Фарзандимга бирор ёмонлик бўлишидан қўрқаман

15:51 / 01.06.2020 | Nigorabonu | 572

Ассалому алайкум! Ёшим 43 да. 20 йил деганда полапонимни қўлимга олдим. 4 ҳомилам тушиб қолган. Ҳар доим ҳар соатда болам билан бирон нохушлик рўй беради деб қўрқаман. Намоз ўқиятганимда ҳам ёнимда ўтирмаса ваҳимага тушаман. Шу вақтгача ҳеч кимга ташлаб кетмаганман. Турмуш ўртоғим бирга олиб кетсалар, ҳаёлим боламда бўлади. Машинанинг эшигини очиб юбориб тушиб кетса, ёки ўзини машинада қолдирсалар, тушиб кетиб қолса, ёки машина уриб кетса нима қиламан деб ваҳимага тушиб қоламан. Ҳаёлимда нима бўлганини тасаввур қиламан. Ҳозир карантин пайтида боламни кўчага олиб чиқишга, меҳмонга олиб боришга жуда ҳам қўрқаман. Полапоним асабий бўлиб қолаяпти. Ҳаёлимга ёмон нарсалар келса, "Аллоҳим ўзинг асра, мендан бу ҳаёлларни кетказ, Аллоҳу акбар!", деб айтаман. Роббим асрашини биламан, барибир шу қўрқув ичимда қолади. Қийналиб кетдим. Ҳатто олча ёки қурт еса ҳам, нафас йўлига тиқилиб қолади деб қўрқаман. Полапоним уйда, ёнимда бўлсагина хотиржамман. Боғчага бермоқчи бўлдим, интернетда боғчадаги ваҳшийликларни кўриб, бергим келмай қолди. Маслаҳатингизга муҳтожман! 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Бундай ҳолатингиздан маълумки, буйрагингизда етишмовчиликлар бор. Соат бирдан бешгача, айниқса учдан бешгача сув ичишни кўпайтиришингиз, қора анжир, қора олхўри, қора узумларни тез-тез истеъмол қилиб туришингиз керак. Кайфиятигиз яхши бўлишини таъминлашингиз зарур. Кайфиятингиз яхши юрса қўрқувларингиз ҳам секин-аста йўқола бошлайди. Чунки буйрагингиз анча қувватга кириб олади. Болани Аллоҳга таваккул қилишга одатланинг. Руҳан ўзингизни шунга тайёрланг. Валлоҳу аълам!