Фолбин

11:50 / 14.06.2020 | Muyassar | 638
Ассалому алайкум! Бировни оиласини бузиб ёки эрини йўлдан уриб, сеҳр-жоду қилаётган инсонлар қиёматда қандай жавоб берадилар? Сеҳр қилувчилар мусулмон дейилмаслиги, уларни иши Аллоҳга ширк келтириш билан тенг бўлиб гуноҳи кабира эканлиги ростми? Шу сеҳрни қилдираётган инсонлар ҳам қаттиқ гуноҳ қилаётганликлари ҳақида наҳот ўзлари билмасликлари мумкинми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

Аллоҳ таоло:

«Сеҳргар қаерда бўлса ҳам, зафар топмас», деган («Тоҳа» сураси, 69-оят).

Ушбу жумла Тоҳа сурасидаги ояти кариманинг бир бўлагидир. Ояти карима Мусо алайҳиссалом ва Фиръавннинг сеҳргарлари орасида бўлиб ўтган муборазани васф қилувчи ояти карималар сиёқида келган бир оят бўлиб, тўлиғи қуйидагича:

«Қўлингдаги нарсани ташлагин, уларнинг қилган ҳунарини ютиб юборур. Уларнинг қилган ҳунари сеҳргарнинг ҳийласи, холос. Сеҳргар қаерда бўлса ҳам, зафар топмас»

Ўша пайт Аллоҳ Мусо алайҳиссаломни қўллади. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга нима қилиш кераклигини ўргатди.

«Қўлингдаги нарсани ташлагин, уларнинг қилган ҳунарини ютиб юборур».

Яъни «Қўлингдаги асони ерга ташлагин, сеҳргарлар кўрсатаётган сеҳрни ютиб юборади», деди.

«Уларнинг қилган ҳунари сеҳргарнинг ҳийласи, холос».

Ундан бошқа нарса эмас. Уларнинг ишлари фақат ҳийла-найранг, холос.

«Сеҳргар қаерда бўлса ҳам, зафар топмас».

Ҳийла-найранг ҳеч қачон зафар топмаган. Бу сафар ҳам зафар топмас. Фиръавнлар ва уларнинг гумашта сеҳргарлари доимо ҳийла-найранглар ила халқнинг кўзини бўяб келганлар. Уларнинг ботили ҳақ кўринмаган пайтда ўтади, холос. Ҳақ келганида ботил йўқ бўлади. Сен Роббингдан ҳақ келтирдинг, энди уларнинг ботили йўқолади.

Сеҳрнинг Қуръони Каримдаги маъносини яхшироқ билиб олиш учун «Бақара» сурасидаги қу­йидаги ояти каримани ҳам ўрганиб олайлик:

«Ва Сулаймон подшоҳлигида шайтонлар тиловат қилган нарсага эргашдилар. Сулаймон куфр келтиргани йўқ. Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ҳамда Бобилда Ҳорут ва Морутга туширилган нарсани ўргатиб, кофир бўлдилар. Икковлари: «Биз бир фитнамиз, холос – бас, кофир бўлмагин», демай туриб ҳеч кимга ўргатмасдилар. Икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганар эдилар. Ва улар Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига у ила зарар етказувчи эмасдилар. Ва ўзларига зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганурлар. Ва батаҳқиқ биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда яхши насиба йўқ. (Эвазига) ўзларини сотган нарсалари қандай ҳам ёмон! Кошки, билганларида эди!» (102-оят).

Яъни яҳудийлар худди Аллоҳнинг Китобини билмагандек, ортларига ирғитиб юбориб, Сулаймон алайҳиссаломнинг подшоҳликлари ҳақида шайтонлар айтиб юрадиган нарсага эргашиб кетдилар. 

Маълумки, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга ҳам пайғамбарлик, ҳам подшоликни берган эди. Шу билан бирга, у кишига бутун ҳайвонларнинг тилини ўргатиб, жинларни хизматларида ҳозиру нозир қилиб қўйган эди. Бу илоҳий мўъжизалар у кишининг пайғамбар эканликларини тасдиқлаш учун берилган эди. 

Сулаймон алайҳиссаломга Аллоҳ берган мазкур мўъжизаларни кўриб, одамлардан баъзилари иймонга келди ва иймонлиларнинг иймонлари мус­таҳкамланди. Аммо кофирлар, душманлар ва шайтонлар «Сулаймон сеҳргар, у ўз сеҳрининг кучи билан турли ҳайвонлар ила муносабатда бўлмоқда, жинларни ишлатмоқда», деган гапларни тарқатишди. Бундай миш-мишни тарқатишда яҳудийлар қавми жонбозлик кўрсатди. 

Шунда Аллоҳ таоло Пайғамбарларга берган мўъжизалар билан сеҳрнинг фарқини амалий суратда кўрсатиш учун Бобилга Ҳорут ва Морутни юборди. Улар хоҳлаганларга сеҳр ўргатиш билан вазифаланган эдилар. Аммо сеҳр ўргангани келганларга:

 «Биз бир фитнамиз, холос – бас, кофир бўлмагин», демай туриб ҳеч кимга ўргатмасдилар». 

