Калтакесак ҳақида

20:58 / 29.06.2020 | Chloe | 1367

Ассалому алайкум! Телеграмдаги Шайх Ҳазратлари группасида «Агар суннатларга амал қилсак, бидьатлардан қутулган бўлар эдик», сарлавҳаси остида кўпгина суннат амаллар ёзишибди. Тушунмаганим шуки, калтакесакни ўлдириш, деган жойи ҳам бор экан. Нима учун уни суннат эканини билдирсангиз илтимос. Олдиндан раҳмат.

«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Шу ўринда бир маълумот, мазкур канал бизга тегишли эмас.

Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам калтакесакни ўлдиришга амр қилдилар ва уни фосиқча деб номладилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан калтакесак хосиятсиз ҳайвон эканлигини тушуниб оламиз. Ҳақиқатан, ҳамма жойларда ҳам, ҳамма халқларда ҳам бу ҳайвон ҳақида бирор оғиз яхши гап айтилмаган бўлса керак. 

Имом Бухорий ривоят қилган бошқа бир ҳадисда:

«Калтакесакни ўлдиринглар! Чунки у Иброҳимга (ўт) пуфлаган эди», дейилган.

 

2191. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким калтакесакни бир уришда ўлдирса, унга бунча савоб. Ким уни икки уришда ўлдирса, унга бунча савоб, биринчидан озроқ. Ким уни уч уришда ўлдирса, унга бунча савоб, иккинчидан озроқ», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ривоят эса ўзидан олдингисини яна ҳам таъкидлаб келмоқда. Валлоҳу аълам!