Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мавлойимиз Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўзининг муқаддас китобида айтади:
«Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир» (Бақара 197- оят).
Фисқ, сиз билганингиздек, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг буйруқларидан чиқиш ва ундан қочишдир. Шунингдек, Аллоҳ қайтариб ман қилган нарсада жиноят қилишдир.
Эй сизлар! Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳаж вақтида бизларни фисқлардан қай тарзда қайтарганини эшитиб, ҳамда кўраяпсизлар.
Ҳаж мавсумида қайтарилган фисқ икки ҳолатни ўз ичига олади. Инсон ҳаж арконларини бажариш асносида жиноят қилиши ёки ҳажга йўл олиши ва сафарида жиноят қилишидир. Иккиси ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қайтарган ҳукм ичига киради.
Агар инсонга Аллоҳнинг муқаддас уйини ҳаж қилиш учун борадиган йўллар ёпиқ бўлиб, фақатгина унинг олдида гуноҳ ва жиноят орқали борадиган йўл бўлса, ҳаж арконлари ёки уни бажариш асносида ушбу гуноҳларни аралаштирса, демак, у Аллоҳ қайтарган жиноятни қилди.
Шу сабабли Ислом шариати уламолари бир қоидага иттифоқ килган. Бунга қарши фикр бор эканини биз билмаймиз. Бу шуки, агар тоат ҳаром қилинган гуноҳ заруратини келтириб чиқарса, у маъсиятга –гуноҳга айланади. Бунинг оқибатида савоб олишга ҳақли бўлган итоаткор жазога ҳақли бўлиб қолади.
Устига тоат қурилган маъсият, тоатнинг моҳиятини йўқ қилиб, уни гуноҳга айлантиради.
Намоз ўқишни ирода қилган инсон бу намози билан Аллоҳ таолога яқинлашиб боради. Агар у намозини бировдан ноҳақ йўл билан тортиб олган уйида ўқиса, унинг ўқиётган намози гуноҳга айланади. У кутаётган ажр, келиши аниқ бўлган азобга айланади. Айрим фуқаҳолар бу намозни ботил пуч эканига қарор қилганлар. Эгасидан ноҳақ тортиб олган Мусҳафдан эгасининг рухсатисиз Аллоҳнинг каломидан ўқисанг, қилган тиловатинг («Аллоҳнинг каломини ўқияпман-ку», деб ўйлаётган нарсанг) маъсиятга айланади.
Билишимиз лозим бўлган ушбу қоида, тоатнинг ҳамма турларида амалга ошади. Аллоҳ таолога яқинлаштириш учун қилинаётган ҳар бир тоат, фақат тўғри ва яхши йўл билан бўлиши лозим. Тоатни бажаришда тутган йўлингиз таъқиқланган камчиликлардан тоза бўлиши шарт қилинади. Ушбу қоидани яхши билишимиз лозим.
Буни билганимиздан кейин савол берамиз: ҳаром килинган гуноҳни келтириб чиқарадиган ҳажнинг ҳукми нима? Ҳожининг жиноят килишига боғлиқ бўлган ҳажнинг ҳукми қандай? Шубҳа йўқки, бу тарзда бажарилган тоат маъсиятга айланади. Аллоҳнинг муқаддас уйига етиши учун йўллар тўсилиб, фақатгина бир йўл, фалончи Зайдга пора бериш йўли қолган. Инсон шу нарсани унутмаслиги керакки, агар у шу ишни қилса, улуғ ва буюк бўлган ҳаж ибодатини маъсиятга айлантирган бўлади. Чунки у ушбу буюк тоат билан таъқиқланган иш орасини бирлаштирди.
Аллоҳ покдир, фақат пок нарсани қабул қилади. Ҳозирги замонда мана шу йилларда Аллоҳнинг уйини ҳаж қилишга кўплаб одамлар шошадилар. Улар бу тоатга боришда мана шу хатарли жиноятни қиладилар. Пора...
Пора, сиз билганингиздек, тақиқланган ишдир. Қора бозорларда сотилаётган виза рухсатномалари энг хатарли поралардандир.
Инсонни Аллоҳ ҳаром қилган нарса билан Аллоҳга яқинлашиши мумкин эмас. Инсонни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло огоҳлантирган гуноҳ билан Мавлоси ва Холиқига яқинлашиши жоиз эмас. Улар Аллоҳнинг уйини ҳаж қилиш учун йўлга шошадилар ва ёлғон ниқоб билан беркинадилар. Улардан бири ўзини қассобчилик ҳунари эгаси қилиб кўрсатади. У ердаги одамлар ҳунар эгасига эҳтиёжи бор, унинг эса бу ҳунардан хабари ҳам йўқ. Агар у Аллоҳнинг уйини ҳаж қилиш учун борса ҳам, ҳар қандай ҳолда буни уддалай олмайди.
