Одамлар ҳақида гапириш

02:52 / 11.06.2020 | Umidaxon | 853
Ассалому алайкум! Динимизда ҳақ бўлсада одамлар ҳақидаги салбий фикрларни айтиш гуноҳлигини биланам. Рамазонда ғийбатни тарк этишга астойдил киришдим. Қандай ҳолларда инсонлар ҳақидаги салбий бўлсада ҳарактер, амал ва гап сўзларини ўзгаларга айтиш мумкин? Мени илмим йўқ, аммо диний китоблардан ўқиганларимни яқинларимга айтиб, имкон қадар тўғри йўлга бошлашга уринаман. Кимгадир ўрнак қилибми ёки никоҳ масаласи, биродар бўлиш каби жиҳатларда атрофимиздаги инсонларга салбий бўлса ҳам ҳақни айтиш мумкинми? Албатта, ўша гапирилаётган инсонни ранжитиш ёки ёмон кўрсатиш фитнасидан узоқ бўлган ҳолда. Шу борада баҳзан гапиришим керак ёки керакмаслигини билмай қолябман. Шу мавзудаги фиқҳий илмни айтсангиз.
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

ҒИЙБАТ

«Ғийбат»нинг луғатдаги маҳноси бир нарсанинг кўздан тўсилишидир.

Уламо аҳли ғийбатни қуйидагича таҳрифлайдилар:

Журжоний: «Ғийбат инсоннинг бор айбларини унинг йўқлигида зикр қилишдир», деган.

Муновий: «Ғойибнинг айбини зикр қилиш», деган.

Аллоҳ таоло:

«Баҳзиларингиз баҳзиларингизни ғийбат қилмасин. ýСизлардан бирорталарингиз ýўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши ýкўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. ýАллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ Таввобдир, ýРаҳиймдир», деган («Ҳужурот» сураси, 12-оят).

«Ҳужурот» сурасидаги бу оятда ҳам Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини ғийбатчиликдан қайтармоқда:

«Баҳзиларингиз баҳзиларингизни ғийбат қилмасин».

Ғийбатнинг ҳаром, гуноҳи кабиралардан эканини ҳамма уламолар бир овоздан таҳкидлаганлар. Бу иш нақадар қабиҳ ва нақадар ёмон экани ояти кариманинг ўзида ҳам ажойиб услуб ила баён қилинмоқда:

«ýСизлардан бирорталарингиз ýўзининг ўлган ýбиродарининг гўштини ейишни яхши ýкўрурми?».

Қурҳони Карим бировни ғийбат қилишни ўша шахс ўлганидан кейин унинг гўштини ейиш билан баробар қилмоқда. Маҳлумки, одамнинг гўштини ейиш мумкин эмас, ўлгандан кейин ейиш эса асло хаёлга ҳам келтириб бўлмайдиган иш. Шунинг учун юқоридаги «яхши кўрасизми?» деган саволга ҳеч ким «Ҳа», деб жавоб бера олмайди.

Шу боисдан оятнинг ўзи «Ҳа, ёмон кўрасизлар!» деб таҳкидламоқда.

«Ўликнинг гўштини тановул қилишни кўнглингиз қандай кўтармаса, бировни ғийбат қилишни ҳам шундай кўтармасин», демоқда.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз ҳадисларидан бирида:

«Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўша одамнинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйидан шарманда бўлган ҳолатда чиқаради», деганлар.

Ғийбатчилар охиратда ҳам жазосиз қолмайдилар.

Расули Акрам алайҳиссолату вассалом:

«Мерожга чиққанимда мисдан бўлган тирноқлар билан юзларию кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Мен:

«Эй Жаброил, улар ким?» деб сўрадим.

«Булар у дунёда одамларнинг гўштини еб, обрўларини тўкканлар», деб жавоб берди», дея кўрганларини ҳикоя қилиб берганлар.

Оятнинг охирида Аллоҳ таоло мўминларнинг барчасини, хусусан, юқорида зикр қилинган гуноҳларни қилганларни Аллоҳдан қўрқишга даҳват қилиб, «Аллоҳдан қўрқинглар», дейди.

