Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Менга насиҳат қилинг», деди.
— Ғазаб қилма! – дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам. Ҳалиги одам илтимосини бир неча бор такрорлади.
— Ғазаб қилма! – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам».
Бухорий ривоятлари.
***
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Мусулмоннинг хулқи
Мусулмон фарзанди гўзал ахлоқлар билан сифатланган, ҳилму ҳаё ила зийнатланган бўлади. Тавозе либосини кийган бу инсон ўзгаларга раҳмдиллик билан муомала қилади. У бировлар оғирини ўз елкасига олади, озор-азиятларга сабр қилади, жазолашга қодир бўла туриб дилозорни афв этади, ҳамиша ғазабини боса олади... Хуллас, улуғ сифатлар ва гўзал ахлоқларни ўзида мужассам этади.
Саҳобий дунёю охират яхшилигига етишиш умидида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан насиҳат сўраганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир оғиз лўнда ибора билан унга насиҳат қилдилар: «Ғазаб қилма!»
Мазкур ибора ҳар бир хайр-яхшиликка дахлдор ва барча ёмонликка тўсиқ бўлган насиҳат эди.
2. Жаннатга бўлган муҳаббат ва унга олиб борадиган йўлларни излаш
Жаннат талабгори бўлмиш улуғ саҳобий ўзининг раҳнамоси, Фирдавси аълога етакловчи йўлбошчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёдлаш ва англаш осон, аниқ ҳамда лўнда бир насиҳат сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг сўровига мос, ҳамма замонларга хос тарзда жавоб қилдилар: «Ғазаб қилма!» Яъни юксак, набавий, қуръоний, иймоний ахлоқлар соҳиби бўл! Агар ана шундай олий ахлоқларни эгаллай олсанг, ғазабга қул бўлиб қолмайсан ва Аллоҳ розилигию жаннатига бошловчи ҳақ йўлингдан тойилмайсан.
3. Ҳалимлик ва босиқлик дунёю охират саодатига бошлайди
Эй жаннатга дохил бўлишдан умидвор мусулмон биродар! Табиатингиз устун келиб, аччиғингиз чиққан кезда ўзингизни ғазаб ҳукмига топшириб қўйманг. Токи ёвузлик кучлари сизни ҳар кўйга солмасин. Ғазаб ҳукмрон бўлган пайтда банда ҳаром ишларга қўл уриб қўйиши мумкин. Шу боис ғазабингиз аланга олишига йўл қўйманг. Тақводор, комил иймонли мусулмон қандай бўлиши лозимлигини эсланг. «Парвардигорингиз томонидан бўлгуси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган, эни осмонлар ва ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз. (У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларни афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади». (Оли Имрон сураси, 133-134-оятлар).
Ғазабингизни жиловлашни ўрганинг, шунда Аллоҳ таолонинг ғазабидан омон қоласиз ва тақводор зотлар сафида сиз ҳам жаннат аҳлига айланасиз.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар:
— Аллоҳ азза ва жалланинг ғазабидан мени нима узоқлаштиради?
— Ғазаб қилма! – деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Аҳмад ривоятлари).
Ҳасан Басрий айтадилар: «Кимда-ким қуйидаги тўрт хусусиятга эга бўлса, Аллоҳ таоло уни шайтондан асрайди ва дўзахга ҳаром қилади: рағбат, қўрқув, шаҳват ва ғазаб пайтида ўзини қўлга олиш».
4. Ғазаб барча ёмонликнинг бошидир
Яна юқоридаги ҳадисга қайтамиз. Насиҳат сўровчи саҳобий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Ғазаб қилма!» деган каломни эшитди ва қабул қилди. Бироқ шу лўндагина ҳикматли сўз билан кифояланмасдан яна ва яна насиҳат сўради. Улуғ саҳобий жаннатга киришдек улуғ мақсади учун бундан-да етукроқ ва фойдалироқ кўрсатма олмоқчи бўлган эди. Бироқ у ҳар гал «Насиҳат қилинг», – деганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир хилда «Ғазаб қилма!» насиҳатини эшитарди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур насиҳатни такрор-такрор қайтаришлари билан агар тўлиқ идрок этиб амал қилинса, шунинг ўзи етарли эканини таъкидладилар.
Оқил мўмин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлари таъсирида у Зотнинг мақсадларини англади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан насиҳат сўраган саҳобий айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларини фикр қилиб, шундай хулосага келдим: ғазаб дунёдаги жамики ёмонликни ўзида жамлар экан». (Аҳмад ривоятлари). Яъни ғазабини енга олган киши барча ёмонликни тарк этган бўлади. Барча ёмонликларни тарк этган киши эса жамики яхшиликка эришган ҳисобланади.
Сизга Аллоҳнинг салавоти ва саломи бўлсин, Ё Расулуллоҳ! Пок Парвардигор сизни энг гўзал мукофотлар билан тақдирласин! Сиз бизга ҳусни хулқни ўргатдингиз. Барча ёмонликнинг калити бўлмиш хавфли хислатдан огоҳ этдингиз...
