Ассалому алайкум! Дугонам номидан ёзяпман. Биз университетда ўқиймиз. Ўқиб юрган пайтларимизда дугонам бир курсдошимиз билан бир-бирларига кўнгил қўйдилар. Дугонам айтиши бўйича йигит унга кòп вадалар берган экан. Йигит қизни уйига чақирар экан. Улар кўп гуноҳ, беҳаё ишлар қилишибди, зинога боришмаган экан. Ҳозир улар ажралиб кетган. Дугонам қилган ишларидан жуда пушаймон эканлигини йиғлаб айтиб берди. Ўқийдиган намози ҳам уни тўхтата олмаганини, шайтонни изнига осонгина тушиб қолганини айтиб бериб, жуда афсусланди. Астойдил тавба қилибди. Мен унга фарзанднинг гуноҳлари учун ҳам ота жавоб беришини айтдим. Агар дугонам астойдил тавба қилса ҳам ота-онаси уни деб жазоланадими?
– Ва алайкум ассалом! Бировнинг гуноҳи учун бошқанинг жазоланиши шариатда йўқ. Қуръони каримда ҳар бир жон ўзи учун жавобгар бўлиши, бошқаларнинг гуноҳини олмаслиги ҳақида оятлар келган. Сиз бу гапни қаердан олиб гапирдингиз ўзи? Фақатгина ота-она фарзанд тарбиясига қасддан эътибор қилмаган бўлса, тарбия бермагани учун жавобгар бўлади. Қиз тавба қилиб, ўзини ислоҳ қилсин! Валлоҳу аълам!