– Ва алайкум ассалом!
Ибн Умар розияллоҳу анҳумомодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳунинг бир гуруҳ отлиқлар ичида отаси билан қасам ичаётганининг устидан чиқиб қолдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:
«Огоҳ бўлинглар! Аллоҳ азза ва жалла сизларни оталарингиз билан қасам ичишдан қайтаради! Ким қасам ичадиган бўлса, Аллоҳ билан қасам ичсин, бўлмаса жим турсин», деб нидо қилдилар. Умар:
«Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундан наҳий қилганларини эшитганимдан буён на ўзим шундай қасам ичдим ва на бошқанинг шундай қасамини тилимга олдим», деди».
Шарҳ: Жоҳилият даврида ҳаётнинг барча соҳалари издан чиқиши, ҳамма нарсада ҳақ ўрнини ботил эгаллаши маълум ва машҳур. Ушбу ҳадиси шарифдан жоҳилий жамиятда қасам ичиш ҳам йўлдан чиққанлигини кўриб турибмиз. Ҳар бир нарсада ота-бобоси билан фахрланишга одатланиб қолган жоҳилий кишилар улуғлаш ва эъзозлаш мақоми бўлмиш қасам ичишда ҳам Аллоҳнинг ўрнига ота-боболарини ўртага қўяр эдилар.
Ислом дини барча жоҳилий қонун-қоида ва урф-одатларни тузатиб, тўғри йўлга солиб бориш жараёнида қасам ичиш борасидаги хатоларни ҳам тузатди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларидан Умар розияллоҳу анҳунинг бир тўп отлиқ кишилар ичида туриб, ўз отаси номи билан қасам ичаётганларини кўриб қолдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ношаръий ишни дарҳол тузатишга ўтдилар. Мазкур отлиқлар тўпига нидо қилиб, ота-боболар номи билан қасам ичиш Исломда ман қилинганлигини, мусулмон инсон Аллоҳ таолонинг номи билан қасам ичиши кераклигини, бўлмаса, жим туриши лозимлигини баён қилдилар.
Шу жойга келганда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг:
«Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундан наҳий қилганларини эшитганимдан буён на ўзим шундай қасам ичдим ва на бошқанинг шундай қасамини тилимга олдим», деган гапларига алоҳида эътибор бермоғимиз керак.
Ўйлаб кўрайлик-а, саҳобаи киромлар учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир оғиз сўзлари умр бўйи оғишмай амал қилинадиган мустаҳкам қонунга айланиб қолган. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир оғиз сўзларидан кейин нафақат умрбод ўз ота-боболарининг номи билан қасам ичмаганлар, балки бошқа бировларнинг ота-бобоси билан қасам ичиб гапирган гапларини ҳам тилларига олмаганлар.
Шунинг учун ҳам ўша бахтли авлод мусулмонлари нажот топганлар, улкан муваффақиятларга эришганлар, бутун дунёда етакчи халқ бўлганлар. Агар улар ҳам бизга ўхшаб, оят ва ҳадисларни ўқиб, эшитиб қўйиб, ўз билганларини қилаверганларида, мазкур улкан натижаларга эриша олмас эдилар.
Агар бизлар ҳам буюк натижаларга эришишни, дунёнинг пешқадам халқи бўлишни истасак, улуғ аждодларимиздан ўрнак олиб, динимизнинг ҳар бир ҳукмига худди ўша азизларимиз каби амал қилмоғимиз лозим.
Демак, бирор нарса билан қасам ичиш ўша нарсанинг улуғлигини ўртага солиб, ўз гапини тасдиқлаш, таъкидлаш, бошқаларни ишонтиришга уриниш каби маънолардан иборатдир.
Мусулмон инсон учун эса Аллоҳдан улуғ ҳеч қандай Зот йўқ. Шунинг учун ҳар бир мусулмон қасам ичмоғи лозим бўлиб қолса, фақат Аллоҳ таолонинг исми ёки сифатлари билангина қасам ичиши мумкин. Бундан бошқача қасам ичган одам гуноҳкор бўлади. Чунки у Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиши орқали Аллоҳни қўйиб, ўзгани улуғлаган бўлади.
Валлоҳу аълам!