Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Одамлар ақл ва унинг сифати тўғрисида ҳар хил фикрга боришган. Бир тоифа «ақл латиф жавҳар, у туфайли хабар ва маълумотлар моҳияти фарқлаб олинади», деган. Бундай қавлни айтган кишилар ақлнинг асл ўрни хусусида ихтилоф қилдилар. Бир тоифа «ақлнинг ўрни мия, чунки мия ҳис этиш жойи» деса, бошқа бир тоифа «ақлнинг ўрни қалб», дейди, чунки «қалб ҳаётнинг манбаи ва сезгилар асосидир», дейди. Ақл латиф жавҳардир, деб айтилган фикр икки жиҳатдан тўғри эмас. Биринчидан, жавҳарлар бир-бирига ўхшаш нарсалар бўлиб, бири тақозо этмаган нарсани бошқа бири ҳам тақозо этмоғи дуруст эмас. Агар бири тақозо этган нарсани бошқа бири ҳам тақозо этса, оқил киши тирик бўла туриб ақл мавжудлигига муҳтож бўлмасди.Иккинчидан, жавҳар ўз-ўзича мавжуд бўла олади. Агар ақлни жавҳар десак, айрим жисмда ақл бўлмаганидек, оқилсиз ақлнинг бўлиши ҳам мумкин бўларди. Мазкур икки сабаб боис ақлни жавҳар дейиш тўғри эмас.
Бошқа тоифалар ҳам борки, ақл бир нарсанинг туб моҳияти нимадан иборат бўлса, ўша нарсани идрок этувчи восита, деганлар. Бу фикр аввалгисидан кўра ҳақиқатга яқинроқ бўлса-да, яна бир тарафдан тўғри эмас. Чунки идрок қилиш жонли мавжудотга хос сифатлардан биридир. Ақл эса араздир. (Араз ўз-ўзича мавжуд бўла олмайдиган, балки мавжуд бўлиши учун асосга муҳтож нарса.)
Идрок этиш араз бўлиши мумкин эмас. Чунки араз тўғри нарса эмас. Тирик бўлмаган нарсани лаззатланувчи, оғриқни сезувчи ва хоҳловчи, деб таърифлаш тўғри эмас.
Яна бир гуруҳ мутакаллимлар ақлни зарурий билимлар йиғиндиси, деганлар. Бу таъриф умумийлик ва эҳтимолликни қамраб олгани учун аниқ таъриф эмас. Чунки таърифнинг вазифаси ўзидан умумийлик ва эҳтимолликни кетказиш орқали маҳдудликни очиб беришдан иборатдир. Бошқа тоифалар ҳам борки, ақлни идрок этиладиган нарсаларнинг зарурийсини билишдир, деган. Бу саҳиҳ қавлдир.
Юқорида айтиб ўтилганидек, зарурийни билиш икки хил бўлади:
― биринчиси, сезги аъзолари пайқаши орқали ҳосил бўладиган нарса.
― иккинчиси, туғилиш вақтидан инсон табиатида мавжуд бўлган нарса.
Сезги аъзолари пайқаши орқали содир бўлувчи нарсаларга келсак, улар кўриш орқали идрок этиладиган нарсалар, эшитиш орқали идрок этиладиган товушлар, татиш йўли билан аниқланадиган таъмлар, ҳидлаш орқали сезиладиган бўйлар ва ушлаш орқали пайқаладиган жисмлардан иборат.
Агар инсон сезги аъзолари воситасида бу нарсаларни идрок этувчи бўлса, унга илмнинг шу тури собит бўлади. Чунки кўзни юмган вақтда идрок этмаслиги ва бунинг натижасида унга илм собит бўлмаслиги инсонни ақли комил бўлишдан чиқара олмайди. Чунки сезги аъзосини ишлатган вақтдаги ҳолатидан аён бўладики, агар идрок этса, муайян билим ҳосил қилади.
«Адабуддунё ваддин» китобидан олинди.