“Ихлос” сураси

12:22 / 04.07.2020 | Samandar | 1314
Ассалому алайкум! “Ихлос” сурасининг фазилатлари ҳақида ҳадислар келганми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! 

«ИХЛОС» СУРАСИ

Маккада нозил бўлган. 4 оятдан иборат.

Мушриклар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Бизга Роббингни сифатлаб бер, насабини баён қилиб бер», деганларида, Аллоҳ таолонинг Ўзи «Ихлос» сурасини нозил қилиб, жавоб берган.

Бу суранинг «Ихлос» деб номланганининг сабаби шуки, унда Аллоҳ таоло бандаларини фақат Ўзигагина ибодат қилишга, Ўзигагина юзланишга, ихлос қилишга ундагандир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларидан бирида: «Ихлос» сураси Қуръоннинг учдан бирига тўғри келади», – деганлар.

Чунки Қуръони Каримнинг асосий мақсади учга бўлинади:

а) Аллоҳнинг тавҳиди, ягоналиги исботи ва ақийдани тузатиш.

б) Ибрат, ислоҳ ва ўрнак олиш учун келтирилган қиссалар.

в) Шариат ҳукмлари.

«Ихлос» сураси ушбу нарсаларнинг биринчи қисмини ўз ичига олган.

  

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ

«Ихлос» 1. Айт: «У – Аллоҳ ягонадир.

Ҳа, эй Пайғамбар, ҳаммага айт! Аллоҳ таоло биттадир, ягонадир.

– Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зоти биттадир, ягонадир. Бош­қа бир илоҳ йўқдир.

– Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг сифати ягонадир. У Зотнинг сифатлари билан ҳеч бир нарса сифатлана олмайди.

– У Ўзининг ўхшаши йўқлиги бўйича ҳам ягонадир.

– Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло амалларида ҳам биттадир, ягонадир. Унинг амалларини ҳеч ким қила олмайди.

Аллоҳ таолонинг ваҳдонияти Исломнинг асосий ақийдасидир. Эътиқод қилиниши лозим бўлган бошқа нарсалар ҳам Аллоҳ таолонинг ваҳдонияти асосида бўлади.

Аввалги оятда Аллоҳ таолонинг ваҳдоният сифати зикр қилинганидан кейин, энди У Олий Зотнинг сомадият сифати зикр қилинади.

ﭖ ﭗ ﭘ

«Ихлос» 2. Аллоҳ Сомаддир.

«Сомад» сифати кўп маъноларни ўз ичига олади:

– итоат қилинган, улуғ – Усиз ҳеч бир иш битмайди;

– ҳеч кимга ҳожати тушмайди, барчанинг ҳожати Унга тушади;

– бутун махлуқот битиб, тугаса ҳам, Ўзи доим боқийдир ва ҳоказо.

Кўриб турибмизки, биттагина «сомад» сўзи қанчалар маънони ўз ичига олган. Араб тили ана шундай кенг имкониятларга эга бўлгани учун ҳам, Аллоҳ таоло Ўзининг охирги каломини ўша тилда нозил қилишни ирода қилган.

ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ

«Ихлос» 3. У туғмаган ва туғилмаган.

Яъни Унинг фарзанди ҳам, ота-онаси ҳам йўқ.

Чунки туғиш, туғилиш бандаларга хос, Аллоҳ таолога нисбатан эса бу сифатлар тўғри келмайди.

Бу оятда кўпгина бузуқ эътиқодларга раддия бор, жумладан:

– мушрикларнинг «Фаришталар Аллоҳнинг қизларидир» деган эътиқодига;

– яҳудийларнинг «Узайр Аллоҳнинг ўғлидир» деган эътиқодига;

– насороларнинг «Ийсо Аллоҳнинг ўғлидир» деган эътиқодига;

– туғилиб ўсган нарсаларни, хусусан, ҳайвон ёки одамларни илоҳ деб эътиқод қилувчи барча тоифаларнинг эътиқодларига.

ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ

«Ихлос» 4. Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган».

Ҳа, Аллоҳ таолога бирор зот на зотида, на сифатида ва на аъмолида тенг бўлган эмас, бўлолмайди ҳам.

Қуръон ана шундай қилиб, Аллоҳ таолони камолот сифатлари ила сифатлайди. Исломда Аллоҳ таоло барча нуқсон ва айблардан поклаб ёд этилади. Чунки Ислом ақийдаси Аллоҳ таолонинг Ўзи томонидан жорий этилган ақийдадир. Бошқа ақийдаларга ўхшаб, одамлар хаёлларига келган нарсани тўқиб олган ақийда эмасдир.

Баъзи уламоларимиз «Ихлос» сураси ҳақида қуйидаги умумий мулоҳазани қилганлар: «Ушбу сураи карима тўрт оятдан иборатдир. У жуда ҳам мўъжаз ва жуда ҳам мўъжиза бўлиб келгандир. У Аллоҳ таолонинг жамоли ва камолини очиқлаб келгандир. У Аллоҳ таолони барча ожизлик ва нуқсон сифатларидан поклаб келгандир.

Унинг биринчи ояти ваҳдониятни исбот қилиб, кўпададликни рад қилгандир.

«Айт: «У – Аллоҳ ягонадир».

Унинг иккинчи ояти Аллоҳ таолонинг камолини исбот қилиб, ожизлик ва нуқсонини рад қилгандир.

«Аллоҳ Сомаддир».

Унинг учинчи ояти Аллоҳ таолонинг азаллиги ва боқийлигини исбот қилиб, зурриёти ва наслининг борлигини рад қилгандир.

«У туғмаган ва туғилмаган».

Унинг тўртинчи ояти Аллоҳ таолонинг азаматини ва улуғворлигини исбот қилиб, тенги ва зидди борлигини рад қилгандир.

«Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган».

Бас, бу сура жамол ва камол сифатларининг исботидир. У Роббни нуқсонлардан поклашнинг энг олий суратидир.

Имом Бухорий Оиша онамиздан ривоят қиладилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини топшириқ билан бир гуруҳ қуролли кишиларга бошлиқ қилиб юбордилар. У биродарларига имом бўлиб, қачон намоз ўқишса, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқийверибди. Қайтиб келганларида буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишган экан, у киши:

– Сўранглар-чи, нима учун шундай қилибди? – дедилар. Сўрашса, у киши:

– Чунки бу сура Роҳманнинг сифати ва мен уни ўқишни яхши кўраман, – дебди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Унга «Аллоҳ сени яхши кўради», деб хабар беринглар, – дедилар».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Ким «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни охиригача ўн марта ўқиса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан бир қаср қуради».

Имом Термизий қилган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан юриб борар эдим. Ул зот бир одамнинг «Қул ҳуваллоҳу аҳад. Аллоҳус Сомад», деб қироат қилаётганини эшитиб,

– Вожиб бўлди, – дедилар.

– Эй Аллоҳнинг Расули, нима вожиб бўлди? – дедим.

– Жаннат, – дедилар».

Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ким «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ҳар куни икки юз марта қироат қилса, эллик йиллик гуноҳлари ўчирилади, қарзи бўлса мустасно...» дейилган.

Имом Аҳмад Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ким «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн марта ўқиса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади», дейилган.

Имом Насаий Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан, у киши ўз оталаридан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:

«Бир куни ёмғир ва зулматда қолиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизга намозга ўтишларига интизор бўлдик. Бас, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқдилар ва:

– Айт, – дедилар.

– Нимани айтаман? – дедим.

– Ҳар кеч ва ҳар тонгда уч марта «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ва икки «Қул аъузу»ни ўқисанг, ҳар бир нарсага кифоя қилади, – дедилар».