Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳунинг тавбаси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Албатта, тавба солиҳлар йўлининг бошланишидир. Ютуқ аҳлининг сармоясидир. Муридларнинг аввалги қадамидир. Адашганларга тўғриланиш калитидир. Тавба туфайли кўп ишлар ўнглангандир. Тавба туфайли кўп кишилар нажот топгандир. Одам Атонинг иши ўнглангани тавба қилганидандир. Иблиснинг лаънатга учрагани тавба қилмаганидандир.Тавба ҳақидаги қиссалар Қуръони Карим ва Суннати набавийда кўп келган. Шунингдек, кейинги даврдаги уламолар ҳам турли кишиларнинг тавбалари ҳақидаги маълумотларни ишончли йўллар билан умматга етказганлар. Мазкур қиссаларда улкан ибратлар борлиги эътиборидан улардан баъзиларини сиз – азизларга такдим этишга қарор қилдик. Тафсир, тарих ва ҳадис китобларимизда келтирилган ривоятларда Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу бундай ҳикоя қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ғазотлардан бирортасидан ҳам қолмаган эдим. Фақат Табук ғазотига иштирок этмадим. Яна айтиш керакки, Бадр ғазотига ҳам чиқмаган эдим. Аммо Бадрга чиқмаганлардан бирор киши итоб қилинмаган. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар Қурайшдан бошқани кўзлаб чиққан эдилар-у, лекин Аллоҳ улар билан душманни кутилмаганда тўқнаштирди.

Ақоба кечасида Ислом учун аҳдлашилганда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Гарчи Бадр ғазоти одамлар ичида кўп зикр қилинадиган ва машҳурроқ бўлса ҳам, мен бу ишни (Табукни) Бадрга алмаштирмайман.

Аммо Табук урушига келсак, мен ўша ғазотдан ортда қолган чоғимдагидек кучли ва имкониятли бўлмаганман. Аллоҳга қасамки, ўша ғазотгача ҳеч қачон иккита уловим бўлган эмас. Ўшанда иккита уловим бор эди.

  Одатда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор ғазотга борадиган бўлсалар, сиртдан бошқа томонга кетаётган қилиб кўрсатар эдилар. Лекин бу сафар ундай қилмадилар. Ғазотга ниҳоятда иссиқ пайтда чикдилар. Сафар узоқ, душман кўп эди. Мусулмонлар тўлиқ тайёр бўлишлари учун ҳамма нарсани очиқ-ойдин қилдилар. Қаёққа кетаётганларини ҳам очиқ айтдилар.

Мусулмонлар кўп эди. Уларни биров рўйхатга ҳам олмас эди. Агар бирор одам бормай қолмоқчи бўлса, Аллоҳдан ваҳий тушмаса, ҳеч ким билмай махфий қолиб кетадиган даражада эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазотга чиққанларида роса мева пишган, одам салқин жойларни хоҳлайдиган пайт эди. Мен ўшандай нарсаларни яхши кўрардим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у киши билан бирга мусулмонлар ғазотга тайёргарлик кўра бошладилар.

Мен ҳам улар билан тайёргарлик кўрмоқчи бўлар эдим, аммо ҳеч нарса қилмасдим. Ўзимга ўзим: «Агар хоҳласам, бирпасда қиламан», дер эдим. Расулуллоҳ ва мусулмонлар йўлга тушганларида ҳам мен қимирламадим. Улар кетганларидан сўнг ҳам мен иккиланар эдим. Орқаларидан етиб оларман, дердим. Кошки, шундай қилган бўлсам. Бироқ бу менга насиб этмади.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изларидан одамларнинг орасига борсам, ўзимга ўзим мунофиқ ёки узрли одамга ўхшаб кўринавердим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукка етиб боргунларича мени ёдга олмадилар. Табукда одамлар ичида ўтирганларида:

«Каъб ибн Молик нима қилди?» дедилар.

Бани Салама қабиласидан бир киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули, уни икки чопони ва ёнбошига қараши тутиб қолди», деди.

