Ва алайкум ассалом. Ҳомила ҳолида қўйилган талоқ тушади. Валлоҳу аълам.
«Талоқ» 4. Аёлларингиздан ҳайздан ноумид бўлганларининг иддаси, агар шубҳангиз бўлса, уч ойдир. Ҳайз кўрмаганлариники ҳам. Ҳомиладорларнинг иддаси ҳомилаларини қўймоқликдир. Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг ишида осонлик қилиб берадир.
«Талоқ» 5. Булар Аллоҳнинг сизга нозил қилган амридир. Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг гуноҳларини кечирур ва ажрини буюк қилиб берур.
Аввалги оят тафсирида ҳайз кўрадиган аёлларнинг иддаси уч марта ҳайз кўриб, ундан покланишлари эканини билган эдик. Аммо ҳамма аёллар ҳам ҳайз кўравермайдилар.
«Аёлларингиздан ҳайздан ноумид бўлганларининг иддаси, агар шубҳангиз бўлса, уч ойдир».
Ёши улуғлиги боис ҳайз кўришдан тўхтаган аёлларни Қуръони Карим «ҳайздан ноумид бўлганлар» деб атаяпти. Бундай аёл талоқ қилинса, ушбу оятдан маълум бўляптики, уч ой идда ўтирар экан.
«Ҳайз кўрмаганлариники ҳам».
Ёшлари кичиклиги туфайли ҳайз кўрмайдиганлар ҳам уч ой идда ўтирадилар.
Ҳайз кўрмайдиган аёлларнинг учинчи тоифаси ҳомиладорлардир.
«Ҳомиладорларнинг иддаси ҳомилаларини қўймоқликдир».
Ундай аёллар талоқ қилинсалар, ҳомилаларини туғишлари билан иддалари чиқади.
Талоқ, идда ва уларга тегишли бошқа масалалар оилавий ажралишларга боғлиқ бўлгани учун, уларда бир-бирига зулм қилиш эҳтимоли кўп. Шунинг учун ҳам бу масалага оид оятларда Аллоҳ таоло қайта-қайта тақвога чақиради.
«Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг ишида осонлик қилиб берадир. Булар Аллоҳнинг сизга нозил қилган амридир. Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг гуноҳларини кечирур ва ажрини буюк қилиб берур».
("Тафсири Ҳилол" китобидан)