Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абул Ҳасан Али Ҳасаний Надавий (1913-1999) Исломнинг забардаст олимларидан бири, етук мутафаккир, тарихчи бўлиб, турли тиллардаги элликдан зиёд китобларнинг муаллифи бўлган.
Насаби, ҳаётининг илк босқичи
Тўлиқ исми Али Абул Ҳасан бин Абдулҳай бин Фахриддин Ал Ҳасаний бўлиб, насаби Имом Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳумо)га бориб етади.
Отаси ҳам ҳинд алломаси ва тарихчиси бўлиб, ўзининг Ҳиндистонлик мусулмон арбоблари ва олимлари ҳақидаги 8 жилдлик асари билан машҳур бўлган. Онаси (ярҳамуҳаллоҳ) Қуръон ҳофизаси, фозила саййидалардан бўлиб, шеърлар ёзган, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мадҳларида байтлар назм қилган. Абул Ҳасан Надавий Ҳиндистоннинг шимолида жойлашган Уттар Пардаш вилоятида жойлашган Райбарели мудирия (провинция)сига қарашли Такия қишлоғида туғилди. Илк таълимни уйда, онаси қарамоғида Қуръoни Карим ҳифзидан бошлади. Сўнгра урду ва форс тилларини ўрганишга киришди. Ҳижрий 1341 йилда (1923-м.с.) отаси вафот этганида у ҳали 10 ёшга ҳам етмаган эди. Унинг тарбияси фозила онаси ва ўша пайтда тиббиёт куллиясида илм олаётган, Даарул улуум Надватул уламода таҳсил олган акаси Абдул Али ал Ҳасанийга қолди.
Толиби илм
Абул Ҳасан ҳам акасининг изидан бориб, Даарул улуум Надватул уламода араб, урду, инглиз тилларидан, шунингдек, диншунослик ва Исломий илмлардан таҳсил олди. Ҳижрий 1342 йилда (1924-м.с.) Шайх Халил бин Муҳаммад ал-Ансорийдан расман араб тили бўйича таълим олди ва араб тили бўйича илмини тугаллади.
1926 йилда Надватул уламонинг Канфурда бўлиб ўтган тантанасида иштирок этиб, араб тилидаги фасоҳатли нутқи билан иштирокчиларнинг диққатига сазовор бўлди. 1927 йилда эса Лакнау Университетининг энг ёши кичик талабасига айланди ва араб тили факультетида ўқиди. Университетни араб тили ва одоби бўйича «Фозил» шаҳодатномаси билан тугаллади. 1927-30 йиллардаги талабалик ҳаёти давомида у инглиз тилини мукаммал ўрганди. Бу эса унга турли хил исломий мавзулардаги, шунингдек, Ғарб маданияти, тарихи ва тараққиёти ҳақидаги инглиз тилида ёзилган китобларни ўқишда катта ёрдам берди.
1929 йилда Надватул уламодаги Дорул улумга ўқишга кирди. У ерда муҳаддис олим Ҳайдар Ҳусайнхоннинг ҳадис дарсларига борди ва ундан «Саҳийҳайн»ни, «Сунани Абу Довуд» ва «Сунани Термизий»ни сўзма-сўз ўрганди. Бундан ташқари, «Тафсири Байдовий» ва фиқҳга доир бир қанча китоблардан таълим олди.
1932 йилда тафсир илмидан дарс олиш учун Лаҳурга борди ва Муфассир Шайх Мавлоно Халил Аҳсандан баъзи суралар тафсирини, Мавлоно Аҳмад Али Лаҳурийдан тўлиғича Қуръон тафсирини ўрганди. Шунингдек, бир неча ой Дорул улум Деобандда қолиб, Ҳусайн Аҳмад Маданий, Шайх Эъзоз Али ва Қари Асғар Али Соҳибдан турли Исломий илмлардан, жумладан, тафсир, тажвид, ҳадис илмларидан дарс олди.
Илмий ҳаёти ва даъват ҳаракатлари
1934 йилда Дорул улум Надватул уламода мударрис бўлиб тайинланди ва у ерда тафсир, ҳадис, араб адабиёти ва тарихи ҳамда мантиқдан дарс берди. Абул Ҳасан акасига ва Дорул улум Надватул уламога келадиган турли араб мамлакатларида босиладиган журнал ва газеталарни ўқир, улар орқали араб мамлакатларидаги ҳолатлар, улардаги олимлар, адиблар ва мутафаккирлар билан мунтазам танишиб борарди. Кейинчалик замонавий сиёсатчилар, араб мутафаккирлари, Ғарб олимлари ва даъват соҳибларининг китобларини ўқиш орқали ўз мутолаа ва дарс кўламини кенгайтирди.
