Аср намози

00:50 / 16.06.2020 | Munisa | 801
Ассалому алайкум! Кимда ким аср намозини қазо қилса, унинг ҳамма ибодатлари ҳабата, яъни бекор бўлибди, деган гап эшитган эдим. Шунга ойдинлик киритиб берсангиз, биргина намознинг қазо бўлиши билан ҳамма қилинган амаллар бекор бўладими? Олдиндан катта раҳмат!
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

Абул Малийҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Булутли кунда Бурайда розияллоҳу анҳу билан ғазотда бирга бўлдик. У киши:

«Аср намозини тезроқ ўқинглар, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким аср намозини тарк қилса, амали беҳуда кетади», деганлар», деди».

Бухорий ва Насаий ривоят қилганлар.

Бурайда розияллоҳу анҳу булутли кунда аср намозининг вақти чиқиб кетишидан қўрқиб, ғазотдаги шерикларига уни тезроқ ўқиб олишни тавсия этар эканлар, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ушбу ҳадисини далил қилиб келтирибдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким аср намозини тарк қилса, амали беҳуда кетади», деган эканлар.

Бу ҳам аср намозининг аҳамияти улкан эканидан дарак беради.

Уламоларимиз аср намозини тарк қилиш билан амал беҳуда (ҳабата) бўлиши ҳақида турли мулоҳазалар айтганлар.

«Ҳабата» сўзи аслида ёқмайдиган ўт-ўлан еб қўйиб, қорни шишган ҳайвонга нисбатан ишлатилади. Унинг еган нарсаси беҳуда кетади, фойда ўрнига зарар беради.

Аллоҳ таоло Қурҳони Каримда:

«Ким иймонни инкор қилса, унинг амали ҳабата бўлади», дея марҳамат қилган. Шундан келиб чиққан умумий қоидага биноан, амални куфр ҳабата қилади. Бошқа нарса ҳабата қилмайди.

Мазкур уламоларнинг аср намозини тарк қилиш амални ҳабата этиши ҳақидаги мулоҳазалари ҳам намозни тарк қилиш куфрми-йўқми экани тўғрисидаги фикрларга боғлиқ.

«Намозни қасддан тарк қилса, кофир бўлади» деган уламолар бу ҳадисни «Аср намозини қасддан тарк қилса, амаллар ҳабата бўлади», деб шарҳлашган.

«Намозни қасдданми, ноқасдданми, умуман, тарк қилган одам кофир бўлади» деганлар ўз фатволарига мана шу ҳадисни ҳам далил қилиб келтирадилар.

«Намозни қасддан эмас, дангасалик қилиб тарк қилган одам кофир эмас, осий бўлади», деганлар ҳам «Бир намозни тарк қилиш ёмонлигини, лекин аср намозини тарк қилиш ҳаммасидан ҳам ёмонлигини билдириш учун бу ҳадисда ўта шиддатли ибора келтирилган. Аслида фақат кофирликкина амалларни ҳабата қилади», дейдилар.

Нима бўлганда ҳам, ушбу ҳадисдан аср намозини тарк қилиш жуда ҳам катта гуноҳ экани билиниб турибди. Лекин бу – аср намозини ўқиса бўлди, бош­қа намозлар унчалик аҳамиятли эмас, дегани эмас. Ҳар бир намозни ўқимаслик, улкан гуноҳдир. Лекин аср намозини ўқимаслик яна ҳам улканроқ гуноҳ.

 Валлоҳу аълам!