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:
— Энг яхши амал нима?
— Ҳусни хулқ! Бу иложи борича ғазаб қилмаслигингдир, – деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
5. Ғазаб заифлик, ҳалимлик эса қувват белгисидир
Ғазабга берилиш, бирпасда ловуллаб кетиш кишининг заифлигини билдиради. Бундай кишилар гарчи соғлом ва бақувват бўлсалар-да, заиф ҳисобланадилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кучли деб ҳаммани енгадиган кишига айтилмайди. Ғазабланган пайтда ўзини қўлга ола олган одам кучлидир!»
(Бухорий ва Муслим ривоятлари).
6. Ғазабнинг ҳалокатли оқибатлари
Жиззакилик бемаза хулқ, ёмон табиат ва ҳалокат келтирувчи қуролдир. Ғазабга қул бўлган банда, унинг хунук оқибатларидан қочиб қутулолмайди. Бу кўнгилсиз оқибатлар, аввало, унинг ўзига, иккинчидан эса жамиятга зарар келтиради.
— Ғазабнинг кишига етказадиган зарарлари жисмий-моддий, хулқий-маънавий ва руҳий-диний йўқотишлардан иборат.
Сиз дарғазаб кимсанинг ҳолатини кузатсангиз, бунинг моҳиятини тўла-тўкис англаб етасиз. Унинг ранги ўзгаради, қони қайнайди, томирлари бўртади, бармоқлари калтирай бошлайди, ҳаракатларидан маъно кетиб, оғзидан боди кириб, шоди чиқади. Ғазабдан ўзини йўқотиб қўйган одамнинг тилидан хунук ҳақоратлар ёғилади. Баъзан оғзидан куфр сўзлари ҳам чиқиб кетади. Устига-устак, унинг жоҳилона хатти-ҳаракати туфайли молу жонига зиён-заҳматлар етади.
Ғазабнинг жамиятга зарари: ғазаб қалбларда нафрат уйғотади, ғаламисликка ундайди. Охир-оқибат у ўзига қул бўлган кишини бошқалардан ажратиб олади. Ғазабу нафратга тўлган қалб ўзгалар мусибатидан қувонади. Пировардида, одамлар орасига зулм оралайди. Яқинлар алоқаси узилади, ёру дўст ораси бузилади. Ҳаёт издан чиқади.
7. Ғазабни даф этиш ва даволаш йўллари
Ғазабланиш – ҳар бир инсонга хос хусусият. Бироқ ҳақиқий иймон эгалари ғазабни қўзғовчи сабаблардан йироқ юриш ва уни муолажа этиб бориш орқали ўзларини мана шу ёқимсиз феъл-атвор ёмонликларидан омон сақлайдилар.
Ғазаб сабабчилари. Ғазабга сабаб бўлувчи омиллар жуда кўп ва хилма-хилдир. Қуйида биз уларнинг баъзиларини санаб ўтамиз: кибр, бошқалардан ўзини катта олиш, ўзгаларни масхара қилиш, ноўрин ҳазил-мазахлар, талашиб-тортишиш, бировларнинг ишига тумшуқ суқиш, мол-мулк ва мансабу обрў ортидан қувиш... Мусулмон фарзанди бундай бемаза хулқ-атвордан халос бўлиши керак. У турли-туман бемаъни одатлардан ўзини олий тутсин.
Ғазабни даволаш йўллари. Ғазабдан қутулиш учун киши сабр, мулойимлик, собитлик ва оғир-босиқлик каби гўзал ахлоқларни ўзида шакллантирмоғи керак. Биз ҳар бир соҳада Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак оламиз. Қаранг-а, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу масалада қандай йўл тутганлар:
Зайд ибн Саъна мусулмон бўлишидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, жуда қўполлик билан қарзини сўрайди. Ҳолбуки, қарз муддати ҳали битмаган эди. Зайд мана шу ерда нубувват сифатини кўрди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳалимликлари ғазабларидан муқаддам турарди. Жоҳилнинг жаҳли-ғазаби у Зотнинг ҳалимликларини зиёда этарди, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдга табассум қилиб, бағрикенглик билан муомала қилдилар. Умар розияллоҳу анҳу эса уни жеркиб ташладилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳуга ҳам, Зайдга ҳам таълим-тарбия бўлсин учун дедилар: «Эй Умар! Мен ҳам, у ҳам бошқа нарсага муҳтожроқмиз. Сен мени қарзни чиройли адо этишга, уни эса қарзини яхшилик билан сўрашга чақиргин».
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Саънанинг қарзини бериб юборишни ва Умар етказган азият учун қўшимча ҳақ ҳам беришни буюрдилар. Мана шу ҳодиса Зайднинг Исломга кириб, Аллоҳ таоло ғазабидан омон қолишига сабаб бўлди. (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва Табароний ривоятлари).
