– Ва алайкум ассалом!
وَجَاءَتْ جَارِيَةٌ بِكْرٌ إِلَى النَّبِيِّ ، فَذَكَرَتْ أَنَّ أَبَاهَا زَوَّجَهَا وَهِيَ كَارِهَةٌ فَخَيَّرَهَا النَّبِيُّ . رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ.
«Бир бокира қиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, отаси уни ёқтирмаса ҳам эрга берганини зикр қилди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтиёрни унинг ўзига бердилар».
Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Бундай ҳолатда ўша қиз никоҳда қолишни ирода қилса, никоҳ ақди кучга киради, бўлмаса, йўқ.
Бу иш Исломда аёл-қизларнинг эрки, ҳақ-ҳуқуқлари қанчалик риоя қилинишини кўрсатади. Зотан, шу ҳукмдан бошқаси тўғри ҳам эмас. Чунки никоҳ – умр савдоси, кўнгил масаласи. Кўнглига ёқмаган одам билан бир ёстиққа бош қўйиб, умр бўйи яшаш осон бўлибдими? Одатда, эркаклар аввал ўзлари рози, талабгор бўлиб совчи қўйганлари учун уларнинг розилиги ҳақида ривоятлар келмаган. Розилик ҳақида, асосан, аёл-қизлар ҳақидаги ривоятлар келган. Бу ҳаёт тақозосидир.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ فَتَاةً دَخَلَتْ عَلَيْهَا فَقَالَتْ إِنَّ أَبِي زَوَّجَنِي ابْنَ أَخِيهِ لِيَرْفَعَ بِي خَسِيسَتَهُ وَأَنَا كَارِهَةٌ، قَالَتِ اجْلِسِي حَتَّى يَأْتِيَ النَّبِيُّ ، فَجَاءَ رَسُولُ اللهِ فَأَخْبَرَتْهُ، فَأَرْسَلَ إِلَى أَبِيهَا فَدَعَاهُ فَجَعَلَ الْأَمْرَ إِلَيْهَا، فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ قَدْ أَجَزْتُ مَا صَنَعَ أَبِي وَلَكِنْ أَرَدْتُ أَنْ أُعْلِمَ النِّسَاءَ أَنَّ لَيْسَ لِلْآبَاءِ مِنَ الْأَمْرِ شَيْءٌ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бир қиз у кишининг олдига келиб:
«Отам мени ўз укасининг ўғлига турмушга берди. Бу билан пастли-гини кўтармоқчи. Мен буни хуш кўрмайман», – деди.
У киши: «То Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келгунларича ўтириб тур», – дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларидан кейин хабар бердилар. У зот унинг отасига одам юбориб, чақиртириб келдилар. Сўнгра ихтиёрни қизга бердилар. Шунда у:
«Ё Расулаллоҳ, отам қилган нарсани жоиз қилдим. Лекин аёлларга бу ишда оталарга ҳеч нарса йўқлигини билдириб қўйишни ирода қилган эдим», – деди».
Насаий ривоят қилган.
Демак, ўзларига турмуш ўртоғи танлашда қизларимизнинг ҳақлари бор экан. Уларнинг розилигини сўрашда эса ишбошилар – қизнинг отаси, ака‑укаси ёки амаки-тоғаси бўладими, ким бўлса ҳам, албатта, мажбур қилмасдан, ниҳоятда одоб-ахлоқ билан муомала қилишлари керак бўлади. Бу иш ҳадисда келган нарса бўлиб, шариатимизнинг қонунидир! Бизда эса, афсуски, шариатнинг ҳукми бир четда қолиб, одамлар ўзича чиқариб олган урф-одатлар, бидъат-хурофотлар ҳукм сурадиган бўлиб қолган.
Бу борада барча ота‑оналар ва ишбошилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишлари зарур. Келинг, бунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қизларига бу борада қандай муомала қилганларини ўрганайлик.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ إِذَا أَرَادَ أَنْ يُزَوِّجَ شَيْئًا مِنْ بَنَاتِهِ جَلَسَ إِلَى خِدْرِهَا، فَقَالَ: إِنَّ فُلَانًا يَذْكُرُ فُلَانَةً، يُسَمِّيهَا وَيُسَمِّي الرَّجُلَ الَّذِي ذَكَرَهَا فَإِنْ هِيَ سَكَتَتْ زَوَّجَهَا، وَإِنْ هِيَ كَرِهَتْ نَقَرَتِ السِّتْرَ، فَإِذَا نَقَرَتْهُ لَمْ يُزَوِّجْهَا. رَوَاهُ أَحْمَدُ بْنُ حَنْبَلٍ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон қизларидан бирор-тасини узатмоқи бўлсалар, унинг пардаси олдига ўтириб, «Фалончи Фалонани зикр қилмоқда», деб, унинг ҳам, уни зикр қилган эркакнинг ҳам исмини айтар эдилар. Агар у сукут сақласа, никоҳлар эдилар. Агар у қиз ёқтирмаса, пардани чертар эди. Қачон қиз пардани чертса, уни никоҳламас эдилар».
Аҳмад ривоят қилган.
Оламларнинг сарвари, Роббул оламийннинг Расули бўлган зотнинг ўз қизлари билан никоҳ, оила қуриш борасида қилган муомалаларига назар солинг. Қандай юксак одоб! Қандай олий маданият! Қизларнинг одобини, ахлоқини кўринг!
(Бахтиёр оила.)