80 йиллик ибодат

22:57 / 20.06.2020 | Muxammad sodiq | 1726

Ассалому алайкум! Инсон 1 соат илм ўрганиш билан банд бўлса ёки дарс қилса (Қуръон, тажвид, сура ёдлаш каби) 80 йиллик ибодатнинг савоби ёзиладими? Шу тўғрида ҳадис борми?

Одинахон Муҳаммад Юсуф:

– Ва алайкум ассалом! 103. Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши зикр қилинди: бири обид, бошқаси олим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Олимнинг обиддан афзаллиги худди менинг сизнинг энг кичигингиздан афзаллигимга ўхшайди», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига Саловот айтадилар», дедилар».
Ислом назарида олим билан обид орасидаги фарқ шунчалик бўлса, энди олим билан оддий одам ўртасидаги фарқ қанчалик бўлишини билиб олаверинг.
Шунинг учун ҳам ўшандай фазлга эга бўлишни хоҳлаган киши диний илмларни эгаллаб, олим бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. диний илмларни эгаллаган мусулмон олимлар пайғамбарларнинг меросхўрлари эканлиги аввал ўрганган ҳадисларимизнинг бирида айтиб ўтилган эди. Энди эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энг кичик саҳобийдан қанчалик афзал бўлсалар, диний илмлар олимининг обид кишилардан шунчалар афзал эканликлари баён қилинмоқда. Бунда эса диний илмларни ўрганишга катта тарғиб бор. Чунки ҳар бир жамиятгина эмас, балки бутун инсоният исломий илмларни яхши билган олимларга жуда ҳам муҳтож. Аллоҳнинг каломини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини, шариатимиз таълимотларини кишиларга етказишда ана ўша олимлар зарурдирлар. Инсониятга Ислом ҳидоятини таништириш, мусулмонларга шариат аҳкомларини баён қилиш, ҳалолни ҳаромдан, гуноҳни савобдан, яхшини ёмондан ажратиш йўлларини кўрсатиш учун мусулмон уламолар керакдир.
Шунинг учун ҳам уларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрлари, умматимизнинг гултожлари деб қаралади. (Ҳадис ва ҳаёт.) Валлоҳу аълам!