Шунда ҳалиги одамга Муоз ибн Жабал:

«Яхши гап айтмадинг», деди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, унинг фақат яхшилигини биламиз, холос», дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам индамадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Табукдан қайтиб келаётганларини эшитгач, мени ғам босди. Ёлғон гапириш ҳақида ўйлай бошладим. «Эртага у кишининг ғазабидан қандай қутуламан?» дер эдим. Ҳар бир фикрли одамнинг олдига бориб, бу ҳақда маслаҳат сўрар эдим...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етиб келдилар. Сафардан қайтганда қиладиган одатлари бўйича, биринчи масжидга кирдилар, икки ракъат намоз ўқидилар. Сўнгра ўтириб, одамлар билан сўрашишни бошладилар. Ғазотга бормай қолганлар келиб у кишига узр айтиб, қасам ича бошладилар. Улар саксондан ошиқ киши эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг сиртдан айтган узрларини, байъатларини қабул қилдилар, улар учун истиғфор айтдилар ва ичларидагини Аллоҳга ҳавола этдилар.

 Навбат менга келди. У кишига салом бердим, заҳарханда қилиб жилмайдилар ва «Бу ёққа кел!» дедилар. Юриб бориб олдиларига ўтирдим. У киши менга:

«Сени нима олиб қолди? Улов сотиб олган эдинг-ку?» дедилар.

Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, агар сиздан бошқа бирорта аҳли дунё қаршисида ўтирганимда, узр айтиб, унинг ғазабидан қутулиб кетар эдим. Худо менга тортишиш қобилиятини берган. Лекин Аллоҳга қасамки, агар бугун ёлғон гапириб, сизни рози қилсам, албатта, Аллоҳ мени сизнинг ғазабингизга дучор этади. Агар ростини айтсам, мендан хафа бўласиз. Нима бўлса ҳам, Аллоҳдан кўрдим. Аллоҳга қасамки, менинг узрим йўқ эди. Аллоҳга қасамки, сиздан ортда қолган чоғимдек, ҳеч қачон кучли ва имкониятли бўлмаган эдим», дедим.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аммо манави рост гапирди. Тур, Аллоҳ сен ҳақингда ҳукм қилгунча кут», дедилар. Туриб кетдим.

Бани Салама қабиласи одамлари шошиб ортимдан етиб келиб:

«Аллоҳга қасамки, бундан олдин ҳеч гуноҳ қилганингни билмаган эдик. Бошқа ортда қолганлар каби узр айтишдан ҳам ожиз бўлдинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳинг учун истиғфор айтсалар, кифоя қилар эди», дейишди.

 Аллоҳга қасамки, улар мени шунчалик айблашдики, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб ўзимни ёлғончи қилсаммикин, деб ҳам қолдим. Сўнгра уларга: «Бирорта одам менга ўхшаган гап айтдими?» дедим.

Улар: «Ҳа. Яна икки киши сен айтган гапларни айтди ва уларга ҳам сенга айтилган гаплар айтилди», дедилар.

Мен уларнинг кимлигини сўрадим. Улар: «Мирора ибн Робиъ ва Ҳилол ибн Умайя ал-Воқифий», дейишди.

Менга Бадрда иштирок этган икки аҳли солиҳни, ўрнак олиб юрадиган кишиларимни зикр қилишди. Икковларини айтишгандан сўнг йўлимда кетавердим.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга биз учовимизга, яъни ортда қолганларга гапиришини ман қилдилар. Одамлар биздан четландилар. Менга ҳатто ер ҳам ўзини олиб қочаётгандек туюлиб қолди. Гўё ер мен танийдиган ерга ўхшамас эди. Шу ҳолда эллик кун ўтди.

(«Тафсири ҳилол»дан)

Давоми бор...

Мавзуга оид мақолалар
Абул Ажалон алМуҳорибий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Мен Ибн Зубайрнинг лашкарида эдим. давоми...

12:02 / 12.10.2016 3536
Ассалому алайкум «muslimaat.uz» сайтида ўз хизматларини бекаму кўст адо этиб, фаолият юритиб келаётган мўмина, давоми...

11:39 / 08.04.2019 4057
Ислом дини учун кўп йиллар хизмат қилган, Бухоро вилояти Жўйбори Калон аёлқизлар ўрта махсус Ислом билим давоми...

15:02 / 21.03.2019 2505
БАРОАТ КЕЧАСИШарафли шаъбон ойида фазилати улуғ ва муборак бир кеча бор. Бу ҳақда ҳадиси шарифларда тўлиқ давоми...

22:57 / 01.04.2020 9336