Таҳорат ҳақида

01:59 / 04.06.2020 | Husniya | 724
Ассалому алайкум! Аёл киши таҳорат қилиб, фаржини ювгандан сўнг латта қўйса, намоз пайти шу латтани олиб қўйиш керакми? Мен жамоат жойда ишлаганимда олишни иложи бўлмасди.
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

Нажас ифлос нарсадир. Бу бобда нималар нажаслиги ва улардан покланиш қандай бўлиши ҳақида сўз юритилади.

Нажас покнинг зиддидир. Шаръий эътиборда ифлос саналган нарса нажас бўлади.

Нажас икки турга бўлинади:

1. Ҳақиқий нажосат.

Луғатда: қон, пешоб каби айни ифлос нарсадир.

Шариатда: намозни ман қиладиган ифлослик ҳақиқий нажосатдир.

2. Ҳукмий нажосат.

Бу аъзоларга етган маънавий ҳолат бўлиб, намозни ман қилади. Унинг кичик бетаҳоратлиги таҳорат қилиш билан, катта бетаҳоратлиги ғусл қилиш билан кетади.

Ҳақиқий нажосат енгил, оғир, қуруқ, ҳўл, кўринадиган ва кўринмайдиган турларга бўлинади.

Намозхон учун бадан, кийим ва макондан нажосатни кетказиш вожибдир.

Аллоҳ таоло Муддассир сурасида:

ﯖ ﯗ  ﯘ

«Ва кийимингни покла», деган (4-оят).

Энди мавзуга оид матнларни шарҳлашга ўтайлик.

Нарса кўринадиган нажасдан сув ва ҳар қандай кетказувчи суюқлик билан нажаснинг ўзини кетказиш ила пок бўлади.

Бадангами, кийимгами, маконгами ёки бошқа бирор нарсагами, кўзга кўринадиган нажас тегса, ўша нарса уни кетказиш ила покланади. Шу билан мазкур нарса пок бўлади. Кўнгилни равшан қилиш учун кетидан яна бир-икки марта ювиб ташлашни маслаҳат берган фақиҳлар ҳам бор.

Бу ҳукмнинг далили қуйидаги ҳадисдан олинган:

عَنْ أَسْمَاءَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: جَاءَتِ امْرَأَةٌ إِلَى النَّبِيِّ r فَقَالَتْ: إِحْدَانَا يُصِيبُ ثَوْبَهَا مِنْ دَمِ الْحَيْضَةِ كَيْفَ تَصْنَعُ بِهِ؟ قَالَ: «تَحُتُّهُ ثُمَّ تَقْرُصُهُ بِالْمَاءِ ثُمَّ تَنْضِحُهُ ثُمَّ تُصَلِّي فِيهِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Асмаа розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Биздан биримизнинг кийимига ҳайзнинг қонидан тегиб қолади. Уни қандай қилиш керак?» деди.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уни ишқалайди, сўнгра сув билан ишқалайди, кейин эса сув билан ювади, ана шундан кейин унда намоз ўқийверади», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Гарчи кетиши қийин бўлган асари қолса-да.

Яъни нажосатни кетказиб, уни ювгандан кейин бирор изи қолса ҳам зарари йўқ. Аммо совун ёки унга ўхшаш воситалар ёрдамида асарини ҳам кетказиб юборилса, яна ҳам яхши бўлади.

Асари кўринмайдиган нажасдан агар имкони бўлса, уни уч марта ювиб, сиқиш билан пок бўлади.

Бунга пешоб ва шунга ўхшаш нажосатлар киради.

("Кифоя" китобидан )

https://savollar.muslimaat.uz/savol/9284

 Валлоҳу аълам!