Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазиллари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ё Расулуллоҳ! Сиз биз билан ҳазил-мутойиба қиласиз», – дейишди. «Мен ҳақдан бошқани гапирмайман», – дедилар». Имом Бухорий ривоят қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг пайғамбари, хотамул анбиё бўлишлари билан бирга оддий банда ҳам эдилар. Бошқалар каби одамлар билан суҳбатлашар, ҳазил-мутойиба қилар эдилар. Аммо ҳазиллари рост бўлган, зеро, ҳазил қилганда ҳам ёлғон гапиришга ижозат йўқ. Ҳозирда баъзи кишилар ёлғонни роса гапиришади-да, ортидан ҳазиллашдим деб қўшиб қўяди. Бу мутлақо мумкин эмас! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  ҳазил қилишлари доим ҳам бўлмаган ва ҳар кимга ҳам ҳазил қилавермаганлар. Мен ҳазилкаш кишиман деб рост гап билан бўлса-да доим ҳазил қилавериш кишининг виқорини йўқотади ва бошқа кўнгилсизликларга сабаб бўлиши мумкин. Қуйида Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг қай ўринларда ҳазил қилганларини баъзи мисоллар орқали танишиб чиқамиз: Ёш болаларга ҳазил қилганлари: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ул зотни бир кун «Эй икки қулоғлик» деб чақирибдилар. Имом Термизий ривоят қилган. Маълумки, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу 10 ёшларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотнинг ёш болаликларини эътиборидан шундай ҳазил қилганлар ва албатта, сўзлари ҳақ сўздир. Заиф кишиларга ҳазил қилганлари: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига улов сўраб келди. Шунда у зот: «Бўпти, сени туянинг боласига миндириб қўямиз», – дедилар. «Туянинг боласини нима қиламан?» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб: «Ахир туя ҳам туянинг боласи бўладими?» – дедилар». Имом Бухорий ривоят қилган. Бир кишидан бирор бир нарса сўраб борган киши албатта хижолат бўлади, ўзини заиф деб ҳис қилади. Сўралувчи киши яхши муомала қилса, ўзига яқин олиб бироз ҳазил қилса сўровчининг кўнгли кўтарилади, албатта. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай кишиларга баъзида ҳазил қилган эканлар ва албатта сўзлари ҳақ сўздир. Аёлларга ҳазил қилганлари: Халқимизда «Аёл киши ширин сўзнинг гадосидир» деган нақл бор. Бу албатта бежиз эмас, аёллар нозик табиатли, бир оғиз ширин сўздан бахтиёр бўладиган, салгина қўпол ҳаракат, гап-сўздан кўнгиллари бузиладиган кишилардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллар билан қилган муомалари ҳам бизга гўзал намунадир. У зот алайҳиссалом баъзи вақтларда аёлларга ҳазил қилар эдилар. Булардан бир кампир «Мен ҳам жаннатга кираманми?» деб сўраганида «Жаннатга кампирлар кирмайди» деганлари ёки оналаримиз ва бошқа баъзи аёлларни шишага ўхшатиб, туяларни ҳайдаб юрувчи кишига «Оҳиста бўл, шишаларга сарбон бўлганингда» деганларини мисол келтиришимиз мумкин. Биринчи ҳолатда кампир киши аёл экани, заифа экани эътиборидан ҳазил қилганлар. Кейин «Жаннатга кампирлар кирмайди» деганларини изоҳлаб, ёш ҳолда кирилишини айтиб, оятдан далил ҳам келтирадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли аёллари ила ҳазиллашиб туришлари бошқа ўринларда ҳам бўлган. Шариатимизда аҳли аёл, фарзандлар ила кўнгилхушлик қилиш, уларнинг кўнглини кўтариш учун ҳазил қилишга рухсат бор. Албатта, ҳазил рост бўлиши, меъёрида бўлиши шарти билан. Ғиёсиддин Юсуф тайёрлади
Мавзуга оид мақолалар
Савол Бир таниш дугонам бир йилдан бери турмуш ўртоғи билан никоҳсиз яшайди. Сабаби у иккинчи хотин. Домла давоми...

07:28 / 28.11.2016 7733
  Муборак Рамазон ойи кириб келишидан бир неча кун олдин мана шу кунларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

16:10 / 07.02.2017 6827
Арзимаган  кичик бўрон пайтида кемадан фақат қўрқоқларгина биринчи бўлиб жуфтакни ростлайдилар. Ҳаттоки давоми...

14:57 / 02.03.2017 9384
«Хайрия ишларида аёл кишининг ўрни» конференциясининг биринчи мажлиси мағриблик Доктор Абдулҳамид давоми...

10:50 / 28.01.2017 4095