Шу билан бирга, аввал билмай, гуноҳ содир этилган бўлса, тавба қилиб, гуноҳни ювиш мумкинлигини эслатиб, Аллоҳнинг фазлу карамидан ноумид бўлмасликка чақиради.

«Албатта, Аллоҳ Таввобдир, ýРаҳиймдир».

Ҳар қандай гуноҳдан қай тарзда тавба қилинса, мазкур гуноҳларда ҳам худди ўшандай, яҳни ўтган ишга қаттиқ афсус қилиб, дилидан надомат чекиб, иккинчи бор бу ишни қилмасликка аҳд қилиш ва аҳдига вафо қилиш билан тавба қилинади. Аммо ғийбатчининг тавбаси бу билан тугамайди. Уламолар унинг тавбаси тўлиқ бўлиши учун яна бир муҳим шарт қўйганлар. У ҳам бўлса, қаерда, қайси мажлисда ғийбат қилган бўлса, ўша ерда, ўша мажлисда ғийбат қилинган киши ҳақида яхши гапларни гапириши керак.

Мўмин-мусулмонлар ғийбатдан четланибгина қолмасдан, балки бошқа ғийбатчиларнинг оғзига уриб, ғийбатга йўл қўймасликка ҳаракат қилишлари матлуб.

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом:

«Кимки бир мўминни ғийбатчи мунофиқдан ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг гўштини дўзах ўтидан ҳимоя қилувчи фаришта юборади. Кимки бир мўминни сўкмоқчи бўлиб, уни ғийбат қилса, Аллоҳ таоло уни гапидан қайтмагунича жаҳаннам кўприги устида ушлаб туради», деганлар.

4320- عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t أَنَّ رَسُولَ اللهِ r قَالَ: أَتَدْرُونَ مَا الْغِيبَةُ؟ قَالُوا: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ، قَالَ: ذِكْرُكَ أَخَاكَ بِمَا يَكْرَهُ، قِيلَ: أَفَرَأَيْتَ إِنْ كَانَ فِي أَخِي مَا أَقُولُ، قَالَ: إِنْ كَانَ فِيهِ مَا تَقُولُ فَقَدِ اغْتَبْتَهُ، وَإِنْ لَمْ يَكُنْ فِيهِ فَقَدْ بَهَتَّهُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

4320. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ғийбат нималигини биласизларми?» дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир», дейишди.

«Биродарингни у ёқтирмайдиган нарса ила зикр қилишинг», дедилар.

«Айтинг-чи, биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи?» дейилди.

«Агар унда сен айтган нарса бўлса, уни ғийбат қилган бўласан. Агар ўша нарса унда бўлмаса, унга бўҳтон қилган бўласан», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, бир одам ўзи йўқ пайтида унинг орқасидан, ўша одамга ёқмайдиган гаплар билан эслаш ғийбат бўлади. Ғийбат гуноҳи кабира, катта гуноҳлар қаторига киради. Ғийбатчига тайин қилинган азобларни эшитган одамнинг вужуди титраб кетади.

Бўҳтон эса бир кишини унда йўқ иллатлар билан айблаш, ёмонлаш экан.

Энди бу нарса ғийбатдан кўра неча марта катта гуноҳ эканини тасаввур қилиб олиш мумкин.

4321- عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قُلْتُ لِلنَّبِيِّ r: حَسْبُكَ مِنْ صَفِيَّةَ كَذَا وَكَذَا تَعْنِي قَصِيرَةً، فَقَالَ: لَقَدْ قُلْتِ كَلِمَةً لَوْ مُزِجَتْ بِمَاءِ الْبَحْرِ لَمَزَجَتْهُ، قَالَتْ: وَحَكَيْتُ لَهُ إِنْسَانًا، فَقَالَ: مَا أُحِبُّ أَنِّي حَكَيْتُ إِنْسَانًا، وَأَنَّ لِي كَذَا وَكَذَا.

4321. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Софиянинг ундоқ, бундоқлиги (паканалиги) сизга етарли», дедим. 

Шунда у зот:

«Батаҳқиқ, бир гап айтдингки, агар уни денгиз сувига аралаштирилса, уни бузиб юборар эди», дедилар.