1939 йилда Ҳиндистон диний марказига тадқиқот билан бориб, у ерда Шайх мураббий Абдулқодир ар-Райпурий ва катта ислоҳотчи ва даъватчи Муҳаммад Илёс ал Кандиҳлавий билан танишди. Шайх Абдулқодирдан диний тарбия олган бўлса, Муҳаммад Илёсдан жамиятни ислоҳ қилиш ва даъват ишларини ўрганди. Шундан кейин кўп вақтини диний тарбия ва ислоҳотлар билан боғлиқ бўлган даъват сафарларида ўтказди. Бу сафарлар 1419 йилнинг Зулҳижжаси, яъни вафотига сабаб бўлган касаллик бошлангунича давом этди.
1943 йилда Исломий таълимотлар марказига асос солди. У ерда Қуръони Карим ва Суннати Набавийга оид дарс ҳалқалари бўлиб, бу дарсларга катта амалдордар ва зиёли табақа вакилларидан бўлган одамлар қизиқиш билан қатнарди.
1948 йилда Надватул уламо доимий бошқарув кенгашига аъзо қилинди ва таълим масалалари вакили этиб тайинланди. Акаси Доктор Саййид Абдул Алий Ҳасанийнинг вафотидан кейин эса Надватул уламога ректор қилиб тайинланди.
1951 йилда («Ҳаракатур рисаалатил инсаанийя»)га асос солди.
1959 йилда Лакнауда« Исломий илмий мажмуа»га асос солди.
1969 йилда Шимолий Уттар Пардаш вилоятида диний таълим ҳайъати ташкил қилинишида иштирок этди. 1964 йилда Ҳиндистон Умумий Исломий Машварат Мажлиси таъсис этилишида қатнашди.
Муҳим асарлари
Шайх Абул Ҳасан Али Надавий асосан араб тилида, шунингдек урду тилида асарлар ёзган. Унинг тарих, диншунослик ва таржимаи ҳолларга оид 50 дан ортиқ китоблари, минглаб маъруза ва мақолалари бор.
• Араб тилидаги биринчи мақоласи Имом Саййид бин Аҳмад (1831 йилда Балакут بالاكوت да шаҳид бўлган) ҳаракати ҳақида бўлиб, 1931йилда Саййид Рашид Ризонинг «Минор» журналида чоп этилган.
• Биринчи китоби Саййид Аҳмад шаҳиднинг сийрати мавзусида бўлиб, 1938 йилда урду тилида чоп этилган. Китоб дин ва даъват кишилари орасида илиқ кутиб олинди.
• 1940 йилда «Араб адабиётидан сайланма (танланган асарлар)» китоби, 1942-44 йилларда болалар учун «Пайғамбарлар (набийлар) қиссалари» силсиласи, шунингдек «Тўғри ўқиш» силсиласи нашрдан чиқиб борди.
• 1944 йилда машҳур «Мусулмонлар таназзули сабаб дунё нималарни йўқотди» номли китобини таълиф қила бошлади ва 1947 йилда тугатди. Китобнинг Ҳиндистондаги урду тилидаги биринчи таржимаси 1947 йилда биринчи Ҳаж сафарига кетишидан аввал чоп этилди.
• 1956 йилда Димашқ университетида Исломий тафаккур тарихида янгиланиш мавзусида маърузалар қилди ва бу унинг «Ислом оламида даъватчи ва мутафаккирлар» номли катта китоби ёзилишида асос бўлди.
• Мадинаи Мунаввара Ислом Университетида қилган маърузалари 1963 йилда «Қуръон зиёсида нубувват ва набийлар» номи билан босилиб чиқди.
• 1968 йилда Ар Риёд Университетида қилган маърузалари «Исломий ҳукумат ва мамлакатларда эркин исломий тарбия борасида» номли китобидан жой олди.
• 1958 йилда устози Шайх Абдулқодир Райпурийга жавобан «Ал Қодиёний ва қодиёнийлик» номли китобини таълиф қилди.
