Калтакесак

03:32 / 04.07.2020 | томчи | 5257
Ассалому алайкум! Илтимос шу гапни чуқурроқ изоҳлаб беринг. "Калтакесакни ўлдиринглар, чунки у Иброҳимга ўт пуркаган эди" Яна Иброҳим ўтга ташланган вақтларида барча жонзот ёрдамга келган, фақатгина калтакесак ўт пуфлаган. Савол: Калтакесакни ўлдириш мажбурийми, ўлдирмасак гуноҳкор бўлмаймизми. Дала ҳовлимизда калтакесак кўп учрайди. Мен уларга озор беролмайман. Ҳаттоки уйга кириб қолса, уларга ёрдам деб, тутиб, очиқ жойга қўйиб юбораман. Бу ҳолат бир неча марта такрорланган. Уларни атрофимдаги инсонларга ҳам ўлдиртирмайман. Яна бундай холатларда қандай йўл тутай. Ўлдириша ҳеч хам қўлим бормайди. Жавобингиз учун раҳмат.
Одинахон Муҳаммад Юсуф:

– Ва алайкум ассалом! 

Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам калтакесакни ўлдиришга амр қилдилар ва уни фосиқча деб номладилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан калтакесак хосиятсиз ҳайвон эканлигини тушуниб оламиз. Ҳақиқатан, ҳамма жойларда ҳам, ҳамма халқларда ҳам бу ҳайвон ҳақида бирор оғиз яхши гап айтилмаган бўлса керак. 

Имом Бухорий ривоят қилган бошқа бир ҳадисда:

«Калтакесакни ўлдиринглар! Чунки у Иброҳимга (ўт) пуфлаган эди», дейилган.

 

2191. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким калтакесакни бир уришда ўлдирса, унга бунча савоб. Ким уни икки уришда ўлдирса, унга бунча савоб, биринчидан озроқ. Ким уни уч уришда ўлдирса, унга бунча савоб, иккинчидан озроқ», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ривоят эса ўзидан олдингисини яна ҳам таъкидлаб келмоқда. Валлоҳу аълам!