Ассалому алайкум! Турмуш ўртоғим чет элда ўқийдилар. 1 ярим йилдан бери Хоразмда қайнона-қайнотам ва балоғатга етган қайинукам билан яшайман. Шу муддат давомида асоссиз ота уйимга юборишмади. Улар Тошкентда яшашади. Қайнонам эрталабдан кечгача ишдалар. Уйда фақат қайнотам ва қайинукам билан яшаймиз. Яқинда турмуш ўртоғимдан Тошкентга боришимни ва 1 ёки 2 ҳафта улар билан яшашимни сўраган эдим. Турмуш ўртоғим "фақат онам билан борасиз ва катта укам билан яшайсиз, уйингизга эрталаб бориб аср вақти қайтасиз" дедилар. Ота уйимга тез-тез меҳмонлар келади, бу эса турмуш ўртоғимга ёқмас экан ва номаҳрамлар мени кўриши мумкин экан. Турмуш ўртоғим йўқ бўла туриб, мен балоғатга етган қайинукаларим билан яшашим жоизми? Ва турмуш ўртоғимни айтаётган сабаб асослими?
– Ва алайкум ассалом! Қайинукалар билан яшаганда шаръий чегарани ушлаш имкони бўлса, мисол учун сатр аврат қилишга, фитна эҳтимоли бўлмаса улар билан бир жойда истиқомат қилиш жоиз бўлади. Ота-онангизни ҳафтада бир бор кўриб туришга ҳаққингиз бор. Масофа узоқ бўлса, йилда бир борганда, кўпроқ туриш мумкин. Турмуш ўртоғингиз ота-она ҳаққини ҳам ҳисобга олиш керак. Номаҳрамлардан рашк қилишга ҳаққи бор, аммо бу зиёратни ман қилмаслиги керак. Уларга кўринмасликни талаб қилса етарли ва бунинг имкони бор. Валлоҳу аълам!