У зотга бир инсонни (таҳқирлаб) гапирдим. Шунда у зот:

«Бир инсонни (таҳқирлаб) гапирганим учун менга бунча, бунча дунё берилишини хоҳламайман», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ғийбатчиликнинг ёмонлиги икки хил йўл билан қораланмоқда. Ғийбатчилик шунчалар ёмон нарса эканки, агар у денгизга аралаштирилса, денгизнинг суви қорайиб ва сасиб кетар экан.

Бир одам ҳақида ғийбат қилишдан ўзини сақлаш эса бу дунёнинг кўпгина бойликларига эга бўлгандан кўра яхшироқ экан.

Бас, шундай экан, бировни зинҳор ғийбат қилмайлик.

4322- عَنْ عَبْدِ اللهِ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: لَا يُبَلِّغُنِي أَحَدٌ مِنْ أَصْحَابِي عَنْ أَحَدٍ شَيْئًا، فَإِنِّي أُحِبُّ أَنْ أَخْرُجَ إِلَيْكُمْ وَأَنَا سَلِيمُ الصَّدْرِ. رَوَاهُمَا أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

4322. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менга асҳобларимдан бирортаси бошқа бир киши ҳақида гап етказмасин. Мен сизларнинг ҳузурингизга кўксим саломат ҳолида чиқишни истайман», дедилар».

Иккисини Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оммавий тарзда, жамоат аҳзоларининг барчасига эҳлон қилиб, ғийбатдан кишиларни умумий тарзда қайтармоқдалар. Бошлиқ одамнинг бундай йўл тутиши, албатта, жамоатга катта таҳсир кўрсатади. Бу каби эҳлонни эшитган жамоат аҳзолари ичида ҳеч ким ғийбат қилишга ботина олмай қолади.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғийбатдан наҳйи қилганлари.

2. Ҳеч ким бошқа одамни ғийбат қилмаслиги лозимлиги.

3. Ғийбатчи ҳам, ғийбатни тингловчи ҳам гуноҳкор бўлиши.

4. Ғийбат кишиларнинг қалбларининг саломатлигини бузиши.

5. Олим ва раҳбар одамлар кишилар ичида уларни бадхулқликдан қайтарувчи амрларни эҳлон қилиб турганлари яхшилиги.

4323- عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: إِنَّ مِنْ أَكْبَرِ الْكَبَائِرِ اسْتِطَالَةَ الْمَرْءِ فِي عِرْضِ رَجُلٍ مُسْلِمٍ بِغَيْرِ حَقٍّ، وَمِنَ الْكَبَائِرِ السَّبَّتَانِ بِالسَّبَّةِ.

4323. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Гуноҳи кабираларнинг каттаси бир одамнинг мусулмон кишининг обрўсига ноҳақдан тил теккизишидир. Бир сўкишга икки сўкиш ҳам гуноҳи кабиралардандир», дедилар».

Шарҳ: Мусулмон кишининг обрўсига ноҳақдан тил теккизиш асосан ғийбат орқали бўлади. Уламоларимиз бу иш гуноҳи кабира эканига иттифоқ қилганлар.

Бир сўкишга икки сўкиш билан жавоб бериш ҳам ёмон одат. Шу туфайли жанжал катталашиб кетиши мумкин.

4324- عَنْ أَنَسٍ t قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: لَمَّا عُرِجَ بِي مَرَرْتُ بِقَوْمٍ لَهُمْ أَظْفَارٌ مِنْ نُحَاسٍ يَخْمِشُونَ وُجُوهَهُمْ وَصُدُورَهُمْ، فَقُلْتُ: مَنْ هَؤُلَاءِ يَا جِبْرِيلُ؟ قَالَ: هَؤُلَاءِ الَّذِينَ يَأْكُلُونَ لُحُومَ النَّاسِ وَيَقَعُونَ فِي أَعْرَاضِهِمْ.

4324. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Меҳрожга олиб чиқилганимда мисдан бўлган тирноқлари билан юзларию кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим ва:

«Эй Жаброил, улар ким?» дедим.

«Булар у дунёда одамларнинг гўштини еб, обрўларини тўкканлар», деди», дедилар».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меҳрожга чиққанларида у зотга ўта муҳим нарсалар кўрсатилгани ҳаммага маҳлум. Ўша ўта муҳим нарсалар ичида ғийбатчиларнинг охиратда қандай тарзда азобланишлари ҳам бор экан.