Яъни «Биз фитна учун, одамларни синаш учун юборилганмиз, сеҳрни ўрганган кофир бўлади, сен ҳам уни ўрганиб, кофир бўлма», деган маънода огоҳлантиришар эди. Келган одам бу гаплардан кейин қайтиб кетса кетди, кетмаса, кофир бўлишини билиб туриб ҳам «Ўрганавераман», деса, ўргатишар эди. Мана шунинг ўзидан пай­ғамбарлик мўъжизаси билан сеҳр ўртасидаги энг катта фарқ намоён бўлади. Пайғамбарлик мўъжизаси илоҳий неъмат бўлиб, фақат Аллоҳ томонидан берилади. Сеҳр эса ўргатувчидан ўрганса бўладиган, ёмонликка ишлатиладиган бир нарсадир. Ушбу ояти карима мазкур масалани муолажа қилар экан, «Сулаймон сеҳргар бўлган», деган даъвога:

«Сулаймон куфр келтиргани йўқ», деган жавоб келмоқда. Шундан англашиладики, сеҳр куфр­га тенглаштирилмоқда. Бу маънони:

«Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ҳамда Бобилда Ҳорут ва Морутга туширилган нарсани ўргатиб, кофир бўлдилар», деган жумла янада таъкидламоқда. Бу ишлар Бобилда бўлгани ҳам айтилмоқда ҳамда Ҳорут ва Морут исмлари ҳам зикр қилинмоқда.

Ҳорут ва Морутларнинг ким эканлиги тўғрисида тафсирчилар турли фикрларни айтганлар. Лекин уламоларимиз бу фикрларнинг ҳаммаси ҳам ишончли манбага асосланмаганлигини алоҳида таъкидлаганлар. Шунинг учун оятдаги ибораларнинг таркибидан «Бу икки исм эгалари фаришта бўлган», деб айтганларнинг фикри қувватлироқ чиққан. Аллоҳ таоло инсонларни хоҳлаган усулда, хоҳлаган воситалар ила синаб кўради, бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ.

Кофирликни ҳам бўйнига олиб, сеҳрни ўрганганлар бу сеҳрларини нимага ишлатишади?

«Икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганар эдилар».

Демак, улар сеҳрни яхшилик учун ўрганмас эканлар. Улар сеҳрни ёмон нарсага ишлатишар экан. Аммо:

«Ва улар Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига у ила зарар етказувчи эмасдилар».

Ушбу жумлада дунёдаги ишларнинг бориши ҳақидаги исломий тасаввур ўз аксини топган. Яъни дунёда нима иш содир бўлса, барчаси Аллоҳнинг изни билан содир бўлади. Тўғри, Аллоҳ ҳар бир ишнинг юзага чиқиши учун сабабларнинг вужудга келишини шарт қилган. Аммо ўша сабаблар ҳам Аллоҳнинг изни билан таъсир қилади. Калом илми уламолари бу маънони тушунтириш учун оловни мисол қилишади. Оловни пахтага тутсанг, пахта куяди. У оловдаги куйдириш хусусияти туфайли куядими ёки ўзидаги куйишга бўлган қобилият туфайли куядими? Чунки оловда куймайдиган нарсалар ҳам бор-ку. 

Хуллас, ҳаммаси Аллоҳнинг изни билан бўлади. Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, оловдан куйдириш хусусиятини олиб қўяди. У зот куйдиришга изн бермаса, олов ҳеч нарсани куйдира олмайди. Мисол учун, Иброҳим алайҳиссаломни мушриклар катта гулханга ташлаганларида Аллоҳ таолонинг амри билан олов у зотни куйдирмаган.

Шунингдек, сеҳргарлар ҳам сеҳрни қилаверишади. Аммо Аллоҳнинг изни бўлмаса, ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар.

Ояти каримадаги

«Ва ўзларига зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганурлар» жумласи сеҳр фақат зарарли нарса эканлигини тасдиқлайди. Бу эса яҳудийларнинг сеҳрни мақтаб айтадиган гапларига раддиядир. Шу билан бирга, сеҳрни ўрганган, уни ёмонликка ишлатганларга охиратда ҳеч қандай насиба қолмайди.

«Ва батаҳқиқ биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда яхши насиба йўқ».

Шунингдек, одамларни касал қилиш мақсадида уларга қарши сеҳр ишлатган сеҳргарлар ҳам зафар топмаслар. Худди шу маънони таъкидлаш учун «Тиб ва дам китоби»да «сеҳр» номи остида бир сарлавҳа очиб, унга оид ҳадиси шарифлар келтирилмоқда.

Сеҳр тўғрисидаги ушбу ояти карима ва бошқа унга тегишли матнлар асосида уламолар узоқ тортишганлар. Ҳатто алоҳида китоб ёзганлар ҳам бор.

Бу тортишувлар «Сеҳр нима? Унинг ҳақиқати ҳақида нима деймиз? Сеҳрда нарсаларнинг табиати ўзгарадими ёки одамларнинг кўзига кўриниш ўзгариб, ўзи асл ҳолида қоладими?» каби масалалар устида бўлган. Аммо сеҳр ёмон нарса эканлиги, уни ўрганиш мусулмон одам учун мумкин эмаслиги ҳақида ихтилоф йўқ.

Тажриба шуни кўрсатадики, баъзи одамларда ғайриоддий хусусиятлар бўлади. Айниқса, ҳозирги кунда телепатия, магнит уйқуси, экстрасенс ва бошқа хусусиятлар ҳақида шов-шувлар кўпайган. Аммо илмий асосдаги аниқ хулоса йўқ. Баъзи кишиларда бошқа кишиларга таъсир ўтказиш хусусияти борлиги аниқ. Сеҳр ҳам ўша нарсаларга ўхшаш бир ҳолат бўлиши мумкин. Ушбу хусусият билан таъсир ўтказиб, эр билан хотинни ажратиб юбориш ёки кишилар соғлиғига таъсир қилиш мумкин. Лекин бундай ишларнинг барчаси Аллоҳнинг изни билан бўлишини унутмаслик керак. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан )

 Валлоҳу аълам!