Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фалак айланмайди ва бугун кўтарилган эртага ҳам чўққида қолади, дейиш нодонликдир. Тарих китоби фақат бир саҳифадан иборат, дейиш аҳмоқликдир. Чунки тарих саҳифалардан тикилган китоб бўлади. Бугун бир саҳифаси ёпилса, эртага бошқаси очилади. Шу ерга келганда бир ибрат олишимиз керак бўлади. Ибрат шуки, Аллоҳ азза ва жалла кўтариш ва тушириш билан имтиҳон қилади. Қимирлатиш ва мустаҳкамлаш билан, хавф ва хотиржамлик билан, бойлик ва фақирлик билан, кулги ва йиғи билан синайди.
«Албатта охирги чегара ёлғиз Парвардигорингиз олдига (бормоқлик)дир. Албатта, кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Унинг Ўзидир. Албатта, ўлдирган ҳам, тирилтирган ҳам Унинг Ўзидир». (Нажм, 42-44) У икки иш билан имтиҳон қилади. У имтиҳон қилган пайтда бандаларининг ҳолидан хабардор ҳолда синовдан ўтказади. Хабардорлигининг ўзи билан ҳам жазолаши мумкин эди. Лекин нима бўлганда ҳам одамларнинг қилган амалларига далил келтиради, қилган ишларини исботлаб қўяди. Бўлмаса, улар қиёмат куни ҳам «Парвардигоримиз Аллоҳга қасамки, бизлар мушрик эмас эдик», дея ёлғон сўзлашади, жазодан қочмоқчи бўлишади. (Анъом, 23)
У бандасига мол бериб айтади: «Мен сенга молни даҳо эканинг учун бермадим. Чунки даҳолар очликдан ўлиши ҳам мумкин. Лекин давлатни сени имтиҳон қилиш учун бердим». Қорундек буюк иқтисодчига: «Аллоҳ сенга мол берди, сийлади. Берган нарсаларида Унинг ҳаққини бил. Устингдан ёғдирган ризқи учун Унга тақво қил. Берилган дунёинг билан охират талабида бўл. Аллоҳни унутма», дейилди. Унинг эса Аллоҳга, Аллоҳнинг зикрига, Аллоҳнинг муроқабасига ва Аллоҳнинг тақвосига юраги сиқилди. Уларга: «Булар Аллоҳнинг берганлари сабабидан эмас! Бу менинг донолигимдандир!», деди. У: «Менга (бор молу-давлатим) фақат ўзимдаги билим сабаблигина ато этилгандир, (бас, ҳеч ким уни мендан тортиб ололмас»), деди. (Қасос, 78) Бу мол менга осмондан тортиқ бўлгани йўқ. Мени бой-бадавлат қилган нарса заковатим, донолигим, тажрибам, ҳамда бозор ва мол ишларидаги билимдонлигимдир, деди. Унга келган балонинг бошланиши мана шу шуури туфайлидир. «Бас, Биз (Қорунни) ҳам, унинг ҳовли-жойини ҳам (ерга) ютдирдик». (Қасос, 81)Бу имтиҳондан бани Исроилдан бўлган бир киши йиқилган бўлса, бошқа бири ундан яхши ўтди. Уни Аллоҳ салтанат ва ҳокимият билан синаганди. Бу одам Сулаймон алайҳиссалом бўлиб, Фаластиндалик чоғида Билқиснинг тахтини келтиришларини талаб қилди. Унинг тахти келтирилган пайтда у салтанати кенглигини ва ғайри оддий қувват соҳиби эканини англади.