Ғазабланган киши иложи борича ўзини тутсин. Ғазабнинг хунук оқибатинию кечиримлиликнинг фазилатини эсга олсин. «Тақводор зотлар яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларни авф этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшиликлар қилувчиларни севади». (Оли Имрон сураси, 134-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ғазабини амалга оширишга қодир бўла туриб, ўзини босган бандани Аллоҳ таоло Қиёмат куни бутун халойиқ олдида чақиради ва унга истаган ҳурини танлаш ихтиёрини беради». (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари); «Аллоҳ учун ғазабини ютган банданинг ичи иймон билан тўлдирилади». (Аҳмад ривоятлари). Абу Довуд ривоятида: «Аллоҳ уни омонлигу иймон билан тўлдиради», дейилган.
Ғазаби қайнаган киши «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожим» деб, Аллоҳ таолодан паноҳ сўрасин. «Агар сизни шайтоннинг шарри тутса, Аллоҳдан паноҳ сўранг! Албатта У Эшитувчи, Билгувчидир». (Аъроф сураси, 199-оят).
Икки киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида урушиб қолди. Улардан бири ғазабланиб, юзлари қизариб, иккинчисини ҳақорат қиларди.
«Мен бир калимани биламан», – дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, – агар у ушбу калимани айтса, ғазаби тарқалиб кетади: «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожим». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ғазаби келган киши дарҳол ҳолатини ўзгартирмоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Агар қай бирингизнинг ғазаби келса, тик турган бўлса, ўтириб олсин. Агар шунда ҳам ғазаби тарқамаса, ётиб олсин!» (Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари). Чунки тик турган киши ғазабланганда бирон нарса қилиб қўйиши мумкин. Ўтирган ёки ётган киши эса бирон ножўя хатти-ҳаракат қилишдан тийилади. Яъни унинг ҳолати бунга йўл қўймайди.
Ғазаб келганда сукут сақлаш керак. Чунки гоҳида кишининг оғзидан чиқаётган гаплар унинг ғазабини баттар алангалатиб юборади ёки қаттиқ афсус-надомат келтиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги сўзни уч бора такрорладилар:
«Агар қайси бирингиз дарғазаб бўлса, сукут қилсин!» (Аҳмад, Термизий ва Абу Довуд ривоятлари).
Ғазабни сўндирадиган воситалардан яна бири таҳоратдир. Маълумки ғазаб ҳароратни кўтаради. Сув эса кишини совутиб, асл ҳолига қайтаради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётиб шундай дедилар: «Билингларки, ғазаб одам боласи қалбида ёниб турган чўғдир!» (Аҳмад ва Термизий ривоятлари). Таҳорат ибодатида Аллоҳ таоло зикри мавжуд. Инсондаги ғазабни алангалатиб турувчи шайтон эса ибодат қаршисида ортга чекинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яралган. Агар ғазабингиз келса, таҳорат қилинг!» (Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари).
8. Аллоҳ таоло учун ғазабланиш
Биз юқорида нафс учун бўлган ғазабнинг ёмонлиги ҳақида сўз юритдик. Бироқ Аллоҳ таолони деб, Унинг динини, буйруғу қайтариқларини, соф эътиқодини ва мусулмон биродарларини ҳимоя этиб, дарғазаб бўлиш мақтовли хислатдир. «Улар билан жанг қилинглар, шунда Аллоҳ уларни сизларнинг қўлингиз билан азоблайди, расво қилади ва сизларни уларнинг устига ғолиб этади ҳамда мўмин қавм дилларини қондириб, кўнгилларидаги ғам-андуҳни кетказади». (Тавба сураси, 15-оят).
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чодирларидаги бокира қизлардан-да ҳаёлироқ эдилар. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нарсани ёқтирмасалар, биз буни у кишининг юзларидан билиб олар эдик». (Бухорий ривоятлари). Араблар қизлари учун уйнинг бир бурчагига парда тортиб, жой қилиб берар эдилар. Бокиралар номаҳрамлардан панада ҳаё билан жим ўтирардилар. Бу ерда «чодир» деганда ана ўша жой назарда тутилган.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч ғазаб қилмасдилар. Аммо Аллоҳ таоло белгилаган ҳудуд поймол этилса, у кишининг ғазабига ҳеч нарса туриш беролмасди». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
9. Инсон ғазаб устида қилиб қўйган ишларига ҳам жавоб беради
Киши ғазаб ҳолатида бировнинг қийматли нарсасига зиён етказиб қўйса, тўлайди. Ғазаб пайтида бир жонни қасддан ўлдирса, қасосга рўбарў қилинади. Оғзидан куфр калимаси чиқиб кетса, муртад бўлади. У тавба-тазарру қилмоғи шарт. Ичган қасами ҳам, айтган талоғи ҳам ўтади. Яъни дарғазаблиги унга тўсиқ бўла олмайди.
10. Мусулмон киши ҳамиша фойдали нарсаларни ўрганишга, чиройли мавъизага ва хайрли насиҳатга муҳаббатли бўлмоғи лозим
Кам гапириб, кўп амал қилмоқ ва гўзал намуналарга иқтидо этмоқ фазилатли кишиларнинг одатларидир.