Футболчи Эммануэль Адебайор Исломни қабул қилди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«The Herald» газетасининг интернет-сайти машҳур футболчи, Асли Того мамлакатида туғилган, ҳозирда «Тоттенхэм» клубининг ҳужумчиси Адебайорнинг мусулмон бўлганини маълум қилди. Газетанинг ёзишича, Эммануэль ўзини Исломни қабул қилишга ундаган қуйидаги 13 та сабабни санаб ўтган.
«Мусулмонларни Исо алайҳисаломнинг ҳақиқий издошлари (давомчилари) деб қабул қилишимга туртки бўлган 13 та сабабни келтирмоқчиман:
- Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг ягона экани ва ҳамма ёлғиз Аллоҳгагина иймон келтириши лозимлигига даъват қилган. Булар нафақат Қуръонда (Нисо сураси, 171-оят), балки Маркнинг Инжилида (12:29) ҳамда «Иккинчи Қонун»да («Второзаконие»да) ҳам келган (6:4).
- Исо алайҳиссалом чўчқа гўшти емаган. Бу ҳақда Левитнинг китобида (11:7) ҳам, Қуръонда ҳам айтилган.
- Иоаннинг Инжилида (20:21) келганидек, Исо алайҳиссалом ҳам одамларни «Ассалому алайкум» деб қарши олган. Мусулмонлар ҳам бир-бирларига «Ассалому алайкум» дейишади.
- Мусулмонлар бир ишни қилишдан аввал Қуръонда ёзилганидек, (Каҳф сураси, 23-24-оят) «иншааллоҳ» (Аллоҳ хоҳласа) дейишади. Исо алайҳиссалом ҳам шундай қилган.
- Мусулмонлар намоздан олдин таҳорат олишади. Исо алайҳиссалом ҳам шундай қилган.
- Исо алайҳиссалом ҳам, Библияда исми зикр қилинган бошқа пайғамбарлар ҳам, худди мусулмонлар намозда сажда қилишганидек, (Оли Имрон сураси, 43-оят) ибодат қилаётганда саждага боришган (Матфейнинг Инжили 26:39).
- Исо алайҳиссаломнинг соқоли бўлган, кенг кийим кийган. Бу ҳам мусулмон эркаклар учун суннатдир.
- Исо алайҳиссалом ўзидан олдинги барча пайғамбарларга иймон келтирган (Матфейнинг Инжили 5:17). Мусулмонлар ҳам Қуръонга мувофиқ барча пайғамбарларни ҳурмат қилишади (Оли Имрон сураси, 84-оят, Бақара сураси, 285-оят).
- Исо алайҳиссаломнинг онаси Марям авратини беркитиб, рўмол ўраб юрган. Бунга далолатни Тимофейнинг Инжилида (2:9), «Борлиқ»да, («Бытие», 24:64-65) ҳамда «Коринфликларга мурожаат»да («Послание Коринфянам», 11:6) топиш мумкин. Муслималар ҳам Қуръонга мувофиқ авратларини беркитиб юришади (Аҳзоб сураси, 59-оят).
- Исо алайҳиссалом ҳам, Библияда исми келган бошқа пайғамбарлар ҳам 40 кунгача рўза тутганлар (Даниил, 10:2-6 ҳамда Матфейнинг Инжили, 4:1). Мусулмонлар ҳам, Қуръонда буюрганидек, Рамазон ойида рўза тутишлари фарз. Баъзилари эса кўпроқ савобга эга бўлиш умидида қўшимча яна 6 кун нафл рўза тутишади.
- Исо алайҳиссалом уйга кираётганда, одамларни қарши олаётганда «Сизларга тинчлик, омонлик тилайман» дейишга чақирган (Луканинг Инжили, 10:5). Биз, мусулмонлар ҳам ўзимизнинг ёки ўзгаларнинг уйига кираётиб, «Бисмиллаҳ» деймиз, одамларни «Ассалому алайкум» («Сизларга омонлик тилайман») дея қарши оламиз (Нур сураси, 61-оят).
- Ислом динида эркакларга хатна қилиш фарз. Луканинг Инжилидаги Библияга биноан (2:21) Исо алайҳиссалом саккиз кунликларида хатна қилинган эканлар. Тавротда ҳам Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга бунинг фитрат эканини айтганлиги баён қилинган («Борлиқ», 17:13). Қуръонда эса Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳаниф динига эргашиши буюрилган (Наҳл сураси, 123-оят). Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам «Иброҳим алайҳиссалом саксон ёшлигида хатна қилинганлар» деганлар (Бухорий, Муслим ва Аҳмад ривоят қилган).
- Исо алайҳиссаломнинг она тили оромий тили бўлган. У Зот Худони Аллоҳ сўзи билан деярли бир хил талаффуз қилинадиган «Elah» сўзи билан атаган. Бу тил Библиянинг қадимги тили ҳисобланади. У сомий тиллардан бири бўлиб, яҳудий (иврит), араб, ҳабаш, қадимий оссурия ва бобил тиллари ҳам унинг таркибига киради. Оромий тилидаги «Elah» сўзи билан араб тилидаги «Аллоҳ», «илоҳ» сўзлари айни бир сўзлардир».
Оромий тилидаги «Elah» сўзи араб тилидаги «Аллоҳ» сўзидан келиб чиққан бўлиб, «тангри», «парвардигор» маъносини англатади. Араб тилидаги бу сўз Аллоҳ таолонинг исми эканлиги барчага маълум. Ушбу сўзларнинг талаффузи ва шаклидаги ўхшашликдан келиб чиқиб, Исо алайҳиссалом ҳам «Elah» деганда барча мусулмонларнинг, бутун инсониятнинг, бутун оламдаги барча махлуқотларнинг Робби бўлмиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони назарда тутганлиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин.
«Ана, энди айтинг-чи, Исо алайҳиссаломнинг ҳақиқий издошлари ким? Мусулмонлар. Ишончим комилки, мен Исо алайҳиссаломнинг ҳақиқий издошларидан бирига айландим», деб ёзади Адебайор.
Хулоса
Дарҳақиқат, Адебайорнинг мақоласи ғоят ажойиб. Зеро, бу машҳур футболчи ўзини Исломга олиб келган барча маълумотларни далиллари, манбалари билан келтириб берган. Бу каби воқеалар биз, мусулмонларнинг иймонимизни мустаҳкамлашга ёрдам берса, бошқаларни Ислом динига янги нигоҳ билан қарашга ундайди.
Аллоҳ таоло доимо ҳақ йўлда юриб, икки дунё саодатига эришишимизни насиб этсин! Омин!
Интернет материалларидан