Қандай салавот айтсам бўлади?

01:46 / 12.06.2020 | Seville | 1876
Ассалому алайкум! Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га намоздаги саловатдан бошқа яна қандай саловат айтиш мумкин?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

У зотга солавот айтиш ҳақида

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Аҳзоб» сурасида:
«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг», деган (56-оят).
Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Му-ҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадр-қимматлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалар улуғ эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Бошқа биров эмас, Аллоҳ тао-лонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиши таъкидланмоқда.
Араб тилида «саловот» сўзи «салот»нинг жами бўлиб, дуо маъносини англатади. Арабчада намоз ҳам «салот» дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор.
Аммо «салот» Аллоҳ таоло томонидан бўлганида «дуо» маъносини йўқотади. Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишининг маъноси у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади.
Фаришталарнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари у зоти бобаракот ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади.
Мўмин-мусулмонларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари эса, улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир.
Демак, Аллоҳ таоло доимо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан рози эканини билдириб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мақтовлар айтиб турар экан.
Фаришталар ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан раҳмат, саломатлик, розилик сўраб, дуо қилиб туришар экан.
Ояти каримада таъкидли хабардан ке-йин мўминларга:
«Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг», деб амр қилинмоқда.
Бу амрга биноан ҳар бир мўмин учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш ва салом юбориш фарз бўлиб қолади. Бу хусусдаги баҳсларда уламоларимиз умрда бир марта ёки ҳар бир мажлисда бир марта ёки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари ҳар зикр қилинганида бир марта саловот айтиш керак, деганлар.
Амалда эса, охиргиси–ҳар номлари зикр қилинганида саловот айтиш урф бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишни амр қилган экан, бу саловот қандай қилиб айтилади, деган савол пайдо бўлиши табиий. Жумладан, худди шу савол ушбу оят нозил бўлганидан кейиноқ саҳобаи киромларда пайдо бўлган.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтиладики:
«Бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизга салом беришни-ку биламиз, аммо саловот айтиш қандай бўлади?» деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммадин, кама соллайта ъала Иброҳийма ва ъала оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд. Аллоҳумма барик ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммадин, кама барокта ъала Иброҳийма ва ъала оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд», деб айт», дедилар.
Бошқа ҳадисларда ҳам бир оз фарқли сийғалар келган. Шундан кўриниб турибдики, бир хил сийғада саловот айтиш шарт эмас. Турли сийғада айтса ҳам бўлаверади. Энг муҳими, айтиш керак.
Баъзи кишиларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи саловот айтиб турса, Унинг фаришталари саловот айтиб турса, мўминларнинг саловотига нима ҳожат бор, деган савол пайдо бўлиши мумкин.
Бу муҳтамал саволга жавоб шуки: Пай-ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминлар саловотига эҳтиёжлари йўқ. Балки мўминлар у зотга саловот айтишга муҳтождирлар. Улар ушбу саловотлари ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаб, савоб оладилар. Дуолари қабул бўлади. Муродларига етадилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом ибн Можалар ривоят қилган ҳадисда Омир ибн Робиъанинг оталари қуйидагиларни айтадилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким менга саловот айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган саловотининг баробарида саловот айтиб турадилар. Банда саловотни хоҳласа, оз айтсин, хоҳласа кўп», деганларини эшитдим».
Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга бир марта саловот айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловот айтади», деганлар.
Қуръон тиловати ва Аллоҳнинг зикридан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Чунки бу нарса Аллоҳ тао-лонинг амри. Шунинг учун ҳам намознинг ташаҳҳудида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилади.
Имом Шофиъий: «Ташаҳҳудда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилмаса, намоз намоз бўлмайди», деганлар.
Имом Насаий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Абу Толҳа розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидан қувонч балқиган ҳолда келдилар. Биз:
«Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз!» дедик.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Чунки ҳузуримга фаришта келиб: «Эй Муҳаммад, албатта, Роббинг айтурки: «Ким сенга саловот айтса, албатта, Мен унга ўн марта саловот айтишим, ким сенга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сени рози қилмайдими?» деди», деб хабар бердилар».
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп саловот айтганлардир», деганлар.
Ушбу маънодаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўпдир. Асрлар давомида мусулмонлар ушбу оят ва ҳадисларга чин ихлос билан амал қилиб келмоқдалар. Намозларида ўз Пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтмоқдалар. У зоти бобаракотнинг номи-шарифлари зикр этилиши билан саловот айтишга шошиладилар. Аҳли солиҳ кишиларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишдан иборат кундалик вазифалари ҳам бор.
Аксинча, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари зикр қилинса-ю, у зотга саловот айтилмаса, бу мусулмонларнинг надоматга йўлиқишларига сабаб бўлади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Имом Термизий ва Имом Насаийлар ривоят қилган ҳадисда:
«Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга саловот айтмаса, ўша одам бахилдир», деганлар.(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобида)

 Валлоҳу аълам!