– Ва алайкум ассалом!
2 марта.
Абу Довуд, Ибн Можа ва Доримий келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни намозга тўплаш учун занг чалишга амр қилганларида кечаси туш кўрдим. Олдимга занг кўтарган бир одам келди. Мен унга:
«Эй Аллоҳнинг бандаси, зангни сотасанми?» дедим.
«Бу билан нима қиласан?» деди у.
«У билан намозга чақирамиз», дедим.
«Сени бундан яхшироқ нарсага далолат қилайми?» деди.
«Ҳа», дедим.
«Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар,
Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар,
Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ,
Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ,
Ашҳаду анна Муҳаммадар-Расулуллоҳ,
Ашҳаду анна Муҳаммадар-Расулуллоҳ,
Ҳайя ъалас солаҳ, Ҳайя ъалас-солаҳ,
Ҳайя ъалал фалаҳ, Ҳайя ъалал фалаҳ,
Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар,
Лаа илааҳа иллаллоҳ», дейсан», деди.
Тонг отиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, кўрган тушимни айтиб бердим. Ул зот:
«Иншааллоҳ, бу ҳақ туш. Билолнинг ёнида туриб, кўрганингни айтиб бериб тур, у азон айтсин, унинг овози сеникидан кучли», дедилар.
Мен Билол билан туриб, унга айтиб бериб турдим, у азон айтди. Буни уйида туриб эшитган Умар ибн Хаттоб ридосини судраб югуриб чиқди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, мен ҳам шунга ўхшаш туш кўрдим», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!» дедилар».
("Кифоя" китобидан )
Валлоҳу аълам!