўйлаб топилган ва жорий қилинган. Мусулмон киши эса ҳар бир ишда динини ҳакам қилиб олиши билан мусулмондир. Шунингдек, ишнинг оқибатини ўйлаб қадам босиш ҳам мусулмонлик сиймоси ҳисобланади. Ўз‑ўзини ҳалок қилувчи уммат ҳеч қачон нажот топмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳаромдан битган эт дўзахга ҳақлидир», деганлар. Аллоҳ бизларни жаҳаннамдан асрасин, барчалармизни ҳалолликни шиор қилиб яшашга муваффақ қилсин!

Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид

04.05.2015

Мавзуга оид мақолалар
Ислом тарихида жуфти билан жуда кам учрашган, Ислом ила шарафлангач, қайта ҳаётга келган одамнинг давоми...

16:01 / 12.03.2017 3600
Аллоҳ таоло муборак каломида айтади  ٩٧   «Унда очиқ аломатлар ва мақоми давоми...

20:51 / 11.03.2017 4968
Абу Абдуллоҳ Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай давоми...

10:44 / 26.10.2016 4791
embedhttpswww.youtube.comwatchv1PmFWAVo2Uembed

15:12 / 23.11.2018 3251