Шунда у алдандими? Ғурурга кетдими? Йўқ. Аллоҳга тавозуъ этди ва деди: «Бу Парвардигоримнинг мен шукр қиламанми ёки куфрони неъмат қиламанми, имтиҳон этиш учун берган фазлу-марҳаматидандир. Ким шукр қилса, бас, албатта, у фақат ўз (фойдаси) учун шукур қилур. Ким куфрони неъмат қилса, бас, албатта, Парвардигорим (унинг шукр қилишидан) беҳожат ва фазлу-карам эгасидир». (Намл, 40) Бу ҳақиқат шахсларга ҳам, жамиятларга ҳам баробардир. Ҳаммамиз синаламиз. Ишонинг, ҳаракатингиз, қудратингиз чекланган бўлс-ада, Аллоҳнинг қадаридан насибангиз улкандир. Агар овозингиз чиройли бўлса, бу Аллоҳ бошқага раво кўрмай айнан сизга берган қобилиятдандир. Агар ўткир заковатли бўлсангиз, бировни сийламаган мия қобиғи билан неъманлантириб қўйибди. Агар...агар деб буни қанча давом эттирмайлик, сизни бошқалардан ажратиб турган ҳақиқатингизда Олий қудрат қўлини кўрамиз, бунда сизнинг ҳеч қандай иштирокингиз йўқ! Сўнг у бандаларига инъом этган неъматларида уларни жуда ҳам дақиқ имтиҳон қилади. Қарайди, фазлни фазл Соҳибига қайтарасизми? Аллоҳнинг ҳаққини эътироф этасизми? Гуноҳ қилганда ҳам сийловларини тўхтатмаган хўжайин олдидаги қулдек тура оласизми? Ёки бошқача йўл тутасизми? Бу имтиҳон шахсларга қандай тегишли бўлса, давлат ва жамиятларга ҳам шунчалик даҳлдор. Аллоҳ бани Исроил қиссасини мусулмонларга тасалли бўлиши учун зикр қилмоқдами? Йўқ. Балки бу уларнинг онгларини уйғотиш учун керак. Гўё Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мусулмонларга: «Бу сизлардан олдингиларнинг тарихи. Буни маъсум ваҳий хабар бермоқда. Уни намозларда ва раҳмат мажлисларида тиловат қиласизлар. У билан унутганлар огоҳлантирилади, ғофиллар уйғотилади. Таълим олсинлар, ибратлансинлар учун...» Ислом уммати мақтов сабаблари боқий бўлиши учун, таҳқир воситаларидан узоқ бўлиш учун бани Исроил тарихидан таълим олдими, олмоқдами? Бани Исроил қийинчиликларидан бирида яҳудийлар яна бир бор Мусо алайҳиссаломга шундай дейишди: «Сен бизга (пайғамбар бўлиб) келишингдан илгари ҳам (яъни ўшанда ҳам Фиръавн ўғилларимизни ўлдириб, аёлларимизни тирик қолдириб, зулм қилган эди), сен келганингдан кейин ҳам озор кўрдик». У (Мусо) деди: «Шояд Парвардигорингиз душманларингизни ҳалок этиб, сизларни бу ерга ҳалифа қилса ва қандай амаллар қилишингизни кўрса». (Аъроф, 129) Бу жуда муҳим масала. Гўё Мусо алайҳиссалом қавмига сизлар ерда ҳалифа бўласизлар, ер юзида ҳукмрон бўлган пайтингизда Аллоҳ нима қилишингизга қарайди, демоқдалар. Бу гап бани Исроилнинг ўзига тегишлими? Йўқ. Бошқа сурада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло буни мусулмонларга ҳам айтаётганини кўрамиз: «Маълумки, сизлардан аввалги асрлардаги миллатларни ўзларига зулм қилганлари ва пайғамбарлари очиқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтирган пайтларида, иймон келтирмаганлари учун ҳалок қилганмиз. Жиноятчи қавмни мана шундай жазолагаймиз. Сўнгра қандай амаллар қилишингизни кўриш учун сизларни уларнинг ортидан ерга ҳалифа (ўринбосар) қилиб қўйдик. (Юнус, 13-14) Демак, гап икки