Намоз

01:42 / 12.06.2020 | Hamrohon | 508
Ассалому алайкум! Инсон намоз вақтида ухлаб қолса, унинг уйғонган вақти намоз вақти бўлади деб ўқидим. Агар бомдодга ухлаб қолиб қуёш чиқаётганда уйғонса ўша пайт ўқиса бўладими? Бомдодни қуёш чиқиб бўлгандан кейин ўқиса қазо деб ўқийдими ёки қазо дейилмайдими?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Ўқиганингизни нотўғри тушунибсиз.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким намозни унутса, бас, уни эслаган пайтида ўқиб олсин. Унинг бундан бошқа каффороти йўқдир. «Намозни Менинг зикрим учун қоим қил», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Муслимнинг ривоятида:

«Бирортангиз намоздан ухлаб ёки ғофил қолса, бас, уни эслаганда ўқиб олсин. Чунки Аллоҳ: «Намозни Менинг зикрим учун қоим қил», деди», дейилган.

Ҳадисга кўра, ким бир намоз вақтида ухлаб қолиб ёки намоз ўқиш кераклиги эсидан чиқиб қолса, уйғонганида ёки эсига  тушганида дарров ўқиб олади. Чунки ундан уйқу ва унутиш каби узр кетган бўлади ва вақтидан ўтказиб юборган амали зиммасида турган бўлади. Аммо уйғониш ёки эслаш намоз ман қилинган вақтга тўғри келиб қолса, то ўша вақт ўтиб намоз ўқиш жоиз бўлган вақт келгунича кутиб туради. Чунки аслида ўша вақтда ҳатто фарзни адо этиш жоиз эмас, фарзнинг қазоси ҳам фарздир. Вақтида ўқилган намоз адо бўлади, вақтидан кейин ўқилган намоз қазо бўлади. Жумладан қуёш чиққанидан кейин ўқилган бомдод ҳам қазо бўлади. Валлоҳу аълам.