Ассалому алайкум! «Муддассир» сурасининг 18 -19 оятларида Аллоҳ таоло:
18. Албатта у тафаккур қилди ва чамалаб кўрди.
19. Лаънат бўлсин унга қандоқ ҳам чамалаб кўрди!.» дeб марҳамат қилган оятидаги «лаънатланган» «чамалаб кўрганлар» ҳақида тушунтириб бeрсангиз, илтимос
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
18. Албатта, у тафаккур қилди ва чамалаб кўрди.
Яъни, ўша кофир, фожир, осий кимса Пайғамбар ҳақида, Қуръон ҳақида нима десам экан, деб фикр юритди, чамалаб кўрди. Ичида айтадиган гапини тайёрлади. Қандоқ қилиб таъна етказишни режалади.
Ушбу хабардан кейин Аллоҳ таоло ўша кофир, фожирни дуоибад қилади.
19. Лаънат бўлсин унга, қандоқ ҳам чамалади!
Яъни, Аллоҳ таоло уни Ўз раҳматидан узоқ қилсин, хор қилсин, ҳалок қилсин, қандоқ ҳам ёмон нарсаларни чамалади.
Чамалаб кўрганлар Қуръон ва Пайғамбарга, Ислом динига бўҳтон тоши отишни, таъна қилишни режалаштирган ҳар бир малъун шахсдир.
Валлоҳу аълам!.