Ёлғон гувоҳлик бериш, ёлғон иддаолар қилиш, тақиқланган ҳаром ишдир. Инсонни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳаром қилган йўл орқали ҳаж ёки намоз, ёки диний расм-русмлар билан Аллоҳга яқинлашиши мутлақо мумкин эмас. Бу Ислом шариатининг уламолари қарор қилган нарсадир. Балки Аллоҳ таолонинг ҳажни бажаришда гуноҳ қилишдан қайтарган фармонидир. Бу гуноҳ йўлдами ёки ҳаж арконлари ичидами, ундан қайтарилгандир.
Агар мақсад Аллоҳнинг розилигини топиш ва нафс истакларидан холи бўлса, ҳожининг бундай ҳаром ишларга боришининг имкони бўлмайди. Молини ва куч-қувватини «Аллоҳга яқинлаштирадиган йўл», деб ҳаёл қилаётган ёмон йўлда сарф қилишининг ҳам имкони бўлмайди. Ҳа, унинг ҳажга боргани тўғри. Лекин бу ҳажи учун ҳеч қандай савоб ололмайди. Балки у савоб ўрнига ўзи учун гуноҳ орттиради.
Ва яна шуни билишимиз лозимки, бу ибодат тўғрилиги ҳамда инсонинг бу ишида гуноҳ орттиришида қарама-қаршилик йўқ, тортиб олинган ерда ўқилган намоз жумҳур уламолар наздида тўғри, лекин у ерда намоз ўқигувчига савоб йўқ. Балки ўзининг мулки бўлмаган ерда эгасининг рухсатисиз намоз ўқишга киришгани сабабидан гуноҳкор бўлади. Қуръон тиловат қилиш яхши амал. Лекин сиз эгасининг рухсатисиз Қуръон ўқиш учун унинг мусҳафини олсангиз, сизнинг Аллоҳнинг китобини тиловат қилишингиз сиз учун гуноҳ ва жазо манбаига айланади. Чунки сиз тоат билан маъсият орасини бирлаштириб юбордингиз.
Аллоҳнинг ҳақлари кечириш ва илтифот устига бино қилинган. Аммо бандаларнинг ҳақлари даъволашув устига бино қилингандир. Ноҳақ тортиб олинган ерда намоз ўқиманг. Агар сиз бу жойда намоз ўқисангиз, Аллоҳ сизнинг ўқиган бундай намозингизга муҳтож эмас. Лекин бошқаларнинг ҳаққини оёқ ости қилганингиз учун гуноҳкор бўласиз. Аллоҳнинг уйини ҳаж қилиш учун бориш ҳам ушбу қоида остига киради. Мен бу гапларни ўтган йили ва ундан олдинги йилларда ҳам айтган эдим. Бу нарсани ёзишма ва турли йиғинларда ҳам ёритиб берганман.
Шунга қарамай, бу таъқиқланган кўриниш камайиб орқага қайтиш ўрнига тобора ўсиб, авж олиб бормоқда. Жуда кўп одамлар пора берадилар. Улар «Ажр ҳосил қилиш учун Аллоҳнинг уйига кетаяпман», деб ўйлайдилар. Жуда кўп одамлар ўзларини алоқаси бўлмаган турли ҳунарлар эгаси қилиб кўрсатадилар. Яъни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳаром қилган алдамчилик ниқобини киядилар.
Бу ишни фақатгина кўзга кўринмайдиган ҳаракат билан тузатиш мумкин. Агар ибодат ва Аллоҳнинг уйини ҳаж қилиш учун интилиш нопокликдан холи бўлиб, холис Аллоҳнинг розилиги учун бўлса, ушбу иш тузалади. Лекин кўриниш ибодат суратида бўлиб, бу ишнинг ортида нафс истакларини қондириш бўлса, бу сўзни эшитаётганлар бу гапларга парво ҳам қилмайдилар.
Аллоҳ таоло покдир, фақат пок нарсани қабул қилади.
Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.
Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутий жума хутбаси. 16 ноябрь 2007 йил.
Шайхонтоҳур туман Эшонгузар жомеъ масжиди имом-хатиби: Ғуломов Абдуллажон таржимаси. 26 август 2015 йил.