Намоз ҳақида

11:09 / 07.06.2020 | Malika | 441
Ассалому алайкум! Беш маҳал намоз ўқиман. Охирги вақтларда намозимда кўп чалғишга мажбур бўлмоқдаман. Аввало намозни бошлашим билан бурним четида, юзимда кучли қичишиш бошланади. Жуда кучли, бунга чидаш жуда қийин бўляпти, базўр куч топиб чидаяпман. Намозимни ўқиб бўлишим билан эса қичишиш тўхтаб қолади.
1. Бу ҳолатдан охирги вақтда жуда тушкунликка тушяпман. Аллоҳ мени ўзига ибодат қилишимни хоҳламаяптимикан?
2. Кўпинча намозни тугатаётганимда “Аттаҳиёт” дан кейин айтиладиган саловотни биринчиси, яъни “Аллоҳумма солли аълаа” деб бошланадиганини айтганимни негадир эслолмай қоламан. “Аллоҳумма барик”ни айтаётганимда эслашга ҳаракат қиламан, лекин эслолмайман. Айтган бўлишим керак, лекин эслолмайман. Ана ўшанда ўша икки саловотни яна қайтадан ўқийман. Агар олдин айтган бўлсам икки мартта айтганим учун намозимда хатолик бўлмайдими?
3. Кейин баъзи сажда ёки дуоларни унутиб ўқимай қолдим деб ўйлаб, охирида саждаи саҳв қиламан. Ҳар доим ҳам эмас, баъзида бўлади бу ҳолат. Намоз тўкис адо этилган бўлсада, гумонга бориб саждаи саҳв қилинса намозга путур етмайдими?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Саволлар биттадан берилади

НАМОЗДА ХУШУЪ ВА УНИ ГЎЗАЛ АДО ЭТИШ

«Хушуъ» деб, аъзоларнинг сукунатда ва қалбнинг Аллоҳ билан бўлишига айтилади.

Намозни гўзал қилиб адо этиш эса фарз, вожиб, суннат каби одобларини ўрнига қўймоқликдир.

511- عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t أَنَّ رَسُولَ اللهِ r قَالَ: هَلْ تَرَوْنَ قِبْلَتِي هَا هُنَا وَاللهِ مَا يَخْفَى عَلَيَّ رُكُوعُكُمْ وَلَا خُشُوعُكُمْ، وَإِنِّي لَأَرَاكُمْ مِنْ وَرَاءِ ظَهْرِي.

511. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кўряпсизларми, менинг қиблам бу томонда! Аллоҳга қасамки, мен учун рукуъларингиз ҳам, хушуъларингиз ҳам махфий қолмас. Албатта, мен сизларни орқамдан ҳам кўрурман», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда намознинг хузуъси ва хушуъсини жойига қўйиб ўқиш зарурлиги таъкидланмоқда.

Ҳар бир инсон намознинг амалларини яхши адо этар экан, унда аъзолари тўла сокинликда қолиб, қалби Аллоҳ ёди билан бўлмоғи зарур.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга, мени қиблага қараб турибдилар, орқаларидаги нарсани, жумладан, бизнинг рукуъ ва хушуъларимизни кўрмайди, деб ўйламанглар, мен кўриб тураман, деганларининг маъноси шудир.

Айниқса, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапни Аллоҳ номи ила қасам ичиб айтишлари ушбу маънони қаттиқ таъкидлайди.

Шунинг учун ҳар биримиз намозимизнинг рукуъ ва хушуъсини жойига қўйиб ўқишимиз лозим.

512- عَنْ أَنَسٍ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: أَتِمُّوا الرُّكُوعَ وَالسُّجُودَ، فَوَاللهِ إِنِّي لَأَرَاكُمْ مِنْ بَعْدِ ظَهْرِي إِذَا رَكَعْتُمْ وَإِذَا سَجَدْتُمْ. رَوَاهُمَا الشَّيْخَانِ.

512. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Рукуъ ва сужудни батамом қилинглар. Аллоҳга қасамки, қачон рукуъ қилсангиз, қачон сужуд қилсангиз, мен сизларни орқамдан ҳам кўраман», дедилар».

Иккала ҳадисни икки Шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Муҳим гапни Аллоҳнинг номи ила қасам ичиб туриб, таъкидлаш жоизлиги.

2. Намозда рукуъ ва сужудни батамом қилиш зарурлиги.

3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам­нинг орқаларидаги нарсани ҳам кўриб туришлари.

513- وَلِمُسْلِمٍ: صَلَّى رَسُولُ اللهِ r يَوْمًا ثُمَّ انْصَرَفَ فَقَالَ: يَا فُلَانُ، أَلَا تُحْسِنُ صَلَاتَكَ؟ أَلَا يَنْظُرُ الْمُصَلِّي إِذَا صَلَّى كَيْفَ يُصَلِّي؟ فَإِنَّمَا يُصَلِّي لِنَفْسِهِ إِنِّي وَاللهِ لَأُبْصِرُ مِنْ وَرَائِي كَمَا أُبْصِرُ مِنْ بَيْنِ يَدَيَّ.

513. Муслим келтирган ривоятда:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлиб, қайрилдилар ва:

«Эй фалончи, намозингни яхшилаб ўқимайсанми?! Намозхон намоз ўқиганида қандай ўқиганига назар солмайдими?! Ахир ўзи учун ўқийди-ку?! Аллоҳга қасамки, албатта, мен худди олд томонимдан кўрганимдек, орт томонимдан ҳам кўрурман», дедилар».

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Намозни яхшилаб ўқиш зарурлиги.

2. Олим кишилар намозни яхшилаб ўқимаганларга танбеҳ беришлари кераклиги.

3. Намозхон намозининг тартибига назар солиб ўқиши лозимлиги.

4. Банда намозни ўзи учун ўқиши.

5. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орт томонларини ҳам худди олд томонларини кўргандек кўришлари.

514- عَنْ أَبِي مَسْعُودٍ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: لَا تُجْزِئُ صَلَاةُ الرَّجُلِ حَتَّى يُقِيمَ ظَهْرَهُ فِي الرُّكُوعِ وَالسُّجُودِ.

514. Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Токи рукуъда ва сужудда белини тўғри тутмагунича кишининг намози мукаммал бўлмас», дедилар».

Шарҳ: Демак, намоз қониқарли бўлиши учун унинг рукуъси, сужуди ва бошқа арконларини жо­йига қўйиб, хушуъ билан ўқимоқ керак. Рукуъни чала қилиш ёки унда қийшайиб туриш, шунингдек, саждада белни нотўғри тутиш билан намоз қониқарли бўлмайди.

(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан)

  Валлоҳу аълам!