тоифа, икки жинс учун. Иброний жинс учун ўттиз ёки қирқ аср муқаддам айтилган гап, мусулмон тоифа учун ҳам ўн беш асрдан бери айтиб келинмоқда. Ўзимиздан ўзимиз сўраймиз, яҳудийлар қандай адашди, олам пешқадамлигини қандай бой беришди? Ҳаётни севганликлари учун, мол-дунёга ҳирс қўйганликлари учундир. Бир томондан амри маъруф, наҳий мункар қилмай қўйган бўлсалар, бошқа тарафдан мукаррамликлари сабаби ҳисобланмиш диний шахсиятларини хислатлари қаторидан ўчиришгани учундир. Уларни Аллоҳга боғлаб турадиган ришта пайғамбарлар авлоди бўлишганидир, дейиш ҳалокатдир. Бундай дейдиганлар, бундай ўйлайдиганлар орамизда анча. Лекин бу риштанинг Аллоҳ ҳузурида ҳеч қандай қиймати йўқ! Энди мусулмонларга қайтайлик. Давримиз ислом уммати илк асрлардаги салафларига мухолиф, тескаридир. Аввалги мусулмонлар Аллоҳ таолонинг: «Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди» (Тавба, 111) ояти нозил бўлганда битимга рози бўлганларини тезда эълон қилганлар. Балки: «Қандай фойдали битим... Жонларнинг Холиқи У, молларнинг Розиқи У, яна бизга жаннатни бериш учун Ўзи берганларини олмоқчи», дейишганди. Дарҳақиқат, бу жуда ҳам фойдали битим. Бошида ҳам фазл қилаётган, охирида ҳам фазл қилаётган Унинг Ўзи! Мусулмонларнинг ҳозирги ҳолига боққанимизда эса бутунлай бошқа нарсани кўрамиз. Ҳаётга ва лаззатга нисбатан ғаройиб муҳаббат, аввалгилар шарафланган исломиятдан довдираш, Ислом номидан хижолатга тушиш. Қисқаси, уммат мол ва лаззат ошиғи, улар тўлқинига ғарқ. Дунёга муҳаббатнинг бу тури ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Миллатлар сизларнинг устингизга (сиз билан уришиб, шавкатингизни синдириш учун) бир-бирларини чақириш арафасида туришибди, худди таомланмоқчи бўлганлар лаганга бир-бирларини чақиргандек. Бир киши:«Ўша кунда бу ҳол бизнинг озлигимиздан бўладими?», деди. Айтдилар: «Балки сиз у кунда кўп бўласиз, лекин сизлар сел лойқасига ўхшаган лойқа бўласиз (шижоатларининг сустлиги ва қадрларининг йўқлиги учун мусулмонлар лойқага ўхшатилмоқда). Аллоҳ душманларингизнинг қалбидан сизга нисбатан маҳобатни олиб қўяди. Ва Аллоҳ қалбларингизга заифлик ташлаб қўяди». Шунда бир киши: «Ё Расулуллоҳ, заифлик нима?», деб сўради. «Дунё муҳаббати ва ўлимни кариҳ кўриш», дея жавоб қилдилар. (Абу Довуд ва Аҳмад ривоятлари). Дунё муҳаббати... Кўп молларни кўрдик, одамлар қорнидаги таомга айланди, сўнг ҳожатхоналарни тўлдирди. Эгалари эса ўлиб, тарих ахлатхоналарига кўмилишди. Ундай кейин эса қиёмат ҳисобига интизор ётишибди. Бу – мол эгасининг оқибати. Уммат ўзига рози бўладиган тасарруф ва оқибат шуми? Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло умматимизнинг азизлиги Исломда, Аллоҳнинг розилигида ва Унинг ҳаққини адо этишда эканини англашимиз учун бизга яҳудийлар тарихини ҳикоя қилиб берди. Бундан сўнг мусулмонлар Китобини, Пайғамбари соллаллоҳу алайҳиссаломнинг суннатини инкор қилса, шаҳвати ва ҳавои нафси учун яшаса, бунинг ортидан фақат таназзул, қолоқлик ва йўқлик ҳосилини йиғишини ҳар биримиз англамоғимиз керак.Мубашшир Аҳмад