Кўп маҳзун бўлиш

02:57 / 11.06.2020 | M | 630
Ассалому алайкум! Кўп маҳзун юраман, кайфиятим бўлмай қолади, хафа юраман. Энг асосий сабаби, гуноҳларим ёдимга тушаверади, истиғфор айтаман, Аллоҳ кечиришидан умид қиламан. Аммо Аллоҳга осий бўлган, Уни айтганини қилмаган вақтларим эсимга тушиб қийналаман. Бу ҳолат ҳеч мени тарк этмаяпти. Кайфиятим яхши бўлса, нимадир сабаб бўлиб эсимга тушаверади, кейин ўзимни ёмон кўриб кетаман, айниқса тавба қилиб яна қайта қилган гуноҳларимни ўйласам. Бу маҳзунлик мени Аллоҳга яқинлаштирадигандай туюлади, гуноҳларим ёдимда турса, бошқа гуноҳ қилмайман деб ўйлайман баҳзида. Бу маҳзунлигим Аллоҳни ғазабини келтирмайдими? Менга қандай маслаҳат берасиз. Бу ҳолатдан чиқа олмаяпман.
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! 

Бу шайтоннинг васвасаси. Сиз астойдил тавба қилинг ва ҳаётингизни давом эттиринг. Гуноҳга тавба қилгандан кейин эсга тушса истиғфор айтиш керак. Астойдил тавба қилгандан кейин эзилавериш керакмас. Бу Аллоҳ таолонинг Ғаффор сифатини менсимасликка киради. Инсон чин дилдан бир бора тавба қилса, албатта Аллоҳ таоло унинг гуноҳини кечиради. Чунки Қурҳони Карим ва ҳадис шарифларда, тавба қилувчининг гуноҳи кечирилиши ҳақида Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳда берганлар. Аллоҳ таоло ваҳдасига хилоф қилувчи Зот эмас. Чин дилдан тавба қилгандан кейин гуноҳини эслаб эзилавериш Аллоҳ таолонинг “Ғаффор” яҳни ўта мағфиратли эканлигини қадрламаслик бўлади. Сиз улуғ бир инсоннинг оёғини босиб олсангиз ва чин дилдан, самимий кечирим сўрасангиз, у киши кечиришини айтса, сиз яна қайта-қайта кечирим сўраверишингиз у кишининг ўта кечиримсиз, гиначи ва пасткашга чиқарган бўласиз. Қолаверса шайтон Одам алайҳиссаломга душман бўлди ва қиёматгача келадиган фарзандларидан қасос олишга қасам ичди.
Аллоҳ таоло “Сод” 82-83-оятларида марҳамат қилади :

 قَالَ فَبِعِزَّتِكَ لَأُغْوِيَنَّهُمْ أَجْمَعِينَ ۝ إِلَّا عِبَادَكَ مِنْهُمُ الْمُخْلَصِينَ ۝ 

82. У: «Сенинг иззатинг ила қасамки, мен уларнинг барчасини йўлдан оздиражакман.
83. Улардан танланган бандаларинггина мустасно», – деди.
Иблис Аллоҳ таолонинг иззати ила қасам ичиб, Одам болаларини қиёмат кунигача иғво қилишни қасд этди. Шу билан бирга, Аллоҳга ихлос қилган, Аллоҳ таоло танлаб олган бандаларга иғвоси таҳсир қилмаслигини ҳам айтиб қўйди. Инсонни шайтоннинг иғвосидан сақловчи қалқон унинг Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишидир. Аллоҳга ихлос билан ибодат қилмаганлар эса иблиснинг иғвосига учраши турган гап. Иблиснинг иғвосига учганларнинг оқибатини Аллоҳ таоло ўша пайтдаёқ эҳлон қилиб қўйган. ("Тафсири Ҳилол" китобидан).
Шайтоннинг табиати худди жирканч бир кишига сиз тарафингиздан бир хатолик ўтса, у ҳадеб сизни айбингизни юзингизга солиб, эзиб тушкунликка туширгани кабидир. Сиз бунга ҳеч парво қилманг. Валлоҳу аҳлам!