– Ва алайкум ассалом! Тафсири Ҳилолнинг муқаддимасини ўқинг. Керакли маълумотларни топасиз. Валлоҳу аълам.
Қуръони Каримнинг ўзбекча таржимаси бўлмайди. Қуръони Карим маъноларининг ўзбекча таржимаси бўлади. Бу нарсани яхшилаб фарқлаб олмоғимиз лозим.
Аввалги мусулмонлар Қуръони Каримни олий даражада тушунганлар. Деярли барчалари араб тилини яхши билганлар. Аммо кейинчалик арабмас халқлар ҳам мусулмон бўлдилар.
Вақт ўтиши билан, араб тилини билмайдиган мусулмонлар Қуръони Карим маъноларини қандай ўрганадилар, деган савол пайдо бўлди. Гап таржимага бориб тақалди. Лекин уламолар бир овоздан: «Қуръони Каримни таржима қилиб бўлмайди», деб туриб олдилар. Уларнинг фикрларича, Қуръони Карим илоҳий, мўъжиза калом бўлиб, унга ўхшаш арабча калом келтириш имкони бўлмаганидан кейин, унинг мақсадини бошқа тилда, айни шаклда баён қилиш имкони ҳам йўқ эди. Қуръони Карим савиясида бўлмаган нарсани «Қуръон» деб аташ эса мутлақо мумкин эмас. Энг муҳими, «Қуръони Карим таржимаси» деган даъво билан кишиларни ҳақиқий Қуръондан узоқлаштириш хавфи туғилиши мумкин эди.
Ушбу ва шунга ўхшаш мулоҳазалар асосида «Қуръони Каримни таржима қилиш мумкин эмас» деган қатъий қарор чиқди. Шунинг учун ҳам қадимда бошқа тилларда Қуръони Каримга ёзилган тафсирлар ёки тушунтиришларни учратамиз-у, аммо Қуръони Карим оятларининг бевосита таржималарини деярли учратмаймиз.
Замон ўзгариб, турли халқлар орасидаги алоқалар ривожланиши асносида ғарб халқлари ҳам мусулмонлар билан борди-келди қилишга ўтдилар. Мазкур борди-келдилар мустамлакачилик асосида бўлгани ҳаммага маълум. Бу омил барча алоқаларга ўз соясини солиб туриши ҳам маълум. Худди ўша омил юзасидан ғарб халқлари Қуръони Каримни ўз тилларига таржима қилишни бошладилар. Қуръони Каримнинг маъноларини билиш мусулмон халқлари ичида мустамлакачилик сиёсатини олиб борувчиларга жуда ҳам зарур эди.
Шунинг учун ҳам Қуръони Карим маънолари, асосан, ғарб мустамлакачилигининг содиқ аскарлари томонидан таржима қилинганини кўрамиз. Улар мазкур таржималарни ўзларича, ҳавойи нафслари хоҳлаганича қилдилар ва «Қуръон» деб номладилар. Кўпроқ асл арабча матндан эмас, бошқа таржималардан ўгирилгани ҳам сир эмас.
Ана шу таржималарни нафақат мустамлакачилар, балки уларнинг тилини биладиган баъзи мусулмонлар ҳам ўқий бошладилар. Чунки ҳар бир мусулмонда Қуръони Карим маъноларини билиш орзуси бўлиши турган гап.
Шунингдек, ҳар бир мусулмон ҳам араб тилини билмаслиги аниқ гап. Ушбу омиллар ва Қуръони Карим таълимотларини, Ислом динини бутун дунёга тарқатиш масъулияти уламоларимизни Қуръони Карим маъноларини таржима қилиш масаласини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.
Авваллари айнан Қуръони Карим муҳофазаси йўлида, «Асл Қуръон қолиб, унинг маънолари таржимасига суяниб қолинмасин, таржималардаги ихтилофлар Қуръон ҳақида ихтилофларга олиб бормасин, таржимага суяниб, одамлар араб тилини ўрганмай қўймасин» каби мулоҳазалар ила Қуръони Карим маънолари таржимасига расмий рухсат берилмаган эди.
Энди эса шароит тамоман ўзгарган эди. Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган араб тилидаги асл Қуръон муҳофазаси собит бўлган эди. Одамлар маънолар таржимасига суяниб қолиб, асл матн унутилиши хавфи ҳам кўтарилган эди.
Араб тилини биладиган мусулмонлардан кўра у тилни билмайдиган мусулмонлар кўпайиб кетган эди. Уларнинг барчасига Қуръони Каримни тушунадиган равишда араб тилини ўргатиш қийинлиги ҳам аён бўлган эди. Бунинг устига, дунёнинг мусулмон эмас халқларини ҳам Исломга даъват қилиш керак эди. Энг муҳими, Қуръони Карим маъноларини бошқалар нотўғри таржима қилиб тарқатаётган эдилар. Бу ўзига яраша катта хатар эди. Ана шу омилларни эътиборга олган уламоларимиз Қуръони Карим маъноларининг исломий таржимаси зарурлиги ҳақида фатво чиқардилар ва бундай таржима учун керакли шартларни ҳам баён қилдилар.
Мазкур шартлар «Қуръони Карим маънолари таржимаси унинг тафсиридек нарсадир» деган тушунча асосида қўйилганидан, тафсир ва тафсирчи учун қўйилган шартларнинг айни ўзи эди.
Қуръони Карим тафсири ва таржимаси билан шуғулланадиган кишида бўлиши зарур шартлар ишлаб чиқилди. Қуйида ана шу шартлардан баъзиларини келтирамиз:
Биринчи шарт: Тафсир билан шуғулланадиган шахс соф эътиқодли бўлиши керак.