• 1965 йилда «Исломий мамлакатларда ғарбий ва исломий тафаккур ўртасидаги кураш» (الصِّراع بين الفكرة الإسلامية والفكرة الغربية في الأقطار الإسلامي)
• 1967 йилда «Тўрт рукн» (الأركان الأربع)
• 1980 йилда «Ақида, ибодат ва сулук» (العقيدة والعبادة والسلوك)
• 1984 йилда «Аҳли сунна вал шийъалар наздида Расули акрам ва илк мусулмонлар ҳаракатлари натижаларининг ўзаро зиддиятли кўриниши» (صورتان متضادتان لنتائج جهود الرسول الأعظم والمسلمين الأوائل عند أهل السنةوالشيعة)
• 1988 йилда «Амирул муминин Али ибн Абу Толиб сийратларида рози бўлинганлар» (المرتضى في سيرة أمير المؤمنين علي بن أبي طالب) китобларини таълиф қилди.
Матбуот
1932 йилда Надватул уламода чиқаётган араб тилидаги «Зиё» журнали, 1940 йилда ўша ерда чиқаётган урду тилидаги «Надва» («Кенгаш») журнали таҳририятида ишлади. 1948 йилда урду тилидаги «Таъмир» журналини чоп этди.
Абул Ҳасан Надавий 1955 йилдан бери араб тилида чоп этиладиган «Ал баъсул Ислаамий» («Исломий уйғониш») журналида, 1959 йилдан бери араб тилида чоп этиладиган «Ар Роид» (тадқиқотчи, пионер) газетасида, 1998 йилдан бери инглиз тилида чоп этиладиган «Fragrance» журналида, шунингдек, «Ал адаб ал Ислаамий» (Ислом адабиёти) ва урду тилидаги «Маориф» журналларида ҳам бош директор бўлиб ишлади.
Иззат ва икром
• 1956 йилда Димашқ Араб Академиясига кузатувчи аъзо бўлиб таклиф қилинди.
• 1962 йилда Маккаи Мукаррамадаги Ислом Олами Робитасининг биринчи таъсис мажлиси мудири бўлди.
• 1963 йилда Мадина Ислом Университети олий маслаҳат Кенгашининг ташкилотчи аъзоси бўлган.
• 1980 йилда Иордания Араб Академиясининг ёрдамчи аъзоси бўлган.
• 1980 йилда Исломга хизматлари учун Қирол Файсал халқаро мукофоти топширилди.
• 1981 йилда Кашмир Университетида адабиёт бўйича фахрий профессор шаҳодатномаси билан мукофотланди.
• 1983 йилда Оксфорд Исломий илмлар марказига раҳбар этиб тайинланди.
• 1984 йилда Жаҳон Ислом адабиёти робитаси тузилди ва унга Абул Ҳасан Надавий бош раҳбар этиб тайинланди.
• 1996 йилда Туркияда Жаҳон Ислом адабиёти робитаси тўртинчи умумий ҳайъати конферецияси доирасида олимнинг ҳаёти, адабиёт ва даъват ишларига оид адабий кенгаш тузилди.
• 1998 йилда (1418 ҳижрий сана Рамазон ойида) «Исломий шахсият» мукофоти билан тақдирланди. Мукофотни Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати валиъаҳди Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум тақдим қилди.
• 1998 йилда Оксфорд Исломий илмлар марказида Ислом мутафаккирлари сийратлари борасидаги ишлари учун «Бруней Султони» мукофотига сазовор бўлди.
• 1999 йилда Ҳиндистон мавзуий (объектив) илмлар институти томонидан «Имом Валиюллоҳ Деҳлавий» мукофоти билан тақдирланди. Аммо бу расмий эълон қилинмай туриб шайх вафот этди.
• ISESCO ташкилоти томонидан араб исломий маданиятига қилган катта хизматлари учун биринчи даражали ISESCO ордени билан тақдирланди. Орден 1421 ҳижрий сана Шаъбон ойида унинг жияни Абдуллоҳ Аббос Ан Надавийга топширилди.
Вафоти
Абул Ҳасан Надавий 1999 йил 31 декабрь (ҳижрий 1420 йил Рамазон ойининг 23 куни) жума куни Райбарели мудириясига қарашли Такия қишлоғида вафот этди.
Зарнигор тайёрлади.