Уларнинг ўзлари мисдан бўлган тирноқлар билан юзлари-ю кўксиларини тирнаб турар эканлар. Бу дунёда мўмин-мусулмонларни ғийбат қилиб, уларнинг обрўларини тўкишга уринган ғийбатчилар охиратда ўзларининг обрўларини ва унга қўшиб, юзларининг гўштларини ҳам ўзлари тўкиб турар эканлар.

Бундан ғийбатчиларнинг қиёматда қаттиқ азобга қолишлари келиб чиқади.

4325- عَنِ الْمُسْتَوْرِدِ t أَنَّ رَسُولَ اللهِ r قَالَ: مَنْ أَكَلَ بِرَجُلٍ مُسْلِمٍ أَكْلَةً فَإِنَّ اللهَ يُطْعِمُهُ مِثْلَهَا مِنْ جَهَنَّمَ، وَمَنْ كُسِيَ ثَوْبًا بِرَجُلٍ مُسْلِمٍ فَإِنَّ اللهَ يَكْسُوهُ مِثْلَهُ مِنْ جَهَنَّمَ، وَمَنْ قَامَ بِرَجُلٍ مَقَامَ سُمْعَةٍ وَرِيَاءٍ فَإِنَّ اللهَ يَقُومُ بِهِ مَقَامَ سُمْعَةٍ وَرِيَاءٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ. رَوَى هَذِهِ الثَّلَاثَةَ أَبُو دَاوُدَ.

4325. Муставрид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир мусулмон киши(ни ғийбат қилиш) туфайли бирор нарса еса, албатта, Аллоҳ уни жаҳаннамдан ўшанча едиради.

Ким бир мусулмон киши(ни ғийбат қилиш) туфайли бирор нарса кийса, албатта, Аллоҳ унга жаҳаннамдан ўшанча нарса кийдиради.

Ким бир киши учун сумҳа ва риё қилса, албатта, Аллоҳ уни қиёмат куни сумҳаси ва риёси учун шарманда қилади», дедилар».

Учовини Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёда ғийбатчи ўз ғийбатчилигидан кўзлайдиган мақсадларни ва унинг охиратда ўша ғийбатининг турига қараб жазоланишини баён қилмоқдалар.

1. «Ким бир мусулмон киши(ни ғийбат қилиш) туфайли бирор нарса еса, албатта, Аллоҳ уни жаҳаннамдан ўшанча едиради.

Бу дунёда ғийбатчи ўзининг ғийбатчилик фаолияти ила бирор нарса ейиши мумкин. Аммо бу ҳаром йўл билан топган таоми вақти-соати келиб, унинг бошига етган бало бўлар экан. Қиёмат куни Аллоҳ таоло ғийбатчини унга бу дунёда ғийбатчилик билан топиб еган таоми миқдоридаги жаҳаннам оловини едириш билан жазолар экан.

2. Ким бир мусулмон киши(ни ғийбат қилиш) туфайли бирор нарса кийса, албатта, Аллоҳ унга жаҳаннамдан ўшанча нарса кийдиради.

Бу дунёда ғийбатчи ўзининг ғийбатчилик фаолияти ила бирор нарса кийиши мумкин. Аммо бу ҳаром йўл билан топган кийими вақти-соати келиб, унинг бошига етган бало бўлар экан. Қиёмат куни Аллоҳ таоло ғийбатчини унга бу дунёда ғийбатчилик билан топиб кийган кийими миқдоридаги жаҳаннам оловини кийдириш билан жазолар экан.

3. Ким бир киши учун сумҳа ва риё қилса, албатта, Аллоҳ уни қиёмат куни сумҳаси ва риёси учун шарманда қилади».

Бу дунёда ғийбатчи ўзининг ғийбатчилик фаолияти ила шуҳрат топиши мумкин. Аммо бу ҳаром йўл билан топган шуҳрати вақти-соати келиб, унинг бошига етган бало бўлар экан. Қиёмат куни Аллоҳ таоло ғийбатчини унинг бу дунёда ғийбатчилик билан топган шуҳрати миқдорида шарманда қилиш билан жазолар экан.

Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин.

 Валлоҳу аълам!