Иккинчи шарт: Ҳавойи нафсга эргашишдан холи бўлиши керак.
Учинчи шарт: Араб тилини ўта яхши билмоқ. Бу ҳеч қандай изоҳга ўрин қолдирмайдиган шартдир.
Тўртинчи шарт: Қуръони Каримга боғлиқ илмларни яхши билмоқлик. Жумладан, қироатлар илми, илми тавҳид, илми сабаби нузул, илми носих ва мансух, илми ом ва хос, илми муташобиҳ ва бошқа бир қанча илмлар шу илмлар сирасига киради.
Бешинчи шарт: Аввало Қуръонни Қуръон билан тафсир қилмоғи шарт.
Олтинчи шарт: Қуръони Каримни Суннати мутоҳҳара билан тафсир қилмоқ.
Еттинчи шарт: Тафсирни Қуръони Каримнинг ўзидан ёки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларидан топмаса, саҳобаларнинг гапларига қайтмоқ.
Саккизинчи шарт: Агар тафсирни юқорида зикр қилинган масдарлардан бирортасида ҳам топа олмаса, тобеъинларнинг тафсирига қайтиш.
Тўққизинчи шарт: Ўткир фаҳмли бўлмоқ. Бу сифат бир маънони иккинчисидан устун қўя билиш ва шариат мақсадларига мос маъноларни истинбот қилиш учун керак бўлади.
Уламоларимиз муфассир бўлишдек улуғ бахтга эришиш учун ўзига яраша одобларга ҳам эга бўлишни шарт қилиб қўйганлар. Мазкур одоблар қуйидагилардан иборат:
1. Яхши ниятли ва соғлом мақсадли бўлмоқ. Муфассир фақат Аллоҳ таолонинг розилигини ва охират савобини ҳамда дину диёнат равнағини ўйлаб иш қилмоғи лозим. Орага бошқа ғаразлар аралашса бўлмайди.
2. Ҳусни хулқли бўлмоқ. Албатта, Қуръони Каримга боғлиқ одам қуръоний ахлоқ-одобларга эга бўлмоғи лозим. Бўлмаса унинг қилган тафсиридан не фойда бор?
3. Илмига амал қилмоқ. Амалсиз илм бефойда экани ҳаммага маълум. Бу нарса Аллоҳ таолонинг Китобига боғлиқ бўлганда яна ҳам ўзгача маъно касб этиши турган гап.
4. Маъноларни нақл қилишда содиқ ва аниқ бўлиш. Муфассир ўзи аниқ ишониб етган маъноларнигина гапирмоғи ёки ёзмоғи керак. Акс ҳолда гаплар бир-бирига аралашиб, ноаниқлик юзага келиши мумкин.
5. Иззатини билмоқлик. Муфассир ўзини хор қилмаслиги, пастга урмаслиги лозим. У турли бўлмағур ишлардан, бошқаларнинг ҳузурида ўзини паст тутишдан сақланмоғи керак.
6. Ҳақгўй бўлмоқ. Аллоҳ таолонинг каломида ҳақгўй бўлмаса, нимада ҳам ҳақгўй бўлиши мумкин?
7. Виқорли бўлмоқ. Муфассир юриш-туришда, ҳаракату саканотда виқорли бўлиб, ташқи кўринишида ҳам ҳайбат касб қилмоғи лозим.
8. Тавозеъли ва ҳалим бўлмоқ. Агар бу сифатлар бўлмаса, одамлар унинг илмидан фойда олишлари қийин бўлади.
9. Оғир-босиқ ва салмоқли бўлмоқ. Муфассир тасарруфотларида ва гап-сўзида шошмасдан, аниқлик ва босиқлик билан тасарруф қилмоғи керак.
10. Пешқадам олимларни ўзидан устун қўймоқ. Ўзидан кўра пешқадам бўлган олимларнинг ҳурмат-эътиборини жойига қўя олган кишигина ҳақиқий муфассир бўла олади.
Шу билан бирга, маънолар таржимасига қўшимча шартлар ҳам қўйилди. Улардан баъзилари қуйидагилар:
1. Таржимон араб тилини ўта яхши билиши билан бирга, таржима қилинаётган тилни ҳам жуда яхши билиши шартлиги.
2. Таржимани «Қуръон таржимаси» эмас, балки «Қуръони Карим маънолари таржимаси» деб аташ ва тушуниш лозимлиги. Чунки Қуръони Каримни айни ўзидек таржима қилиш умуман иложи йўқ нарсадир. Нафақат таржима, балки араб тилида ҳам Қуръони Каримнинг комил матни у ёқда турсин-у, бирор оятига ўхшаш матнни келтириш ҳам амримаҳол экани собит ҳақиқатдир.
3. Мазкур маънолар таржимасидан фақат Қуръони Карим маъноларини тушунишдаги ёрдамчи омил сифатида фойдаланиш мумкинлиги. У маънолар таржимасини ибодатда қироат қилиш, улардан ҳукм чиқаришга ҳаракат қилиш, таржималар атрофида ихтилофлар қилиш мутлақо мумкин эмаслиги.
4. Қуръони Карим маънолари таржимасини ёзганда албатта арабча оятлар билан бирга ёзиш шарт. Биринчидан, асл матннинг қудсияти балқиб туради. Қолаверса, таржиманинг аниқлигини ҳар доим текшириш имкони бўлади.
Ҳаммамиз динимизнинг асл манбаи бўлган Қуръони Каримга оид бу маълумотларни ўзимизга яхшилаб сингдириб олишимиз шарт.
("Зикр аҳлидан сўранг" китоби.)