– Ва алайкум ассалом!
Маҳр ва унинг ҳукмлари
«Маҳр» ақди никоҳ ёки эр‑хотинлик қилиш баробарида аёл ҳақдор бўладиган нарсанинг исмидир.
Маҳр турли номлар билан номланади. Қуръони Каримда унга нисбатан «садоқ», «садақа», «ажр», «фарийза», «ниҳла» исмлари ишлатилган. Бизда маҳрнинг ўрнига «қалин», «сут пули» каби иборалар қўлланади.
Баъзи уламолар: «Маҳрнинг ўнта исми бор», деганлар. Бизда «маҳр» исми машҳур бўлганлиги учун шу исмни қўллашни маъқул кўрдик.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагича марҳамат қилади:
«Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг» (4‑оят).
Ушбу ояти карима эрга маҳр бериш вожиб эканини англатувчи тўртта ояти каримадан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан маҳр бериш вожиб бўлади, агар қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам.
Берилганда ҳам, куёв томонидан чин қалбдан чиқариб берилиши талаб этилади ва маҳр келиннинг шахсий мулки бўлади. Бу шаръий ҳукм келинларни ҳурматлаш, тақдирлаш ва эркалашнинг муҳим бир кўринишидир.
Маҳр бериш фарз амал ҳисобланади. Ҳатто шундайки, келин-куёв ўзаро келишиб, иккимиз ҳам розимиз, бу ҳукмга амал қилмай қўяверамиз, дейишга ҳам имконлари йўқ. Агар билимсизлик оқибатида ёки бошқа сабабларга кўра маҳр белгиланмай, никоҳланиб кетган бўлсалар ҳам, кейин барибир маҳр берилиши керак. Ҳаттоки, эр маҳрни беришдан олдин вафот этиб қолса ҳам, меросхўрлари маҳрни адо этишлари лозим бўлади.
Ушбу оятда эр ўзига хотин бўлишга рози бўлган аёлга маҳрни оғриниб эмас, чин кўнгилдан чиқариб бериши лозимлиги уқтирилмоқда ва маҳр келиннинг ўз мулкига айланишига ҳам ишора қилинмоқда.
Аёл маҳрни олганидан кейин нима қилса, ўзи билади. Жумладан, ушбу оятда зикр қилинганидек, эрига қайтариб берса ҳам ўзининг иши.
Агар келин ўз ихтиёри билан рози бўлиб эрининг берган маҳрининг ҳаммасини ёки бир қисмини қайтариб берса, эр уни бемалол олиб, тасарруф қилса бўлаверади.
(“"Бахтиёр оила" китобидан.)
Эрта маҳрни олишдан аввал аёл жинсий яқинликни ва ўзининг сафарга олиб чиқилишини ман қилишга ҳақли. Агар ўз розилиги билан бўлган яқинликдан кейин ман қилса ҳам, жоиз. Бу ҳолатда унинг нафақаси соқит бўлмайди.
Яъни, маҳрини ўз вақтида берилмаганига норози бўлиб, куёвни ўзига яқинлаштирмаётган келиннинг нафақаси эрга вожиб бўлиб тураверади. Эр: «Хотиним мени ўзига яқинлаштирмаяпти, шунинг учун унинг нафақасини бермайман», дейишга ҳақли эмас.
Шунингдек, у эрнинг изнисиз ҳожат юзасидан сафар қилишга ва ташқарига чиқишга ҳақли. Маҳрни вақтида бермаган эр аёлни бу нарсалар-дан ман қилишга ҳақли бўлмайди.
Аёл эрта маҳрни олганидан кейин уни бошқа ёққа олиб кетса, бўлади. Уни сафарга олиб кетмайди, деганлар ҳам бор ва фатво шунга берилган.
Уламолар «Эрта маҳрни ёки тўла маҳрни бергандан кейин эр хотиннинг розилигисиз уни бошқа юртга олиб кетса бўладими, йўқми?» деган масала-да турли гапларни айтганлар. «Олиб кетиши мумкин эмас», деганлар кўпроқ замоннинг фасодини эътиборга олганлар. «Олиб кетиши мумкин», деганлар Аллоҳ таолонинг «У (аёл)ларга ўзингиз яшаб турган жойдан имконингиз борича жой беринг», деган қавлини далил қилиб келтирган-лар. Мана шуниси тўғри.
Агар эр унга бир нарса юборган бўлса-ю, хотин уни «ҳадя» деса, эр «маҳр» деса, эрнинг гапи қабул бўлади. Илло, емоқ учун тайёрланган нарсада унинг гапи қабул қилинмайди. ("Кифоя" китобидан.)
Валлоҳу аълам!