Ажрашишга ҳаққим борми?

06:34 / 14.06.2020 | Дилноза Зайниддинзода | 685
Ассалому алайкум! Турмуш қурганимга 13 йил бўлди. Тўйимиздан сўнг ҳўжайним 2 ойгина ишладилар ва ҳозирга қадар ишламайдилар. Онамнинг менга берган тилла буюмларини сотиб ҳам бўлганлар, кўрсатмаган кунлари қолмади. Менинг қариндошларимдан ҳам пул қарз олиб, ишлатиб бермаганлар. Имконим бўлганча қарзларини узиб келмоқдаман. Фақатгина фарзандли бўлганларимда 3-4 ойгина уйда ўтирганман. Ҳар доим ота-онам моддий ёрдам бериб келишади. Ўзим эрталаб соат 07:30 ларда ишга кетиб, кечаси соат 11ларда ишдан қайтаман. Уч сменада ишлайман. Рўзғор қиламан, учта боланинг кийим-кечаги, қарзларни узиш, ҳўжайнимнинг қариндошлари орасидаги борди-келдилар менинг бўйнимда. Бу кунларни кўргунча жудаям асабий бўлиб қолганман. Қайнонам мени ва болаларимни турткилашлари, тирноқни ичидан кир қидириб, жанжал кўтаришлари ҳиқилдоғимга келди. Ўғилларига ҳеч нарса демайдилар, менга эса “ишласангиз ўзингизга, лекин келинлик вазифаларингизни тўлиқ бажарасиз” деб жанжал қиладилар. Тўғри уй вазифаларига кучим етмай қолади. Ахир мен ҳам одамманку. Шунча соат тикка туриб ишлашнинг ўзи эмаску. Илтимос, бефарқ қолдирманг! Нима қилай бу ҳолатда? Динимиз нима йўл кўрсатади?
Одинахон Муҳаммад Юсуф:

– Ва алайкум ассалом! Агар ҳолат сиз айтгандай бўлса, шариат кўрсатмаси бўйича сиз ишлашга мажбур эмассиз. Оила таъминоти эркак вазифаси. Ҳам ишлаб пул топишни, ҳам уй ишларини талаб қилиш зулмнинг ўзгинаси. Ҳуқуқларингиз поймол бўлганида, масъул жиҳатларга мурожаат қилишингиз мумкин. Мисол учун, судга айтиб болалар нафақасини олинг. Маҳаллага, оила марказларига шикоят қилинг, эрингиз ва қайинонангизни тартибга чақиришсин.  Валлоҳу аълам!